1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ҳужурот сураси, 6-оят

05:00 / 23.01.2017 6915 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Келинглар, ояти каримани чуқурроқ тушуниш учун аввал унинг нозил бўлиш сабабини ўрганайлик. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларининг «Муснад» китобларида уммул мўминин Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг оталари – Бану Мусталақ қавмининг подшоси Ҳорис ибн Аби Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши шундай дебдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда, у киши мени Исломга даъват қилдилар, мен Исломга кирдим ва иқрор бўлдим. Сўнгра мени закотга чақирдилар, унга ҳам иқрор бўлдим. Сўнгра: «Эй Аллоҳнинг Расули, рухсат берсангиз, бориб, қавмимни Исломга ва закот беришга чақирсам, ким кўнса, закотларини жамлаб қўйсам, фалон вақтда бир вакил юборсангиз, мен жамлаган закотларни олиб келса», дедим».

Сўнгра Ҳорис розияллоҳу анҳу ўзига эргашганларнинг закотини жамлаб қўйиб, кутди. Набий алайҳиссалом вакил юборишлари лозим бўлган вақт келди, лекин вакил келмади. Ҳорис “Мендан Аллоҳнинг ва Унинг Набийсининг аччиғи чиқди, шекилли?” деб гумон қилди ва ўз қавмининг аъёнларини жамлаб: «Расулуллоҳ менга вакил юбориш учун вақт белгилаган эдилар. Вакил келиб, мендаги закотни олиши керак эди. Расулуллоҳ ваъдага хилоф қилмайдилар, вакилларининг ушланиб қолишини аччиқлари чиққанлигидан деб биламан. Келинглар, ўзимиз Расулуллоҳнинг ҳузурларига борайлик, деди.

Бу орада Расулуллоҳ алайҳиссалом Валид ибн Уқба исмли кишини Ҳориснинг олдига закотни олиб келиш учун вакил қилиб юборган эдилар. Аммо Валид бир жойга борганида негадир қўрқиб, орқасига қайтди ва Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳорис закотни бермасдан, мени ўлдирмоқчи бўлди, – деди. Набий алайҳиссаломнинг ғазаблари чиқди ва Ҳорисга гуруҳ юбордилар. Юборилган кишилар энди Мадинаи Мунавварадан чиқишган эди, олдиларидан Ҳорис розияллоҳу анҳу одамлари билан чиқиб қолди. Юборилганлар:

– Ана, Ҳориснинг ўзи келяпти, – дейишди. Ҳорис розияллоҳу анҳу яқинлашиб келиб:

– Кимга юборилдингиз? – деб сўради. Улар:

– Сенга, – дейишди. У киши:

– Нима учун? – деди. Улар:

– Расулуллоҳ алайҳиссалом сенга Валид ибн Уқбани юборган эдилар, унинг айтишича, сен унга закотни бермай, уни ўлдирмоқчи бўлибсан, – дейишди. Шунда Ҳорис розияллоҳу анҳу:

– Йўқ, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ дин билан юборган Зотга қасамки, уни ҳеч кўрганим йўқ ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ, – деди. Ҳорис розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг олдиларига кирган эди, у зоти шариф:

– Закотни бермай, вакилимни ўлдирмоқчи бўлдингми? – дедилар. Ҳорис розияллоҳу анҳу:

– Йўқ, сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни кўрмадим ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ, олдимга Расулуллоҳнинг вакили бормагани учун Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг мендан аччиғи чиқдимикин, деб бу ерга ўзим келдим, холос, – деди. Шу пайт «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар…» ояти нозил бўлди».

Шу ерда имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ривоятлари тугайди. Мазкур ривоятда кишини ажаблантирадиган ҳолатлардан бири – Расулуллоҳнинг вакиллари Валид ибн Уқбанинг айтилган ерга бормай қўрқиб, орқага қайтиб келиб, ёлғон сўзлашидир. Одатда саҳобийлардан бундай иш содир бўлиши амри маҳол. Бу ҳақда аввалги уламолар ҳам кўп фикр юритишган, турли мулоҳазаларни билдиришган. 

Лекин қиссани яхшилаб ўрганиб чиқсак, ажабланишимизга ўрин қолмайди, деб ўйлайман. Нега Расулуллоҳнинг вакиллари келмаяпти, деб ташвишланиб, қавми билан ўзи боришга аҳд қилган Ҳорис ибн Аби Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳу от-уловни ҳозирлаб, кийиниб-қуролланиб, йўлга чиқмоқчи бўлиб турганида, Валид розияллоҳу анҳу бу ҳолни узоқдан кўриб ёки бировдан эшитиб, “булар диндан қайтишган экан, билмабмиз-да, мана, қуролланиб чиқишяпти-ку”, деб қўрққан бўлиши турган гап. У орқасига қайтган, Ҳорис розияллоҳу анҳу ҳам ўз йўлида давом этган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз юборган иккинчи гуруҳ Мадинаи Мунавварадан чиқар-чиқмас, улар етиб келишган.

Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Набий алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўлишади. Энди одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади. 

Аввало, хабарчи динда, сўзида ўта ишончли киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади. Хабарчи фосиқ бўлса, яъни умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ёки унинг ишончли-ишончсизлиги маълум бўлмаса, дейликки, нотаниш одам ёки хабари синаб кўрилмаган кимса бўлса ва ҳоказо, унинг хабари текширилмай туриб, қабул қилинмайди. Бошқа ишонч¬ли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина, қабул қилинади.

 Ушбу сураи каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга хитоб қилар экан, учинчи марта: «Эй иймон келтирганлар!» демоқда. Демак, улар учун жуда ҳам муҳим бўлган бир хабарни етказмоқчи.

«Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...». Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб», хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатан, афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «...билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.

«Надомат» афсусланишдир. Афсусланиш бўлганда ҳам, доимий, бардавом афсусланишдир. Мисол учун, сабаби нузулдаги ҳодисани олсак. Агар Валиднинг гапига ишониб, суриштириб-аниқламасдан туриб, кофир бўлибди, деб Ҳорис ўлдириб қўйилганида, ҳақиқатни билгандан сўнг ҳамма доимий надоматда қолган бўлар эди.

Кейинги оятнинг маъносига қараганда, мусулмонларнинг ичида Валид ибн Уқбанинг хабарини эшитгандан сўнг Ҳорис розияллоҳу анҳуни ўлдиришга шошилиб, Набий алайҳиссаломни қистаганлар ҳам бўлганга ўхшайди. Шунинг учун ҳам оят уларга ичларида Набий алайҳиссаломнинг бўлишлари улкан илоҳий неъмат экани ва буни қадрлаш лозимлигини эслатиб қўймоқда.


“Тафсири Ҳилол”дан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини У зот ботил қилди. Иймонсиз, динсиз ва Аллоҳнинг йўлидан юз ўгирган ҳамда одамларни бу йўлдан давоми...

3668 05:00 / 23.01.2017
9. Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз.Ушбу зикрҚуръон, кофирмушриклар мажнун деб номлаётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

4918 05:00 / 23.01.2017
Имом Ибн Касир қироати1 Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий алБағдодий хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн давоми...

4286 13:30 / 26.01.2021
4. Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик. 5. Бас, ўша иккибузғунчиликдан давоми...

3319 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

120313 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41950 14:35 / 11.08.2021