1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Усмон розияллоҳу анҳу -

Усмон ибн Аффон ибн Абу Осс Умавий ал-Қураший, кунялари Абу Абдуллоҳ. Маккада таваллуд топганлар. Исломни аввалгилардан бўлиб қабул қилганлар. Мўминларнинг амири, хулафои рошидинларнинг учинчиси, жаннатга киришларига башорат берилган ўнта саҳобанинг бири бўлганлар. Икки ҳижрат соҳиби. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизларини (аввал Руқийя исмли қизларини, Руқийя вафот этганларидан сўнг яна бир қизлари – Умму Кулсум исмли қизларини) никоҳларига олганликлари учун «Зуннурайн» (икки нур соҳиби) лақабини олганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этаётганларида олти саҳобадан рози эканликларини изҳор қилганлар. Ҳазрати Усмон ана шу олти саҳобанинг биридирлар.

Жоҳилият даврида Усмон розияллоҳу анҳу шарафли бойлардан бўлганлар. У киши тақводор, ҳаёли саҳобалардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳамма ғазотларда бирга бўлдилар. Фақат Бадр ғазотида хотинлари Руқийя қаттиқ касал бўлганликлари сабабли иштирок эта олмадилар. Ўшанда мусулмонлар ғалабаси Руқийя розияллоҳу анҳонинг вафотлари билан бир кунга тўғри келган эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўп эҳсон қилувчи саҳий, бой кишилардан эдилар. Ғазотларнинг бирида аскарларнинг ярмини ўз тасарруфларига олган ва минг динор пулни камбағалларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилган, бундан ташқари, бир яҳудийдан «Равма» номли қудуқни сотиб олиб, фойдаланишлари учун мусулмонларга бериб юборган эдилар.

Ҳижратнинг 23-санасида мусулмонлар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат беришди. Бу зот халифалик даврларида кўп ишларни амалга оширдилар. Шулардан бири – Африка, Сижистон, Хуросон, Арманистон, Кавказ, Кармон, Қибрис мамлакатлари мусулмонлар тарафидан фатҳ этилганлигидир. Яна Қуръони Карим асл нусхали китоб ҳолига келтирилди. Мана шу даврда зобитлик йўлга қўйилди. Масжиди Ҳаром ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари кенгайтирилди. Ийд намозига хутба ўқиш ва жумъа намозига аввалги азонни айтиш жорий қилинди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 146та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан бир неча саҳоба ва тобеъинлар ривоят қилганлар ва у киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 35-санасида, Зулҳижжа ойининг 12-кунида 80 ёшдан ўтганларида вафот этдилар.