1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

МУҲАДДИС ИМОМЛАР ВА ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР

16:52 / 08.04.2016 4207 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имоми дорул ҳижрат – ҳижрат юрти имоми номига мушарраф бўлган Имом Моликни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. Мадинаи Мунаввара аҳлидан бўлгани учун ҳадисни ҳаммадан кўп ва яхши билар эдилар. Мадинаи Мунавварада Расули Акрам ётсалар мен қандоқ қилиб, улов миниб юраман, деб шаҳарда доимо пиёда юрар эдилар. 
У кишининг «Муватто» китоблари «Сиҳоҳи ситта»нинг бири бўлишга номзод, агар шундоқ бўлса, Бухорий ва Муслимлар китобларидан кейин учинчи китоб бўлиши муқаррар. Лекин шундоқ буюк муҳаддис ҳам, ҳадис туриб фиқҳнинг нима кераги бор демай, эътироф қилинган тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирига асос солдилар. Бу мазҳаб Ислом оламининг кўплаб юртларида тарқалди. Ҳозирда миллионлаб мусулмонлар ушбу фиқҳий мазҳабга мансуб экнликлар билан фахрланадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса – Ҳадис илмининг уммони бўлганлар. У кишининг ҳадисдаги «Муснад» китоблари энг мўътабар китоблардан ҳисобланади. У киши бу китобда келтирган қирқ минг ҳадиси шарифни етти юз эллик минг ҳадисни матнини ва уларнинг сон-саноқсиз ровийларини ўрганиб чиқиб танлаганлар.
Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг китобларида ҳам учрамайдиган саҳиҳ ҳадислар бор. 
«Қуръон – Махлуқ», деган гап чиққанда бу зот ўзларининг мислсиз жасоратлари билан бунга қарши курашганлар. Шу гапга кўндириш учун халифалар ҳар куни у кишини хушларидан кетгунча калтаклашганда ҳам кўнмаганлар. Охири «мен халифаман, гапим ерда қолмасин, бир оғиз хўп, деб қўйгин, майли, кейин, сенинг айтганингни қилайлик», деса ҳам кўнмаган зотлар. 
Лекин «мен муҳаддисман, етти юз эллик минг ҳадисни яхшлаб ўрганиб чиқдим. Ичидан қирқ мингини танлаб олиб «Муснад» китобимни туздим. Энди менга фиқҳнинг кераги йўқ», деб қайсарлик қилмадилар. Аксинча фиқҳнинг ашаддий тарафдорларидан бўлиб, тўрт фиқҳий мазҳабдан бирини туздилар. Ўша мазҳаб у кишининг номлари билан Ҳанбалий мазҳаби деб юритилади. 
Ҳозиргача Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб, яшаб ўтган, ушбу ҳадисларни айтган муқаддас диёрнинг аҳолиси ҳам Ҳанбалий мазҳабига амал қиладилар. 
Кишилар Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан, юз минг ҳадисни ёд билган одам фатво берса бўладими, деб сўраганларида, у киши, йўқ, деб жавоб берибдилар. Сўровчилар ёдланиши лозим ҳадисларнинг сонини юз мингдан ошириб бораверибдилар, Имом Аҳмад, йўқ, деб бораверибдилар, охири беш юз мингга етганларида, умид қиламан, деган эканлар. Бизнингча изоҳнинг ҳожати йўқ.
Қолган муҳаддислар ҳам фиқҳий мазҳабларга тобе бўлишни ўзларига ор билмаганлар. Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий каби энг саҳиҳ ва энг мартабали ҳадис китобларининг мусаннифлари ҳам Шофеъий мазҳабида бўлганлар. Бошқа муҳаддислар ҳам шу қабилда иш тутганлар.
Демак, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳадисни қўйиб бировнинг фикрига юриш дегани эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўйиб, Абу Фулонга эргашиш дегани эмас. Аксинча, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўр-кўрона, сатхий эмас, оқилана ва ўзлари кўзлаган маънода эргашишдир.
Бирорта ҳадисни санади билан тўлиқ ёд билмай туриб, юз минглб ҳадисларни санади билан ёд билган, уларнинг ҳамма жиҳатдан синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаддислардан ўзимизни юқори қўймайлик. Уч-тўрт ҳадис маъносини чала-чулпа тушуниб олиб, ўтган азиз уламоларга тош отиб, айюҳаннос солмайлик. Унинг ўрнига ҳадисларни кўпроқ ва чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилайлик. Ана шунда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.
