1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

ЭРНИНГ ХОТИНДАГИ ҲАҚЛАРИ

05:00 / 14.02.2017 7591 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўй бўлиб, никоҳ ўқилиб янги келин-куёв бирга оила бўлиб яшашни бошлайдилар. Икки кишидан ташкил топган, янги кичик бир жамият юзага келади. Бу жамиятдаги шахсларнинг алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини аввал ҳам айтиб ўтилган эди. Инсон қай ҳолатда яшамасин ўзгалар билан муомала қилиши, алоқада бўлиши турган гап.

Хўш эру хотиндан иборат бўлган, оила, деб номланган, катта инсоний жамиятнинг ҳужайраси бўлган, инсоният жамияти биносиниинг бир ғишти бўлган оиладаги эру хотиннинг ўзаро муносабатлари қандоқ бўлиши керак? Эр киму, унинг қандоқ мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандоқ мажбуриятлари бор? Икковларининг қандоқ оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак?

Шариатимизда ушбу ва шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Бошқалар ўхшаб ўзингиз келишиб оласиз ёки икковингиз ҳам тенг ҳуқуқлисиз, деб уруш-жанжал, келишмовчилик эшиги кенг очиб қўйилган эмас.
Аллоҳ таоло: «Эркаклар Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан фазлли қилгани ва ўз молларидан инфоқ қилганлари учун аёлларга қаввом(бошлиқ)дирлар», деган.
Шарҳ: Ушбу ояти карима ҳукми ила Исломда эркак киши оила бошлиғи этиб тайинланган. Бу бошлиқлик масъулиятдан иборатдир. Бошлиқ деганда оилада ўзи хоҳлаган нарсани қилиб, ҳаммани ўз хоҳишига бўйсундириш ҳақига эга бўлиши дегани эмас. Балки оиланинг масъулиятини шариат кўрсатган амрлар бўйича олиб боришни зиммасига олишдир.
Ояти каримада эркак кишига икки сабаб туфайли оила бошлиқлиги масъулияти юклатилганлиги баён қилинмоқда
Биринчиси «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан фазлли қилгани учун». Эркак кишининг яратилишининг ўзи оила бошлиқлиги оғирлигини кўтаришга мослангандир. Жисмонан эркак аёлдан кўра бақувват бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Куч-қувват, шижоат, турли қийинчиликларни кўтара олиш ва бошқа қобилиятлар эркак кишида аёлдагидан кўра устун экани ҳеч кимга сир эмас. Оилага бошлиқ бўлган шахс оилани ҳамма томонлама таъминлаши, хавфу хатардан ҳимоялаши ва бошқа томонлардан ҳам масъулиятларни ўз зиммасига олиши лозим. Бунчалик қийин ва машаққатли ишни эркак кишигина бажара олиши мумкин. Унинг биологик, психологик ва бошқа имкониятлари ҳам Аллоҳ томонидан шу нарсаларга мос қилинган.
Оилада аёл кишига тамоман бошқа вазифалар юклатилиши кўзда тутилгани учун, у хотинлик, оналик, уйнинг ички тартибига жавобгарлик масъулиятини ўз зиммасига олиши керак бўлгани учун, эркак кишидан ҳам биологик, ҳам психологик ва ҳам бошқа жиҳатлардан тамоман бошқача қилиб яратилгандир. Зотан ҳамма халқлар, ҳатто худосизлар ҳам эркакнинг оила бошлиғи бўлишини инкор этмаганлар.
Иккинчиси (Эркаклар) «ўз молларидан инфоқ қилганлари учун аёлларга қоввом (бошлиқдир)лар».
Оила қуриш ва уни бошқариш учун зарур барча молявий харажатлар Ислом шариати томонидан эркак зиммасига юклатилган. Шунинг учун ҳам эркак кишига оила бошлиқлиги масъулияти юклатилган. Бу қоидага оиладан бошқа жойларда ҳам ҳамма халқлар амал қиладилар. Каттадир кичикдир ҳар бир жамият, муассаса, ишхона ва тузумларга ҳам молявий таъминотни ўз зиммасига олган томон раҳбарлик қилади.
Исломда оила қуриш учун асосий ҳаракат эр томонидан бўлади. Совчи қўйган, розилик сўраган, ялиниб ёлборган ҳам эр. Аёлга, унинг ақроболарига совғалар тақдим қилган, совчилик борди-келдилари харажатини кўтарган ҳам эр. Аёлга совғалар ва маҳр тақдим қилган ҳам эр. Тўй харажатларини қилган ҳам эр. Турар жой топган, уни жиҳозлаган ҳам эр. Оиланинг барча моддий, маънавий таъминотини ўз зиммасига олган ҳам эр. Аёл кишидан бирор тийинлик харажат ёки бирор нарсалик ҳаракат талаб қилинмайди.
