1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ҳалол ва ҳаром нарсалар

05:00 / 17.02.2017 5179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билинг, ҳалолни талаб этиш ҳар бир мусулмонга фарз. Аксари жоҳиллар ҳалол йўқ, деб даъво этадилар. Улар ҳалолдан фақат Фрот дарёсининг суви ва ўт-ўланлар қолди, холос, деб айтишади. Бундан бошқасини бузуқ маълумотлар фасод этди, деб сўзлашади. Вақтики, бу ҳол уларга воқеъ бўлиб қолса ва озиқ-овқатга муҳтож бўлиб қолганларини билишса, дарҳол шубҳа ва ҳаром доирасини кенгайтирадилар. Бу билимсизлик ва нодонликдир. Дарҳақиқат, Имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Нуъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Ҳалол очиқ-ойдин, ҳаром аниқ-равшан, уларнинг ўртасида ҳалол ва ҳаромга ўхшашлари мавжуд».

Ана шу жоҳилларнинг бу даъволари бидъатдан бўлиб, унинг зарари оммалашди, диндаги ёмонлиги ҳар тарафга тарқалди. Ҳалол билан ҳаромни ва ўртасидаги ўхшашларни ажратишни билиш орқали бидъат фасодини фош этиш вожиб.
Биз буни бир қанча қисмларда равшан баён этамиз.
Биринчи қисм. Ҳалолни талаб этиш фазилати ва ҳаромни қоралаш, ҳалол ва ҳаромнинг даражалари ҳақида сўз юритиларкан, Аллоҳ таоло хабар бериб айтади: «Эй расуллур! Ҳалол нарсалардан енглар ва амали солиҳ этинглар, албатта Мен қилган амалларингизни билгувчиман» (Мўминун сураси, 51-оят).
Бу оятдаги «тоййибот» – яхши нарсадан мурод ҳалол нарсалардир. Бас, Аллоҳ таоло солиҳ амал этишдан олдин ҳалол нарса тановул этишга амр этади. Аллоҳ таоло ҳаромни қоралаб бундай дейди: «Ўрталарингизда мол-дунёларингизни ботил йўллар билан еманглар» (Бақара сураси, 188-оят). Ҳаромни ёмонлаган бошқа бир қатор оятлар мавжуд. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Аллоҳ яхши ва фақат яхши нарсани қабул этади». Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Сўнг сафари чўзилган, сочлари чанг ва тўзиган, қўлларини осмонга чўзиб: «Ё Аллоҳ, Ё Аллоҳ», дейди. Унинг таоми ҳаромдан, суви ҳаромдан, либоси ҳаромдан, ҳаром билан ғизоланган. Қандай қилиб унинг дуолари мустажоб бўлиши мумкин?» Имом Муслим ривоятлари. Бу мавзуда бошқа ҳадислар ҳам ривоят этилган. Нақл этилишича, Саъд бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуоларининг Аллоҳ ҳузурида мустажоб бўлишини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Таомингни ҳалол этсанг, дуоларинг мустажоб бўлади». Ибн Ироқий бу ҳадисни аниқлаб, Имом Табароний ўзининг «Авсат»ида Ибн Аббосдан ривоят этган, деб айтди.
Салафи солиҳлар ҳалол ризққа кўп аҳамият бериб, унга кўп диққат-эътибор қилганлар. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳунинг шубҳали бир нарсани еб, сўнг уни қайт қилиб ташлаганлари маълум. (Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ еган таомлари коҳинларнинг ҳаром ва ёмон таомидан эди… – тарж.)

