1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Қадр сураси -

Мадинада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.

 Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги «Қадр» калимасидан олинган, тўғрироғи, «Лайлатул Қадр» – «Қадр кечаси»дан олинган. Бу муборак кеча «Қадр» деб аталишининг икки хил маъноси бор. Биринчиси «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир. Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечаси бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланадиган кечадир. Ушбу сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.

Барча халқларда ўтган улуғ кишилари, машҳур кунлари, дастурлари ёки бошқа муносабатларини байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганича қилишга қулай фурсат топадилар.

Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш «Лайлатул Қадр» кечаси шулардан биридир. Чунки худди шу кечада Қуръони Каримнинг нозил бўлиши бошланган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш учун ибодат қиладилар. Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун бу кеча бедор бўлиб, тунни ибодат билан ўтказилади.

Қадр сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи берган улкан неъматни, уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатади.