1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

НИКОҲ КИТОБИ

05:00 / 14.02.2017 11379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Никоҳ» луғатда қўшилиш, жамланиш, яқинлашиш маъноларини англатади.

Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли икки боғланувчига бир биридан шаръий асосда қасддан ҳузурланишни ҳалол қилишдир. Ҳанафий мазҳабининг таърифида эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли қасддан ҳузурланиш, яъни, эр кишининг никоҳида шаръий монеъ бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир.
Таърифдаги «аёл» сўзи ила аёл кишидан бошқа билан никоҳ боғланиши мумкин эмаслиги, яъни, никоҳ боғланиши фақат бир эркак ва бир аёл орасида бўлиши мумкинлиги келиб чиқади.
«Никоҳида шаръий монеъ бўлмаган» деганидан шариат никоҳини ҳаром қилган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Мисол учун, бутпараст аёлга, маҳрам – яқин қариндош аёлга уйланиб бўлмайди.
Никоҳнинг шариатга киритилишига далил Қуръон, Суннат ва Ижмоъ орқали собит бўлган. Аллоҳ таоло: «Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани», деган (Нисо сураси. 3 оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўмин мусулмон бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Шу билан бирга икки, уч ёки тўртта хотин олиш учун уларнинг орасида адолатли бўлишни шарт қилиб қўймоқда. Ким, адолатли бўла олмасликдан қўрқса, биттага уйланиши кераклиги уқтирилмоқда. Бу никоҳга бўлган кучли тарғибдир.
Аллоҳ таоло яна: «Ва ўзингиздан оиласизларни ва қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар, Аллоҳ Ўз фазлидан уларни бой қилур. Аллоҳ кенг ва ўта билимдон зотдир», деган (Нур сураси. 32 оят).
Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилгандир. Уларга ўз қарамоғидаги ўғил-қизлари, қулу чўрилари ва ёрдамга муҳтож ёру биродарларини никоҳли бўлиб юришларини таъминлаш амр этилмоқда. Мусулмон шахс фақат ўзи никоҳда бўлиши билан кифояланиб қолмай, бошқа мусулмон шахсларни ҳам никоҳли бўлишлари учун ҳисса қўшишлари лозимлигини шундан олинган.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар доимо оиласиз юрган эркак ва аёлларга никоҳли бўлишни тарғиб қиладилар.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўғил-қизларини, яқин кишиларини уйлаб-жойлаб қўйиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар никоҳ ишида қийланиб қолган дин қардошларига доимо қўлидан келган ёрдамларини берадилар.
Ояти каримада қул ва чўриларини ҳам никоҳлаб қўйиш ҳақида сўз кетаётгани алоҳида эътиборга сазовордир. Қул ва чўрилар одам ўринида кўрилмай турган бир даврларда Қуръони Карим уларни уйли-жойли қилиб қўйиш ҳақида мусулмонларга фармон бериши Ислом дини қул ва чўриларнинг ҳар томонлама ёнларини олишга ҳаракат қилганини кўрсатади. Никоҳ масаласи, ўта нозик масала эканини кўрсатади.
Ушбу ояти каримада фақир-фуқаро бўлиш, камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслиги кераклиги ҳақида ишора ҳам келмоқда. Бинобарин, баъзи кишиларнинг «қўли калталик»ни баҳона қилиб никоҳ ишини ортга суришлари мусулмончилик одобларига тўғри келмаслиги келиб чиқади.
Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпчилик авваллари бепарво бўлиб юрган бўлса ҳам, оилалик бўлганидан кейин жиддийлашиб, ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволлари ҳам яхшиланиб кетганини кўрамиз.
Аллоҳ таоло яна: «Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз», деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлиги баён қилинмоқда.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандоқ олий мақом зотларнинг ҳаммаларининг оилали ва зуррриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу барча инсонлар оилали бўлишлари, зурриёт қолдиришга урунишлари керак эканлигини кўрсатади. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлигини кўриб турибмиз.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй, ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Агар никоҳга моддий жиҳатиданми, маънавий жиҳатиданми қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошга зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак.
Шу йўл билан улар шаҳват қўзилишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб худди бичилган кишига ўхшаб бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади.
Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.
Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан, никоҳга қодир бўлишлари билан оила қуришга чорловчи ҳадиси шарифдир. Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганда, худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:
«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.
Улардан бири:
«Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди.
Бошқаси эса:
«Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди.
Яна бошқа бири:
«Мен аёллардан четта бўламан, абадул обод уйланмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:
«Бундоқ, бундоқ, деганлар сизларми?! Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар
». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш ибодат, тақводорлик ва Аллоҳдан қўрқишлик маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда.