Ҳалол ва ҳаромнинг даражалари

Билинг! Дарҳақиқат, ҳалолнинг барчаси яхшидир, лекин баъзиси баъзисидан яхшироқдир. Чунки ҳаромнинг ҳаммаси ёмон, аммо унинг баъзиси баъзисидан ёмонроқдир. Чиндан ҳам табиб барча ширин нарсада иссиқ бор, деб ҳукм этганга ўхшайди. Аммо у: «Бу биринчи даражали иссиқ, мана буниси иккинчи даражали, бу эса учинчи даражали иссиқ», деб айтади. Бунга мисол қилиб нотўғри бўлган савдо шартномасини олса бўлади. Бу ҳаром, лекин унинг даражаси зўравонлик йўли билан бир нарсани босиб олишлик даражасида бўлмайди. Балки босиб олишликнинг ҳаромлиги улкан. Бунда ўзгаларга азият мавжуд. Касб-ҳунарда шариат йўлини тарк этишдир. Нотўғри савдо битимларида фақат Аллоҳга бандалик этиш йўли тарк этилган, холос.
Шу каби камбағал ё солиҳ киши ёки етимдан зулм билан тортиб олинган нарса ҳам кучли ё бой-бадавлат ёки фосиқдан тортиб олинганга нисбатан энг ёмон ва жуда даҳшатли бўлиб ҳисобланади.

ФАСЛ

Парҳезкорликда тўрт даража мавжуд:
1. Фатво тақозоси билан ҳаром этилган барча нарсадан қайтиш. Бу бирон-бир мисолга муҳтож эмас.
2. Четланиш вожиб бўлмаган, аммо мустаҳаб бўлган ҳамма шубҳали нарсалардан парҳез этиш. Бунинг зикри, иншааллоҳ, шубҳали нарсалар қисмида келади. Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Сенга гумонли бўлганнинг ўрнига шубҳасизини қўй». Имом Насаий, Термизий ва Ҳоким ривоят этишган.
3. Ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб баъзи ҳалоллардан парҳез этиш.
4. Аллоҳ учун бўлмаган барча нарсадан парҳезда бўлиш. Бу Аллоҳга содиқ бўлганларнинг парҳези. Бунга мисол тариқасида қуйидаги ривоятни келтирамиз: Яҳё ибн Яҳё Найсабурий дори ичадилар. Шунда у кишининг хотинлари: «Ҳовлига чиқиб бир оз юрсангиз, дори таъсир этади», деб айтади. Унга жавобан: «Мен бундай юришни билмайман, ўттиз йилдан бери ўзимни ҳисоб-китоб этаман». Бу инсонга юришда дин билан боғлиқ бўлган ният ҳозир бўлмади ва ҳовлида юрмади. Бу парҳезнинг нозик томонларидандир.
Ҳақиқатан олиб қараганда, парҳез этишнинг аввали ва ғояси бор. Уларнинг ўртасида эҳтиёт бўлиш даражалари мавжуд. Инсон ҳар вақт қаттиқроқ эҳтиёткор бўлса, сирот кўпригидан тезроқ ўтади, ҳисоби ҳам енгилроқ кечади. Охиратда жаннат манзилларининг турлилиги парҳез даражаларининг тафовутига кўра бўлади. Чунончи, зулм этишда ҳаромнинг даражасига қараб оташи дўзах ҳам шу тахлитда бўлади. Агар хоҳласангиз, кўпроқ эҳтиёт бўлинг, истасангиз, ўзингизга рухсат этинг. Ўзингизга ҳар доим эҳтиёт бўлинг. Нафс жиловини бўш қўйманг.

