1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Наҳл сураси -

Маккада нозил бўлган. 128 оятдан иборат.

Ушбу сураи каримага қўйилган «Наҳл» (яъни «Асалари») деган ном ундаги «Роббинг асаларига ваҳий юборди: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган ишкомлардан уй тутгин» деган оятдан олингандир.

Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, бу сураи кариманинг асосий мавзуси ҳам ақийда масаласидир. Сурада Аллоҳнинг ваҳдонияти, ваҳий, қайта тирилиш ва қиёмат ҳақида алоҳида услуб ила сўз боради. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг қудратига ва ваҳдониятига далолат қилувчи осмон, ер, денгиз, тоғ, водий, пасттекислик, сув, наботот ва жамодот каби атрофимиздаги нарсаларга эътибор тортилади. Қуруқлиқ, сув ва ҳаводаги ҳайвонлар, улардан инсон учун келадиган манфаатлар ҳақида батафсил сўз кетади.

Суранинг биринчи қисмида ваҳий тўғрисида, кофирлар уни рад ва масхара қилишаётгани ҳамда қиёматни инкор этишлари ҳақида сўзланади. Бу масалалар алоҳида муолажа қилинади.

Шунингдек, Наҳл сурасида Аллоҳнинг ягоналиги масаласига ҳам алоҳида эътибор берилади. Аллоҳнинг ягоналигига, Унинг қудратига ва ҳар нарсадан устун эканига турли далиллар келтирилади. Инсон ақлини Аллоҳ томонга буришга ҳаракат қилинади.

Бу сурада куфрнинг, ношукрчиликнинг оқибати ёмон бўлиши алоҳида таъкидланади. Набий алайҳиссаломга кишиларни Аллоҳнинг йўлига сабр билан, яхши мавъиза билан даъват қилиш топширилади.