1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абу Дардо -

Уваймир ибн Молик ибн Қайс Ансорий ал-Хазражий. Бу зотнинг кунялари Абу Дардо бўлиб, Уҳуд ва бошқа ғазотларда иштирок этганлар. Шижоатлари ва ибодатлари билан машҳур бўлганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу умматнинг ҳаким ва паҳлавонларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръон жамловчиларнинг бири эдилар. Муҳожир Салмон Форсий билан Аллоҳ йўлида биродар бўлганлар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Шом шаҳри қозиси ва Фаластин фақиҳларидан бўлган машҳур саҳобалардан эдилар.

Ҳаммаси бўлиб, 179та ҳадис ривоят қилдилар ва бу ҳадисларни Оиша онамиз ва Зайд ибн Собитлардан эшитдилар. Бу зотдан ўғиллари Билол, хотинлари Умму Дардолар ривоят қилганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу тўплаган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Улуғ зотлардан Масруқ айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмларини олти киши ҳузуридан топдим, шуларнинг бири Абу Дардодир».

У зот ҳижратнинг 32-санасида Дамашқда вафот этдилар.