Шубҳалар даражаси ҳамда уларни ҳалол ва ҳаромдан ажратиш ҳақида

Саҳобий Нуъмон ибн Башир ривоят этган ҳадиси муборак уч қисмдан иборат – ҳалол, ҳаром ва улар ўртасидаги ўхшашликларга далолат этади. Бу уч қисм ичида ишкали ҳам мавжуд – бу ўртача даражада бўлиб, кўп одамлар уни билишмайди. Бу шубҳадир.
Биз шубҳа пардасини кашф қилиб бундай деймиз: мутлақи ҳалол унинг зотига айни ўзини ҳаром этадиган бирон сифат боғлиқ бўлмайди ва ҳалолнинг сабабларига уни ҳаром ёки макруҳ этадиган нарсалар ҳам боғланмайди.
Бунга мисол қилиб бир кишининг мулкига – уй жойи ёки ерига тушишидан олдин ёмғирдан сув олган инсонни келтирамиз.
Ҳақиқий ҳаром – унда ҳаром этувчи сифати бор: ҳамр (ичкилик)даги шиддат, пешобдаги нажосатга ўхшаш ёки қайтарилган нарса сабабидан ҳосил бўладиган ҳаром – зулм ва рибо билан ҳосил бўлган ҳаромга ўхшаш. Бу икки мисол зоҳирдир. Бу иккисига ҳолати маълум нарсани қўшиш мумкин, аммо ўзгариши эҳтимол бўлади. Бу ўзгаришга далолат этадиган равшан сабаб йўқ. Дарҳақиқат, қуруқлик ва сувда ов этиш ҳалол, аммо бир овчи кийик ёки балиқ овласа, буни бошқа бир овчи овлаган, кейин ундан қочиб кетганлигини эҳтимол этади. Бу эҳтимол ҳаводан ушлаб олинган ёмғир сувига татбиқ этилмайди. Овдаги бу эҳтимолликнинг топилиши васвасачиларнинг парҳезидир, зеро бу ваҳиманинг ўзи, унга бирон далил йўқ. Агар унга бирон далил бўлса эди, масалан, кийикда биронта куйганга ўхшаш жароҳатни фақат уни ушлаганда топиш мумкин. Бу куйишдан бошқа нарсани ҳам эҳтимол этиш мумкин.
Шубҳанинг чегараси бир-бирига қарама-қарши икки эътиқоддан вужудга келган, икки эътиқод тақозо этган икки нарсадир.
Шубҳанинг мисоллари жуда кўп. Улардан иккитасини айтиб ўтамиз:

1. Ҳалол ёки ҳаром сабабидан шубҳа. Бу тўрт қисмга бўлинади:
Биринчи қисм – ҳалолнинг олдин маълум бўлиши, сўнг ҳалол этилган нарсада шакнинг вужудга келиши. Бундай шубҳадан четланиш вожиб. Бундай шубҳага келиш ҳаром этилган. Мисол учун бир овни кўриб, уни ярадор этди, у сувга қулади. Тасодифан уни ўлик ҳолда топди. Овчи унинг чўкиб ёки жароҳатдан ўлганини билмайди. Бу ҳаром. Чунки асл – ҳаромдир.
Иккинчи қисм – ҳалолни билиш ва ҳаромда шубҳа этиш. Асл ҳалол бўлади ва унга ҳукм этилган. Мисол: бир қуш учса, бир киши: «Агар шу учган қуш қарға бўлса, хотиним талоқ бўлсин», деб айтади. Бошқа бир киши ҳам: «Агар шу учган қуш қарға бўлмаса, хотиним талоқ бўлсин», дейди. Сўнг иш ноаниқ бўлади. Биз ҳар бир хотинда ҳаромни ҳукм этмаймиз. Лекин парҳезга биноан бу иккиси бу ишдан четга чиқиши ва хотинларини талоқ этиши бўлади.
Учинчи қисм – асли ҳаром бўлиши, лекин гумоннинг ғолиблиги билан ҳалолни вожиб этадиган ҳолат вужудга келади. Бу шакли нарса, аммо ҳалоллиги ғолиб. Мисол: овга ўқ отади, ов кўздан ғойиб бўлади, сўнг овни топиб олади. Унда фақат камон ўқининг изи борлигини кўрди. Бу зоҳирда ҳалол. Чунки эҳтимол этиш бирон далилга асосланмаса, у васвасага киради. Аммо у овда урилганлик ёки бошқа жароҳат асари зоҳир бўлса, бу биринчи қисмга шомил бўлади.
Тўртинчи қисм – ҳалоллик маълум бўлиши, лекин шаръан эътиборли сабаб билан гумон ғолиблигида тўсатдан ҳаром бўлади. Мисол: бир кишининг ижтиҳоди бир муаййан аломатга суяниб, гумонсираб икки идишдан бирини нажосатга ҳукм этади. Бас, унда сув ичишни ҳаром этади. Шу каби унда таҳорат олишни ҳам ман этади.