Кези келганда ҳамма билиши лозим бўлган яна бир ҳақиқатни айтиб ўтайлик. Ҳадисларни яхши билмагунча ҳеч ким яхши фақиҳ бўла олмайди. Машҳур тўрт фиқҳ мазҳаблардан яна бирининг соҳиблари Имом Шофеъий ҳам ўткир муҳаддис бўлганлар. Ҳадис илмида «Муснад» номли китоблари бор. Лекин, фақиҳ сифатидаги шуҳратлари муҳаддислик шуҳратларидан устун бўлган.
Баъзиларимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа муҳаддислик бобида энг олий даражада туришлигини, ҳофизлик мақомига етган зот эканликларини билмасак керак. Лекин, у кишини ҳам ҳадис бобида маломат қиладиганлар топилади. Ҳолбуки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳадисда ҳофиз бўлишлари билан бирга «Муснад» китобини ҳам ёзганлар. Фиқҳда эса китоблари йўқ.
Лубнондаги «ал-Азҳар» мудири Шайх Халил Муҳйиддин ал-Мийс «Абу Ҳанифа муснади шарҳи» номли китобига ёзган «Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ва ҳадис илми» номли муқаддималарида қуйидагиларни ёзадилар: «Миср диёрининг муҳаддиси ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Юсуф ас-Солиҳий аш-Шофеъий «Уқуд ул-жимон» китобида: «Абу Ҳанифа ҳадиснинг катта ҳофизларидан ва аъёнларидан эди. Агар у киши ҳадисга кўп эътибор бермаганларида фиқҳий масалаларни бунчалик еча олмас эдилар. Аз-Заҳабий у кишини Ҳофизлар табақасида зикр қилиб жуда яхши иш қилган».
Бошқа фақиҳлардан кўра Абу Ҳанифадан оз ҳадис ривоят қилингани ҳақида ал-Солиҳий қуйидагиларни ёзади: «Кенг ҳифзли бўлсалар ҳам у кишидан оз ривоят қилиниши, фиқҳ билан кўп машғул бўлганларидандир. Чунончи, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга ўхшаш катта саҳобалардан ҳам бошқа кичик саҳобаларга қараганда оз ривоят қилинган».
Кўриниб турибдики, ҳадис билан фиқҳ бирбирига чамбар-чарс боғлиқ илмлар. Бирини олиб, иккинчисини суриб қўяман, деган одам хато қилади. Шунинг учун ҳам ўтган уламолар бу икки илмни баробарига пухта эгаллашга ҳаракат қилганлар. Фақат ҳадисда катта муваффақиятга эришганлар ҳадис илми имомлари, фиқҳда кўпроқ шуҳрат топганлари фиқҳ имомлари бўлиб танилганлар.
Муҳаддис фиқҳга, фақиҳ ҳадисга муҳтождир. Ким буни тан олмаса, у хатокордир. Суфён ибн Уяйна ва у кишига ўхшаш бошқа улуғларимиз: «Агар иш бизнинг қўлимизда бўлганида, фиқҳ билан машғул бўлмаган муҳаддисни ҳам, ҳадис билан машғул бўлмаган фақиҳни ҳам хурмонинг шохи билан калтаклар эдик»-деганлар.
Бизнинг мақсадимиз ҳадис тадқиқи бўлгани учун шу нарсага алоҳида эътибор берамиз. Ҳадиси шарифни тўғри тушуниш, ундан тўғри ҳукм, ибрат ёки хулоса чиқариш учун юқорида зикр қилинган нарсалардан ташқари яна бир қанча асосий ва муҳим жиҳатларни билиш зарур бўлади. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари (суннатлари) шариатимиз учун Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдар эканлиги, суннатга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи эканлигини билиб олдик. Шундоқ экан суннатда келган ҳар бир нарса фарз ёки вожибми? Ёҳуд суннат, мандуб ёки мустаҳабми? Сунннатда манъ қилинган нарсалар ҳаммаси ҳаромми ёки макруҳи ҳам борми? Агар суннати мутаҳҳарда келган ҳамма буйруқ ва кўрсатмалар фарз бўлса нима учун фарз? Агар вожиб ёки суннат бўлса нима учун шундоқ бўлади? Агар суннатда келган ҳукмлар фарз, вожиб, суннат, мандуб, мустаҳаб, ҳаром, ҳалол, макруҳ кабиларга бўлинадиган бўлса, уларни қандоқ қилиб ажратиб оламиз? Бунга ўхшаш саволларга фақиҳларимиз муфассал жавоб берганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бошқа пайғамбарларники каби ваъзнасиҳатдан иборатдир. Шундай бўлса ҳам, айнан .насиҳат, сўзи давоми...

6194 22:11 / 25.04.2017
Намоз араб тилида .солат, деб аталиб, луғатда .яхшиликка дуо, деган маънони англатади. Шариатда эса такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган, зарур давоми...

1317 19:00 / 03 январь
Гўзал хулқ ҳақида 15тавсия Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ давоми...

4632 17:04 / 08.01.2017
. . . Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган давоми...

744 19:00 / 17 апрель