1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Умар ибн Хаттоб -

Умар ибн Хаттоб тўрт халифанинг иккинчиси, ҳақ билан ботилни ажратиб, «Форуқ» лақабини олган, жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобанинг бири. Илк бор «Амирал муминин» лақабини олган халифа. Исломга Расулуллоҳ пайғамбар қилиб юборилишининг олтинчи йили кирдилар. Олдин бу дийнга қарши бўлиб, бир-икки бор Расулуллоҳни ўлдиришга ҳам қасд қилдилар. Лекин Аллоҳ бу кишини Ислом дийнига ҳидоят қилиб қўйди. Бу зот Исломга киришларидан бир-икки кун олдин Расулуллоҳ:

«Аллоҳим, Исломни Умар билан қувватлагин», деб дуо қилдилар. Аллоҳ пайғамбарининг дуосини қабул қилиб, ҳазрати Умарни Исломга ҳидоят қилиб қўйди. Бу ҳодиса тарих китобларида қуйидагича келтирилади:

«Бир куни Умар ибн Хаттоб қиличини ялан¬ғочлаб, Расулуллоҳни ўлдирмоқни қасд қилиб кетаётганида, тўсатдан Наъим ибн Абдуллоҳ учраб қолади. Умарнинг ҳолини кўриб, «Қаерга кетаяпсан?» деб сўрайди. Умар ибн Хаттоб:

«Қурайшнинг олиҳаларини сўккан, илоҳни ягона деб, пайғамбарликни даъво қилаётган Муҳаммадни ўлдириш учун кетяпман», деб жавоб беради. Наъим:

«Аввал синглинг ва куёвингга қарасанг-чи, улар Муҳаммаднинг дийнига киришди-ку!» дейди. Умар йўлидан қайтиб, синглисининг уйи томон юради. Умар синглисининг уйига келганида Хаббоб ибн Арт розияллоҳу анҳу Фотима ва унинг эрига Қуръон ўқиб бераётган эди. Умар эшикни тақиллатади. Фотима эшикни очади. Умар уйга кирмай туриб, аввал синглисидан Исломга киргани ҳақидаги хабар рост ёки ёлғонлигини суриштиради. Кейин у куёвини дўппослаб кетади. Буни кўрган синглиси у кишига ёпишади. Умар синглисини туртиб, уни ҳам қонга белайди. Шунда синглиси йиғлаб:

«Бизни уриб, ўлдириб юбор, лекин бу дийндан қайтмаймиз», деб, қатъий туриб олади. Шунда Умарнинг қалби юмшаб, қилган ишидан афсусланади. Синглисидан Қуръон оятлари битилган варақни тортиб олмоқчи бўлганида, у:

«Сен нопоксан, ғусл қилмагунингча буни ушлашинг мумкин эмас», дейди. Умар ғусл қилиб келиб, варақни қўлига олади. Унда Тоҳа сурасининг қуйи¬даги оятлари бор эди:

«Сенга Қуръонни бахтсиз бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ. Фақат (Роббисидан) қўрқувчи кимсаларга эслатма қилиб туширдик. (Бу Қуръон) ер ва буюк осмонларни яратган Зот тарафидан нозил қилингандир...» (2-4 - оятлар).

Умарнинг қалбида бир нарса шуълаланди. Бу шуъла Ислом нурининг учқуни эди. Бу учқун келажакда оловга айланиб, бутун дунёни забт этиши керак эди.

Шунда Хаббоб беркиниб ётган жойидан чиқиб, «Эй Умар, хурсанд бўл, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сен ҳақингда «Аллоҳим, Исломни Умар билан қувватлагин», деб дуо қилаётганларини эшитдим», деди.

Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиш нияти борлигини айтади. Хаббоб у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бошлаб боради. Шу кундан бошлаб, мусулмонларга бўлаётган тазйиқу азоб-уқубатлар сезиларли даражада камаяди.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ айтади:

«Умар Исломга кирганларидан кейин мушрикларнинг зулмидан анча халос бўлдик».

Ҳижратга рухсат берилганида мусулмонларнинг кўпчилиги беркиниб, кечаси ҳижрат қилишни танлашди. Лекин Умар кундузи Каъба олдига келиб, тавоф қилдилар, сўнгра ҳижрат қилишларини эълон қилдилар. Ва Қурайшга қарата: «Кимнинг онасининг боласиз, хотининг бева, болаларининг етим қолишини хоҳласа, менга шу тоғнинг орқасида учрасин», деб айтдилар. Лекин ҳеч ким у кишига қарши чиқишга журъат қила олмади.

Умар ибн Хаттоб Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бундан бошқа ҳамма жангу фатҳларда иштирок этдилар.

Умар ибн Хаттоб Абу Бакр Сиддиқдан сўнг Ислом умматининг иккинчи халифаси бўлдилар. Бу вақт ичида катта ҳаракат қилиб, Форс, Миср, Шом, Ироқ ва бошқа жойлар фатҳ этилди. Ҳазрати Умар даврларида Исломнинг 12 минг минбари барпо этилди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар:

«Умар ибн Хаттобнинг Исломга киришлари ғалаба бўлса, ҳижрат қилишлари ёрдам, халифа бўлишлари эса раҳмат эди».

Ҳазрати Умар ўз халифаликлари даврида кўплаб ислоҳотлар, янгиликлар қилдилар. Мусулмонларнинг Байтулмолларини таъсис этдилар. Басра ва Куфа шаҳарларини қурдилар. Катта ободончилик ишларини олиб бордилар, халифаликни юритиш ишларида катта янгиликларни амалга оширдилар. Бу зот халифаликни ниҳоятда адолат билан юргиздилар, Ислом дийнининг равнақи йўлида ниҳоятда катта хизмат қилдилар.

Ҳазрати Умар олим, тадбирли, доно, тақволи, дунёда зоҳид, аччиқ бўлса-да, ҳақ сўз сўзловчи киши эдилар. У киши ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 539та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан бир нечта саҳобалар ривоят қилганлар. У зот ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, шаҳид бўлдилар. У зот масжидда мусулмонларга имомлик қилиб турганларида, мушриклар ёллаган қотил томонидан ҳижратнинг йигирма учинчи йили суиқасд туфайли қатл этилдилар. Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнларига дафн қилинганлар.