Балки, уйланиш дунёдаги энг катта обид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Уйланиш дунёдаги энг Аллоҳдан қўрқувчи банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлари имкони бўлиб туриб никоҳда бўлмаслик мусулмон шахс учун мутлақо тўғри келмайдиган нарса эканлигини баён этади.
Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас.
Баъзи бир динларда, никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолат эканлиги, илоҳий таълимотларга зид нарса эканлиги шундан билинади.
Чунки, Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, эркак бўлсин, аёл бўлсин жинсий рағбат билан яратган. Бу инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният учун керакли нарса. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундоқ қилиб яратмас эди.
Ўша жинсий майлни, ҳалол-пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Бўлмаса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.
Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарли нарсадир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.
Шунингдек, жинсий майлини никоҳ йўли, ҳалол пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари, ҳам ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало офатлар олиб келишга сабаб бўладилар.
Шунинг учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак бўлади. Акс ҳолда, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган бўлинади.
Абу Аййуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир; ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», дедилар». Аҳмад, Термизий яхши санад билан ривоят қилган.
Аллоҳ таолонинг Расуллари У зот таоло яратган бандаларнинг сарасидирлар. Улар турли замонларда, турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлардир. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб тургандир. У зотларнинг ҳаётлари бутунлайича ўз умматларига ўрнак бўлгандир.
Шунинг учун, уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларига амал қилиш ҳар бир шахс учун ўта муҳимдир.
Ушбу ҳадиси шарифда барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача, ҳаммаларининг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида, хусусан никоҳ ҳақида сўз бормоқда. Аллоҳ таолонинг барча Пайғамбар алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан бири никоҳ экан. Бу энг муҳим суннатлардан экан. Бўлмаса Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга энг кучли тарғибдир.
Никоҳ шариатда борлигига мусулмон уммати барча замонлар ва маконларда иттифоқ қилгандир.
Никоҳнинг шариатга киритилиши ҳикматлари;
1. Никоҳдаги шахсни ва унинг жуфти ҳалолини ҳаромдан сақланиши.
2. Инсон сулоласини инқирозга учраб йўқ бўлиб кетишдан ҳимоя қилиш.
3. Наслу насабни боқий қолиши ва муҳофаза қилиниши.
4. Жамият қуришнинг асоси бўлган оилани барпо қилиш.
5. Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантириш.
Никоҳнинг шаръий васфи.
Никоҳ ҳолатга қараб беш хил васфга эга бўлади;
1. Фарз.
Агар инсон оила қурмаса зинога йўлиқишига шак – шубҳа қолмайдиган даражада аниқ ишонса, оила қуриш ва уни тутиш сарф – харажатини кўтара олса, оилаликнинг шаръий ҳақ – ҳуқуқларини адо этишга қодир бўлса ва зинодан сақланишнинг бошқа йўлини топа олмаса унинг учун никоҳланиш фарз бўлади.
2. Вожиб.
Агар инсон зинога йўлиқишдан жам бўлмаган тарзда қўрқса, оила сарф – харажатларига қодир бўлса ва жуфти ҳалолига зулм қилишдан ва унинг ҳаққини поймол қилишдан қўрқмаса унинг учун никоҳланиш вожиб бўлади.
3. Ҳаром.
Агар инсон жуфти ҳалолига зулм қилишга ва унга зарар етказишга, оиланинг сарфу харажатини кўтара олмаслигига ва адолат қила олмаслигига очиқ – ойдин кўзи етиб турган бўлса унинг учун никоҳланиш ҳаром бўлади.
Агар бир кишида никоҳнинг фарз ва ҳаром бўлиши қарама қарши бўлиб қолса, ҳаром ғолиб келади. Чунки шариат қоидаси бўйига ҳалол билан ҳаром жамланиб қолса ҳаром ғолиб келади.
4. Макруҳ.
Агар инсон уйланганда нафақадан ожиз бўлиши, муомалани ёмон қилиши ва шеригига ратбати бўлмаслиги каби олмилларга кўра ўзидан жавр ва зарар содир бўлишидан жам бўлмаган ҳолда қўрқса, унинг учун никоҳланиш макруҳ бўлади.
5. Суннат.
Агар инсон мўътадил ҳолатда бўлса, зинодан ва шеригига зулм қилишдан қўрқмаса унинг учун никоҳланиш суннат бўлади.
Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни таржима ва шарҳ қилишга ўтайлик.
Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади. 
«Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса иккинчи ўринда содир бўлган нарсадир.
Мисол учун, бир эркак, аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан? деса «ийжоб» бўлади.
Аёл унга, розиман, деб жавоб берса «қабул» бўлади.
Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб қабул» бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.
Вақтинчаликни ифода қилса бўлмайди. Вақтини таъйин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам, муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.
Уларнинг лафзи «завважту-никоҳланишга рози бўлдим ва тазавважту-никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «заввижнии - менга никоҳланишга рози бўл» деганда «никоҳладим» дейиш каби буюруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади. 
Ёки бир тараф никоҳ рағбатини билдирганда иккинчи тараф, қабул қилдим, деса ҳам бўлади.