2. Ҳаромга ҳалол аралашиб қолиши, бунда иш шубҳали бўлади. Бу бир неча хил бўлади:
Биринчиси – бир ўлимтик бир ҳалолга ёки ўнта ҳалол сўйилган ва шунга ўхшаш адади маълум нарсага аралашиб қолса, мисоли синглисини бегона аёллар билан шубҳа этиш. Бундай шубҳадан четланиш лозим бўлади.
Иккинчиси – чегараланган ҳаром чекланмаган ҳалолга аралашиб қолиш мисоли. Агар ўз синглиси ёки ўнта эмадиган чақалоқ катта шаҳар аёллари билан шубҳадор бўлса, аҳли ниҳоясида ижтиноб – четланишни лозим топмайди, балки у одам ўша шаҳардаги хоҳлаган хотинга уйланаверади, зеро уларни ҳаром этишда катта машаққат вужудга келади. Шу каби бир киши чиндан ҳам дунё молига ҳаром қатъий аралашганини билади, бу нарса уни бир нарсани сотиб олишдан, еб-ичишдан тўхтата олмайди, чунки сотиб олмаса, ичмаса ва емаса, унга кўп қийинчилик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига одамларнинг ичида рибохўрини билдириб қўйдилар, улар бутунлай дирҳам билан муомала этишни тарк этмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир совут ўғирланди, аммо одамлар совут сотиб олишдан тўхтамадилар. Бундай ҳолларда ижтиноб этиш васваса парҳезидан бўлиб ҳисобланади.
Учинчиси – беадад ҳаром чегарасиз ҳалолга аралашиши. Мисоли: ҳозирги замонимиздаги моллар ҳукми. Бир нарсанинг ўзини олиш бу аралашув билан ҳаром бўлмайди, магар шу муаййан нарсага ҳаромлигича далолат этадиган аломат яқин бўлса, шунда у ҳаромга ҳукм этилади. Мисол учун бир муаййан нарсани золим султон қўлидан қабул этиш. Бас, агар унинг ҳаромлигига аломат бўлмаса ҳам, уни тарк қилиб, ундан парҳез қилади ва уни ҳаром этмайди, зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан кейин хулафои рошидинларнинг замонларида шаробларнинг пули ва риболардан бўлган дирҳамлар, хиёнатли ўлжа-ғаниматлар бошқа молларга аралашиб кетгани маълум эди. Саҳобаи киромлар Мадинани талон-тарож этилганини ва золимларнинг тасарруфотларини ўз кўзлари билан кўрдилар ва бозордан бирон нарса сотиб олишдан ўзларини ман этмадилар. Агар бу тўғри бўлмаганда барча тасарруфотларнинг эшиги албатта беркилиб қоларди. Одамларга фисқ ғолиб бўларди. Лекин моллардаги асл – ҳалолликдир.
Агар аслга бир нарса қарши бўлиб, унга ғолиб бўлса, ғолиблигига эса белги йўқ, у аслга ҳукм этилади, чунончи кўчалардаги лой ва мушрикларнинг идишлари ҳақида айтганимиздек. Халифа Умар розийаллоҳу анҳу насронийнинг кўзасида таҳорат олдилар, ваҳоланки уларнинг ҳамр ичишлари, тўнғиз гўштини истеъмол қилиб ва нажосатдан эҳтироз (сақланиш) этмасликлари маълум эди. Саҳобалар ошланган теридан тикилган пўстин ва бўялган кийимларни кийишарди.
Кимки (кунги) тери ошловчи ва кийим бўёвчиларнинг аҳволини тааммул этса, уларга нажосат ғолиблигини билади. Бу шунга далолат этадики, ҳақиқатда ҳам улар фақатгина кўзга кўринган ёки унинг аломати бор нажосатдангина эҳтироз (сақланиш) этишган. Аммо ваҳмни ҳолат йўлига қайтаришда зарур бўлган гумонга эътибор беришмайди. Агар сўралсаки, улар поклик ишида жуда кенг йўлни тутишади ва ҳаром шубҳаларидан эҳтироз (сақланиш) этадилар. Фарқи нима?
Жавоб бериб бундай деймиз: агар улар нажосат билан намоз ўқийдилар, деб айтишни хоҳласанг, бас, бу ботил. Агар ҳақиқатдан ҳам улар эҳтиёт бўлишлик вожиб бўлган барча нажосатдан эҳтироз (сақланиш) этишади, деб айтишни ирода этсанг, бу тўғри. Аммо шубҳага бўлган парҳезлари уларни офати йўқ нарсадан эҳтиёт бўлишга ва офати бор нарсадан қўрқиш йўлига чорлаган. Инсон нафси мол-дунёга мойил бўлади, нажосатлар хилофи қандай бўлса ҳам. Улар қалбларини ҳалолдан машғул қилиб қўядиган нарсалардан узоқда бўлишарди. Аллоҳ билгувчи.