Шунинг учун ҳам эрга оиланинг бошлиқлиги топширилган. Бундан эса оиланинг мустаҳкамлиги кўзда тутилган. Чунки, шунчалик қийинчилик билан оила қурган одам, унинг бошлиғи сифатида бузилмаслиги учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилиши турган гап. Бу ҳақиқатни ўзини билган ҳар бир эр, ҳар бир аёл тўғри тушуниб етишларида ҳеч шубҳа йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутмоғи ва унинг изнисиз уйига бировни киритмоғи ҳалол эмас», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Юқоридаги оятда оиланинг умумий раҳбарлиги эркак кишига юклатилганлиги, унинг раҳбарлик ҳақи борлигини баён қилинганидан сўнг, энди унинг хотинидаги бошқа ҳақларини эслатиш бошланмоқда.
Биринчи ҳақ аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. Фарз рўза тутиш учун ҳеч кимнинг изни керак эмас. Шунингдек, эр ғоиблигида нафл рўза тутса ҳам бўлаверади. Аммо эр борлигида аёл фақатгина унинг изни ила нафл рўза тутмоғи керак. Чунки, ҳар қачон эрининг у билан бирга бўлгиси келиб қолиши мумкин. Нафл рўза эса бу ишга тўсиқ бўлади. Эрнинг изнисиз аёл нафл рўза тутиб олган бўлса, эр бундан бехабар аёли билан бирга бўлиш истагини қилса орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқиши мумкин. Бу нарсани бир неча марта такрорланиши эса ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап.
Қаранг, Исломда турмуш ўртоғининг шаръий ҳақи нафл ибодатдан устун қўйилмоқда! Бу ҳақиқатни мусулмонлар жуда яхши тушуниб етмоқлари ва унга оғишмай амал қилмоқлари лозим.
Иккинчи ҳақ аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслигидир. Бу ҳам эрнинг ҳақларидан бири. Чунки, эри йўғида унинг уйига кирган одам туфайли оилага катта зарарлар етиши мумкин. Щша одам ёмон одам бўлса, ёлғиз аёлга ёмон кўз билан қараши ёки ҳаракат қилиши мумкин. Оила сирларини ташқарига олиб чиқиши мумкин. Ёки мутлақо эрига ёқмайдиган, унга душман одам бўлиши мумкин. Щзини билган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳам бошлиғининг изнисиз ҳар кимни ўзининг муҳтарам жойларига киритавермайди. Оиланинг энг муҳтарам жойи бўлмиш уйга оила бошлиғининг изнисиз тўғри келган одамни киритавериш уни ҳурматсиз қилиш ҳам бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқурлар», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда эрнинг хотиндаги яна бир муҳим ҳақи устида сўз бормоқда.
Учинчи ҳақ аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак. Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатга ўхшаш динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Зотан эру хотин бўлиб оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шу. Эрдир, аёлдир хоҳлаган вақтида ўзининг жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имконидир.
Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса ана ўша асосий мақсадларидан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу иш аста-секин соғлиқ, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовсилик келтириб чиқариб, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу ишни Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга иш сифатида баҳоланган. Бу маъно ҳозирги замонда турли инсонга хос илмлар ҳам тасдиқлади.
Ушбу ҳадисда мазкур ишда эрига итоат этмаган аёлга фаришталар тонг отгунча лаънат айтиб чиқишлари ҳам бежиз таъкидланган эмас. Фаришталар унча-мунча нарсаган лаънат айтавермайдилар. Бу маънони ва ҳақни ҳар бир шахс яхши тушуниб олиши, унга амал қилиши лозим.

