1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ҳосилнинг баъзиси учун шерикчилик зироати билан шуғулланиш

05:00 / 17.02.2017 2861 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Биз Мадина аҳли ичида энг экинзори кўп кишилар эдик. Биздан биримиз ерини кирага берса:
«Бу қитъа меники, буниси сеники», дер эди.
Кўпинча буниси бир нарса чиқарса, униси бир нарса чиқармай қолар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бундан наҳйи қилдилар
».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Мадина аҳли ичида ер эгаси деҳқонга ер бериб, ўзига алоҳида, деҳқонга алоҳида ажратиб кўрсатиш одати бор экан. Деҳқон экиб мавсум бўйи ишлайди. Ҳосилни йиғиш пайтида икки ердан қайси бирининг ҳосили оз бўлса ўшанинг норозилиги пайдо бўлади. Орада гап-сўз, уруш-жанжал чиқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришади. У зот низоларга барҳам бериш учун уларга бундоқ қилманг¬лар, дейдилар. 

Ушбу маънони келгуси ривоятларда ҳам кўрамиз ва нима учун уламолар ўртасида бу масалада тортишув келиб чиққанини ҳам ўрганамиз.


 Амр ибн Дийнор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ибн Умарнинг биз шерик билан зироатчилик қилишда ҳеч гап йўқ, деб билар эдик, токи Рофеъ ибн Ходийжнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан наҳйи қилганлар, деганини эшитиб, бу гапни Товусга зикр қилдим. Бас, у менга уларнинг ичида энг яхши биладигани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан наҳйи қилганлари йўқ. Лекин: «Сиздан бирингизни ерини бериб тургани у (ер) учун маълум харож олганидан кўра яхшироқ», деганлар», деди». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Амр ибн Дийнор розияллоҳу анҳунинг гапларидан аввал ҳамма шериклик зироат билан шуғулланиб юрган. 

Лекин Рофеъ ибн Ходийж розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз бу ишдан наҳйи қилганлар, деб айтганларидан кейин орага шубҳа тушган. Рофеъ ўзи иштирок этган бўлса, биз билмай қолган бўлишимиз мумкин, яна шариатда йўқ ишни қилиб юрган бўлмайлик, деб сўраб-суриштиришни бошлашган. 

Жумладан, Ибн Умар ҳам тобеинларнинг энг олимларидан бири бўлмиш Товус розияллоҳу анҳуга бориб бу масалани зикр қилган. Товус ҳам бу масаладан хабардор эканлар. У киши буни саҳобаларнинг энг билимдони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар. 

Абдуллоҳ ибн Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шерикли зироатчиликдан наҳйи қилмаганлар, ери борлар камбағалларга шерикликка ер бериб, кейин улардан харож олиб юрганидан кўра, ўзи экмайдиган бўлса, камбағалларга бирор йилга экиб фойдаланиш учун бериб тургани яхши деганлар, деб жавоб берган эканлар.

Бу ҳадисдан Рофеъ ибн Ходийж масалани бир томонлама тушунганлари, ички сирларидан хабарлари йўқлиги зоҳир бўлади. Худди шу маънони бошқа бир улуғ саҳобий ҳам келгуси ривоятда таъкидлайдилар. 


 Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: 

«Аллоҳ Рофеъ ибн Ходийжни мағфират қилсин, Аллоҳга қасамки, мен бу ҳадисни ундан кўра яхши биламан. Гап бундоқ бўлган эди. Ансорийлардан икки киши урушиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишганда, у Зот:
«Ҳолингиз шу бўладиган бўлса, зироат ерларингизни кирага берманглар, дедилар. Рофеъ, зироат ерларингизни кирага берманглар, деганларини эшитган, холос», деди
».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоят бир ёки икки ҳадисни ўқиб олиб ўзича ҳукм чиқариб, ҳадисда бундоқ дейилса ҳам фуқаҳолар у деган, бу деган, деб турли гаплар тарқатишимиз ноўрин эканинни кўрсатади. 

Ривоят тўғри бўлиши, ўта ишончли, ўта кучли бўлиши мумкин. Аммо ушбу мисолга ўхшаб, ривоят қилувчи саҳобийнинг ўзи ҳадисни тўлиқ эшитмаган бўлиши, ёки бошини эшитиб охирини эшитмаган бўлиши ёхуд аксинча бўлиши мумкин. Аввал бўлиб ўтган сир-асрорлардан хабарсиз бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир масала бўйича келган барча далилларни тўплаб ўрганиб, суриштириб бўлибгина бир қарорга келиш керак.