Ҳалол, ҳаром, баҳс, савол, ҳужум, бепарво бўлиш ва уларнинг манбаалари тўғрисида

Билинг! Агар сизга таом тақдим этилса ё бирор ҳадя берилса ёки бирон-бир нарсани бир шахсдан сотиб олмақчи бўлсангиз, сиз «Мен бу нарсанинг ҳалоллигини билмадим, уни бир текшириб кўришни хоҳлайман», деб айтмайсиз. Шу билан бирга у ҳақдаги текширишни мутлақо тарк ҳам этмайсиз, балки унинг ҳақида бир бор сўрашлик, ҳаромлиги, мақбуллиги ва макруҳлиги борасида бир бор бўлса-да, сўраб-суриштириш вожиб бўлади.
Бу ҳақда Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, савол этишнинг манбаи гумон. Бу мол ёки мол соҳибига тааллуқли бўлган ишдан вужудга келади. Мол соҳибига боғлиқ бўлган нарсаларга мисол: у номаълум киши бўлиши ва унда зулм этишга далолат этадиган бирор белги йўқлиги, масалан, у аскар кийимида бўлиши, унинг солиҳ эмаслигида ҳам далил мавжуд эмаслиги, масалан, унинг устида аҳли илм ва зоҳидлар кийими бўлишига ўхшаш. Бу ҳолатда мол тўғрисида савол этиш вожиб бўлмайди ва жоиз эмас, зеро бунда мусулмон кишининг обрўси поймол этилиб, унга азият берилган бўлади. Бу ҳолда «У одамда шак-шубҳа бор», дейилмайди, зеро шубҳали деб баҳоланган одамда далолат билан гумон ҳосил бўлади. Мисол: шубҳали одам зулмкорлиги, йўлтўсар-қароқчилиги билан маълум бўлган турклар ва саҳройилар хулқида бўлиши. Бундай тоифа билан муомала этиш жоиздир, зеро қўл мулкига далолат этади, яъни мулк турли тоифа шахсларда мавжуд бўлиши мумкин. Бу далиллар заиф, илло бундай ҳолатлардаги муомалаларни тарк этиш – парҳездан.
Мол-мулкка боғлиқ нарсалар хусусида мисол: ҳаром мол ҳалол молга аралашуви, чунончи бозорга босқинчилик орқали қўлга киритилган озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилди ва уни бозор аҳли сотиб олди. Шу шаҳардагиларга бозордан сотиб олган нарсаси тўғрисида сўраб-суриштириш вожиб бўлмайди, магарам қўлларидаги сотиб олган нарсаларининг аксари ҳаром бўлса, шу ҳолда унинг тўғрисида сўраб-суриштириш вожиб бўлади, агар кўпи ҳаромдан бўлмаса, парҳез қилиб суриштириш вожиб бўлмайди. Шу каби ҳалол молига ҳаром аралашган киши ҳақида ҳам шундай деймиз. Мисол: тижоратчи шахс ўз тижоратида тўғри муомала этади ва рибо ҳам аралаштиради. Бунинг аксари моли ҳаромдан бўлган бўлса, сўраб-суриштиргандан сўнгра зиёфатига ижобат этиш ва ҳадясини қабул этиш мумкин бўлади. Агар олган нарсаси ҳалол важҳданлиги зоҳир бўлса, олиши жоиз, бўлмаса, тарк этади. Агар молининг ози ҳаром бўлса, ундан олган нарсаси шубҳали, олмаслиги – парҳездан.
Билинг! Сўраб-суриштириш шубҳаланишдан бўлади. Тақозо этилган гумонсираш бўлмаса, суриштириш ҳам давом этмайди. Сўраб-суриштирилаётган одам муттаҳам бўлмаса, суриштириш ҳам бўлмайди. Агар муттаҳам деб топилса, унинг зиёфатида ҳозир бўлишинг ва ҳадясини қабул этишингда унинг бир ғарази борлигини билсанг, унинг сўзида ишонч йўқлигидан мол-мулки ҳақида бошқа одамдан сўраб-суриштириш лозим бўлади.