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳайрага бориб уларни Мирзабонга сажда қилаётганларини кўрдим. Щзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ қилишга ҳақлироқлар, дедим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб буни у зотга айтдим. Шунда у зот: «Айтгинчи, бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилар эдингми?» дедилар.
«Йўқ», дедим.
«Ундоқ қилманглар! Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим. Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақнинг сабабидан», дедилар
». Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида: «Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам хотинни эрига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим», дейилган.
Шарҳ:Ушбу ҳадиси шарифда эрнинг хотиндаги энг бош ҳақи тўғрисида сўз кетмоқда.
Тўртинчи ҳақ - хотиннинг эрга итоат қилмоғи.
Ровий Қайс ибн Саъд Форс империясининг қадимги шаҳарларидан бири Ҳайра шаҳрига борган экан. Щша ернинг аҳолиси Мирзабонга - подшоҳдан кейинги мартабада турадиган аскарбошига сажда қилаётганларини кўрибди. Бундоқ ҳурмат ва эъзозга бундан кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, деган фикрни хаёлидан ўтказибди у. Сафардан қайтиб келгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, биз ҳам сизга сажда қилсак бўлар экан, деган фикрни айтибди.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бу масалани ажойиб бир услуб билан тушунтирибдилар. Аввал у кишидан:
«Айтгинчи, агар бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилармидинг?» деб сўрабдилар.
«Йўқ», деб жавоб берибди Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу.
«Бас, ундоқ қилмангиз», дебдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Чунки, ўликка сажда қилган билан тирик одамга сажда қилган баробардир. Тирик одам ҳам барибир тезда ўлади. Щладиганга сажда қилиш ўлганга сажда қилиш билан баробар. Саждани ўлмайдиган зотгагина қилиш керак. Дунёда ҳеч ўлмайдиган биттаю битта зот - Аллоҳ бор. Фақат Аллоҳгагина сажда қилиш керак.
Мободо, фаразан одам одамга сажда қилиши жоиз бўладиган бўлса, Исломда хотин эрига сажда қилиши йўлга қўйилар эди. Исломда эрнинг ҳақи хотинида шунчалик улуғ ҳисобланади. Чунки, раҳбарга итоатсизлик ҳеч бир инмоний жамиятга тўғри келмайди.
Эр эса оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳланади, қут баракали бўлади.
Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи керак.
Шу билан бирга Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилииш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.

Амр ибн ал-Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳақингиз бордир ва хотинларингизни сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳақингиздан; тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишилар уйингизга киришига изн бермасликлари. Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақларидан уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда эру хотин орасидаги ҳақ - ҳуқуқлари икки тарафлама экани баён этилмоқда. Эр билан хотиннинг бир-бирида ҳақи бўлганидек, бир-бирига нисбатан бурчи ҳам бордир. Чунки ҳеч бир инсоний алоқа бир тарафлама бўлмаганидек, эру хотинлик алоқаси ҳам бир тарафлама бўлмайди.
Бешинчи ҳақ - аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак. Бу ишни алоҳида таъкидланиши одатда арзимаган бўлиб кўринган нарса кўпинча оилада уруш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлади келганидандир. Бировнинг ёмон кўриб қолиш кўнгил иши. Эркак одам ўзи ёмон кўрган одамга унинг жуфти ҳалоли, ётиқдоши томонидан илтифот кўрсатилишини ҳеч кўнглидан чиқара олмаслиги турган гап. Шунинг учун ҳам Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарсанинг эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири, деб тушунтиради.

Толқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр хотинини ўз ҳожати учун чақирса, у дарҳол гар таннур олдида турган бўлса ҳам келсин», дедилар». Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадислардан бирида ўтган маънода бошқача услуб билан таъкидланмоқда. Аёл киши ўз эрининг жинсий ҳожатини чиқариш учун ҳар қандай зарур ишни ҳам бир четга суриб қўйиши керак бўлади. Аввалги вақтларда таннур олдида нон ёпиб туриш энг нозик ва зарур ишлардан бўлган. Аёл киши нима бўлса ҳам ёпаётган нонини ташлаб кета олмаган. Аммо, шундоқ бўлса ҳам эри уни ўз ҳожатига чақирса аёл киши эрининг чақириғига жавоб бериши керак бўлади.

Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин ўлса-ю, эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар». Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, эри рози бўлмаган хотин жаннатга кира олмайди. Шу ҳадиснинг ўзидан эрнинг хотинда бўлган ҳақи қанчалик улуғлигини билиб олса бўлади. Жаннатга кириш ниятида бўлган аёл ўз эрини рози қилишга доимий ҳаракатда бўлиши керак бўлади. Бу эрнинг хотиндаги ҳақларидан.
Олтинчи ҳақ - эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқликдир. Келгуси ҳадис ҳам айнан ушбу ҳақни таъкидлаб келади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб биз томон жўнайди», дейдилар», деганлар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, аёлдан эри озор тортмаслик ҳақига эга эканлигига далилдир. Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат этмоқ ҳам жуда зарурдир.
Уламоларимиз бошқа шаръий далиллардан ҳам яна эрнинг бошқа ҳақларини топганлар.
Еттинчи ҳақ; Одоб бериш ҳақи. Эр оила бошлиғи сифатида хотинига одоб бериш ҳақига эгадир. Бу маъно Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифда ўз ифодасини топгандир. Аёл кишидан итоатсизлик содир бўлганда эр ваъз-насиҳат қилади, бўлмаса ўрнини бошқа қилиб ётади, яна ҳам бўлмаса ачитмайдиган қилиб уради ва охири бориб икки томонда ҳакам тайин қилинади. Бу жараённи, иншоаллоҳ, келажакда ўрганамиз.
Саккизинчи ҳақ; Шофеъий, Моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидан биридир, деганлар. Чунки, ҳайз ва нифосдан кейин ғусл қилмаса эр унга яқинлашиши мумкин эмас. Шунинг учун у хотинини ғусл қилишга мажбурлаш ҳақига эга. Жунуб аёл эса, тезроқ ғусл қилиб намоз ўқиши лозим.
Тўққизинчи ҳақ; Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақига эга. Яъни, маҳрнинг бир бўлагини кейин беришга келишилган бўлса ва эр уни ҳам хотинига бериб маҳрдан бирйўла қутилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақига эга бўлади. Аммо маҳрнинг ҳаммасини тўламаган бўлса, бу ҳақга эга бўлмайди.

Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар;

1. Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим.
2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги.
3. Аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.
4. Хотиннинг эрга итоат қилмоғи.
5. Аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак.
6. Эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқлик.
7. Эр хотинига одоб бериш ҳақига эга.
8. Шофеъий, Моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидандир.
9. Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақига эга.

Шунингдек, эрнинг одоблари ҳам бор;

1. Эр тўй қилиши мастаҳабдир.
2. Эр хотинига ҳусни муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши лозим.
3. Эр ҳазил мутойиба ва кўнгилхуши билан аёлини эркалатиб туради.
4. Ҳазил мутойиба ва кўнгилхушига ўхшаш ишларда мўътадил бўлиши шарт.
5. Рашк қилишда мўътадил бўлиши керак. Беҳудага рашк қилмайди.
6. Нафақада мўътадил бўлиши зарур. Жуда қисиб ҳам қўймайди. Исрофга йўл ҳам қўймайди.
7. Эр ҳайз, нифос, истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб аёлига ҳам ўргатиши керак.
8. Эр хотини билан бўладиган жинсий алоқанинг барча ҳукм ва одобларини яхшилаб ўрганиб уларга амал қилиши керак.
9. Эр бола туғилганда қилиниши лозим бўлган барча амалларни яхшилаб ўрганиб татбиқ қилиши матлуб.
10. Эр талоқ масалаларини яхшилаб ўрганиши, таоқ сўзини айтишга зинҳор шошилмаслиги лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир аёл .Эй, Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, давоми...

3067 17:04 / 08.01.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Тенги чиқса, текинга давоми...

4223 05:00 / 07.03.2017
ИЙЛОНИНГ БАЁНИИйлонинг луғавий ва шаръий маъноси Ийло луғатда аҳд қилмоқ, қасам ичмоқ деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда тўрт ой ёки ундан ортиқроқ давоми...

3169 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таоло айтади .Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панднасиҳат қилинглар, сўнг яъни, насиҳатларинг кор қилмаса, уларни ётоқларда давоми...

46784 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

118719 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40688 14:35 / 11.08.2021