Шу билан бирга, бу ривоятдан раддия одобини ҳам ўрганишимиз керак. Зайд ибн Собит Рофеъ ибн Ходийжга раддия қилишларидан олдин унинг ҳақига дуо қилиб туриб, кейин гапларини айт¬моқдалар. Бу одоб ҳар бир фикрий мухолиф учун лозим ва лобуд одобдир.


Ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумнинг даврлари ва Муовия амирлигининг бошида зироат ерларини кирага берар эдилар. Рофеънинг ҳадисини эшитганларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу (масала)да янги нарса киритган бўлишларидан қўрқиб, мазкур ишни тарк қилди». 

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳақиқатда Рофеъ ибн Ходийжнинг ҳадислари кўпчиликни ташвишга солган экан. Бунинг ҳам бир ҳикмати бўлса керак. Лекин Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ке¬йин қанча йиллар ўтиб ҳижрий сананинг эллигинчи йиллари яқинлашиб қолганда кўтарилган бу масала катта шов-шувга сабаб бўлган экан. 

Бу ҳол, аввало, мусулмонларнинг биринчи авлодлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир сўзга беқиёс улкан эътибор билан қарашини кўрсатади. Қолаверса, Абдуллоҳ ибн Умарга ўхшаган кишилар салгина шубҳа пайдо бўлиб қолган нарсани дунёнинг фойдасини келтирса ҳам тарк қилишларини кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Умар энг олим саҳобалардан бўлганлар, ҳамма нарсани яхши билганлар. Ҳамма у кишидан фатво сўраган. Ўша илмлари асосида зироатчиликда шериклик қилиб юрганлар. Аммо Рофеъ ибн Ходийжнинг ҳадислари бир неча ўн йиллардан кейин юзага чиқса ҳам, унинг хатосини бошқалар тузатиб турсалар ҳам, Алдуллоҳ ибн Умар бу ишни тарк қилганлар.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: 

«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шерикчилик зироатчиликни ҳаром қилмаганлар. Лекин баъзилари баъзиларига меҳр кўрсатсинлар, деган мақсадда:
«Кимнинг ери бўлса, ўзи эксин ёки биродарига бериб турсин, агар бош тортадиган бўлса ерини тутиб турсин», деганлар», деди
».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, шериклик зироатчилиги бор нарса, унга шубҳа қилмаслик керак. Бу ишни саҳобалар ҳам, тобеинлар ҳам қилганлар. Келгуси ривоятда улардан баъзилари номма-ном зикр қилинадилар.


Абу Жаъфар розияллоҳу анҳу: 

«Мадинада муҳожирлардан учдан бир ёки тўртдан бирга зироатчиликда шериклик қилмаган аҳли байт йўқ. Али ибн Толиб, Саъд ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Умар ибн Абдулазиз, Қосим, Урва, Оли Абу Бакр, Оли Умар, Оли Али ва Ибн Сирин розияллоҳу ан¬ҳумлар ҳам зироатчиликда шериклик қилишган», деди». 

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Муҳожирлар асли мадиналик бўлмаганлари учун ерлари йўқ эди. Шунинг учун улар асли шу ерлик бўлган кишилардан ер олиб, шерикчиликка экин экар эдилар. 

Кўпинча, келишувга биноан, чиқадиган ҳосилнинг учдан бир ёки тўртдан бирини олишар эди. Бу ишни саҳобаларнинг улуғлари ва уларнинг оилалари ҳам қилган эдилар. Номлари зикр қилинган зотлар жуда улуғ кишилар. Шунингдек, номлари зикр этилган тобеинлар ҳам кичик одамлар эмас. 

Бундоқ даражага етган иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ман қилинмаганининг ўзи бу ишнинг жоизлигига катта далилдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида хато иш содир бўлса, хабардор бўлмасалар ҳам ваҳий тушар ёки фаришта хабар берар эди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1644. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатҳ йили Маккада .Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, давоми...

3740 18:22 / 17.09.2017
Сохр алҒомидий ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт қилган ишларида барака бергинrdquo деб дуо қилдилар. У зот қўшинни давоми...

3866 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳ таоло айтади У Аллоҳ сизлар учун Ерни хокисор ndash бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у Ернинг ҳар томонида юринглар ва У Аллоҳнинг ризқрўзидан давоми...

2831 05:00 / 04.03.2017
1. Мева ҳали кўринмай туриб унинг савдосини қилиш жоиз эмас. Чунки, йўқ нарсанинг савдоси дуруст бўлмайди.2. Мева зоҳир бўлгач, у ҳали пишмай туриб, узиб олмай давоми...

3998 05:00 / 17.02.2017