Тавба этган шахс молиявий зулмдан қандай хориж бўлади?

Билинг! Чиндан ҳам бир шахс тавба-тазарру этса, унинг қўл остида ҳалол-ҳаром аралашган мол-мулк мавжуд бўлса, у шу молнинг ҳаромларини ажратиб чиқаради. Агар бу ҳаром молни ўзи маълум бўлса, бунинг иши осон кечади. Агар аралашган бўлиб, уни билиш қийин бўлса, масалан, бир-бирига ўхшаган дон-дун, пул, ёғлар каби бўлса ва миқдори маълум бўлмаса, ана шу миқдорини ажратади. Агар бу мушкул бўлса, бунинг икки йўли бор: биринчи – гумони ғолибини олади, иккинчи – ишонч билан олади. Бу парҳездир.
Агар тавба этган шахс ҳаром молни чиқарса ва унинг муаййан эгаси бўлса, унга ёки меросхўрларга бериш вожиб бўлади. Агар бу молда зиёдалик ёки манфаат бўлса, буларнинг барчасини тўплаб эгасига қайтаради. Агар эгасини топишдан ноумид бўлса, ўлганлиги ёки меросхўрлари бор-йўқлигини била олмаса, бас, бу ҳолда у молини садақа этади. Агар бу мол ўлжадан ва мусулмонлар фойдаси учун мўлжалланган моллардан бўлса, буни кўприк ва масжидлар қурилишига, Макка йўлини обод этиш, мусулмонларга фойдали бўлган йўлларга сарфланади.
Масала: агар бир шахснинг қўлида ҳалол ва шубҳали мол бўлса, ўзига ҳалолини хос этади. Озиқ-овқатни, кийим-бошини қон олувчига берадиган ҳаққидан, чироқ ёғи ва тандирга ёқадиган ўтиндан муқаддам қўяди.
Бу ҳолатнинг асл манбаи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олиш касбида айтган «Сув чиқаришга боғланган ҳайвонга алаф бер», деган ҳадисларидир.
Агар ота-онасининг ихтиёрида ҳаром мол бўлса, уларнинг таомларидан ўзини ман этади, агар шубҳали бўлса, улар билан муроса этади. Агар муросани қабул этишмаса, таомларидан бироз тановул этади.
Ривоят этилишича, Бишр Ҳофийга оналари бир дона хурмо узатганларида олиб еганлар ва хонадан чиқиб, еган хурмоларини қайт қилиб ташлаган эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бунда раъсулмол бир томондан, хизмат иккинчи томондан бўлади. Молнинг эгаси ишчи билан келишиб, молни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан бўлиб олинади. давоми...

4789 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳга беадад шукрлар, чексиз ҳамду санолар бўлсин, юртимизни истиқлол неъматидан баҳраманд айлаб, беқиёс эркинликлар йўлини очиб қўйди. Энди халқимиз ўзи ва давоми...

3438 05:00 / 17.02.2017
Дунёда яшаган ҳар бир инсон биладики, инсонга қўшнидек асқотадиган бирон кимса йўқ. Отабоболаримиз Уй олма, қўшни олrdquo деганлар. Қўшни уйга қараганда жуда давоми...

3549 05:00 / 17.02.2017
Омонатдорлик чин мўминлик белгиси, мўмин кишининг асосий сифатидир. Аллоҳ таоло бизларни омонатдор бўлишга амр қилиб шундай деган Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз давоми...

6388 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

120114 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41781 14:35 / 11.08.2021