Икки тараф бунинг маъносини билмасалар ҳам бари бир. 
Умуман арабчани билмайдиган одамлар ийжоб ва қабул лафзларини ўз тилларида ифода қилишлари мумкин.
Никоҳ ақди никоҳ, уйланиш ва бир нарсани ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатиш учун ишлатиладиган лафзлар ила тўғри бўлади.
Никоҳ ва уйланиш маънолари Қуръонда келгани учун мазкур икки лафзни ишлатиш афзалдир. Аммо мулк, ҳиба, садақа каби ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатувчи сўзлар турли сабабларга кўра ишлатилиб қолса ҳам никоҳ дуруст бўлаверади. Одатда никоҳ ва уйланиш лафзлари ишлатилиши ҳаммага маълум ва машҳур.
Ақд пайтида мулк қилиб беришни англатмайдиган ижара, ҳузурланиш, гаров каби сўзлар билан ақди никоҳ собит бўлмаслигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
Икковлари бир бирининг лафзини эшитмоқлари ва икки мукаллаф мусулмон ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл ҳозир бўлиб биргаликда иккисининг лафзларини эшитмоқлари шартдир.
Келин куёв бир бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитмоқлари шарт. Чунки овози эшитилмаган шахс ғойиб шахс билан баробардир.
Шунингдек, куёв келиннинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитмоқлари шарт.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган.
Валийни Ҳанафий мазҳаби никоҳнинг шартларидан бири деса ҳам, бошқа мазҳаблар никоҳнинг рукнларидан бири, деганлар. Шунга биноан, валий никоҳнинг тўғри бўлиши унга боғлиқ шахс бўлади.
Одатда ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби, ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади.
Ҳанафий мазҳабида, одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди, дейилган.
Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил таъйин қилиши жоиздир.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан бири, икки адолатли шоҳидсиз никоҳ бўлмаслигидир.
Шоҳидсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл, никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Шунингдек, эру хотин орасида никоҳ маласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.
Никоҳда гувоҳлар икки эр киши, Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.
Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:
1. Ақл.
Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик.
Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур.
Қул гувоҳ бўлмаган.
4. Мусулмонлик.
Мусулмон эмас киши гувоҳ бўлмайди.
5. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитиши керак.
6. Гувоҳ адолатли – диний жиҳатдан тўлиқ, одам бўлса яхши бўлади. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.
Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳлиги асари даъво пайтида ўтмайди.
Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам. Бошқа мазҳабларда фосиқнинг гувоҳлиги ўтмайди. Аммо ҳанафий мазҳабда юқорида зикр қилинган шарт ила унинг никоҳдаги гувоҳлиги қабул қилинган.
Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида тўғри бўлади.
Мисол учун ажрашиб кетган эру хотин ўзларининг икки ўғли гувоҳлигида ёки бирларининг икки ўғли ҳузурида қайта ярашсалар бўлади.
Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди.
Мисол учун эрнинг икки ўғли гувоҳлигида никоҳ қилинди. Кейин эру хотин орасида низо чиқиб қозига мурожаат қилинди. Икки ўғилнинг гувоҳлиги отанинг фойдасига қабул қилинмайди. Аммо эрнинг худди ўша ўғилларининг гувоҳлиги хотиннинг фойдасига қабул қилинади. Чунки улар билан хотиннинг орасида қаробат – яқин қариндошлик йўқ.
Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди.
Зиммий ислом давлати соясида яшаётган ғайридин шахс. Агар мусулмон одам зиммий аёлга уйланаётган бўлса икки зиммий эркакнинг гувоҳлигида қилинган никоҳ тўғри бўлади. Аммо кейинчалик мазкур эру хотиннинг орасида низо чиқиб ишлари маҳкамада қўрилаётганда зиммийларнинг мусулмоннинг зиддига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.
Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, вакил гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган ўзига бошқа одам валий қилинган қиз ҳозир бўлса унинг валийси гувоҳ бўла олади.
Аммо вакил қилувчи ва валий қилувчи ҳозир бўлмаса, вакил ҳам, валий ҳам гувоҳ бўла олмайди. Чунки бу ҳолатда уларнинг ҳар бири ақди никоҳнинг бир тарафи бўлади. Никоҳдан ўтувчининг ўзи ақд пайтида ҳозир бўлса, унинг ўзи ақдни бевосита эгаси бўлади ва вакил ва валий гувоҳ бўлишлари имкони туғилади.

"Кифоя" китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. давоми...

5166 05:00 / 14.02.2017
.Хулуъ, сўзи луғатда кийим ечиш маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб эри билан ажрашишга хулуъ дейилади. Чунки эру давоми...

12318 05:00 / 14.02.2017
ТАЛОҚ ИХТИЁРИНИ ТОПШИРИШДА ҚЎЛДАН БОШҚА АЪЗОНИ ИШЛАТИШТафвизут талоқ учун фақат quotишинг қўлингдаquot ибораси ишлатилмайди. Балки, ундан бошқа уни ўрнини боса давоми...

5276 05:00 / 15.02.2017
Эр ўн икки ишда қуйидаги одобларга риоя қилиб, мўътадил бўлмоғи вожиб1. Тўйни қилиш суннатдир.2. Хотинлар билан чиройли хулқда бўлиш.3. Улардан содир бўладиган давоми...

4385 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

118803 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40753 14:35 / 11.08.2021