1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Имом Бухорий -

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ ал-Бухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13-си, жумъа кунида Бухорода таваллуд топдилар. У киши етим бўлиб ўсдилар. 9 ёшга етганда Қуръони Каримни тўлалигича ёд олдилар. Ҳадис эшитишни хуш кўрардилар, вояга етгунга қадар ўн мингдан зиёд ҳадисни ёд билар эдилар. 

Ҳомид ибн Исмоил айтадилар: «Бухорий билан дарс олардим. Биз ҳар бир ҳадисни ёзиб борардик. Бухорий эса ёзмас эдилар. Биз ундан «Нега ёзмайсиз?», деб сўрасак, у киши: «Қани, ёзган нарсаларингни кўрсатинглар-чи», дедилар. Биз кўрсатганимизда, биз ёзган ҳадисларни ва унга яна 15000 ҳадис зиёда қилиб, ёддан айтиб бердилар».

Имом Бухорийнинг кўзлари ёшлик пайтларида ожиз бўлиб, кўрмай қолади. Бир куни оналари Иброҳим пайғамбарни туш кўрадилар. У киши: «Эй аёл, Аллоҳ таоло кўп дуоинг сабабли ўғлингга кўзини қайтариб беради», дейдилар. Бир неча кундан сўнг Имом Бухорийнинг кўзлари яна кўра бошлайди. 

Имом 18 ёшга тўлганларида оналари ва акалари билан ҳаж қилиш учун Маккаи Мукаррамага келадилар. Ҳаж амалларини бажариб бўлгач, оналари ва акаларини Бухорога жўнатиб, ўзлари ҳадис жамлаш учун шу ерда қоладилар.

Имом Бухорийдан: «Нега бу ишга қўл урдингиз?» деб, сўрашганида, шундай жавоб берган эканлар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрдим, қўлимда елпиғич, у кишини елпир эдим. Бу тушимни баъзи таъбир айтувчиларга айтсам: «Сен Расулуллоҳдан ёлғонларни елпиб турасан», дейишди».

Имом Маккадаги Абдуллоҳ ибн Язид ал-Муқрий исмли кишидан дарс олади. Сўнг Хуросон, Бағдод, Ҳижоз, Басра, Куфа, Шом, Миср каби жойлардаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Имом Бухорий 600000 ҳадис тўплаб, шундан 100000 саҳиҳ, 200000 заиф ҳадисни ёдлайдилар. Бу ҳадисларни тўплашда 90000дан зиёд кишининг ҳузурида бўлиб чиқадилар.

Муражжа ибн Ражааъ айтадилар: «Имом Бухорий Аллоҳнинг ерда юрувчи мўъжизаси эди».

Муҳаммад ибн Юсуф айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрибман. У киши: «Қаерга кетяпсан?» деб сўрадилар. Мен «Муҳаммад ибн Исмоилнинг ҳузурига», деб жавоб берсам: «Ундай бўлса, мендан салом айтиб қўй», дедилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: «Ҳадис ёдлаш тўрт кишида тамом бўлди: Абу Заръата ар-Розий, Исмоил ал-Бухорий, Имом Доримий, Ҳасан ибн Шужжа ал-Балҳий».

Имом Бухорийнинг устозларидан бири Абдуллоҳ ибн Холид Омирий: «Бухорийнинг кўкрагидаги туки бўлишга рози эдим», деганлар.

Ал-Фирябий айтадилар: «Бир куни Бухорийни туш кўрдим. У киши Расулуллоҳнинг орқаларидан юрар эдилар. Бухорий Расулуллоҳнинг оёқ изларига оёғини қўяр эдилар».

Ҳадис олимларидан бўлмиш Муслим ҳар қачон Бухорийнинг ҳузурларига кирсалар: «Эй ҳадислар табиби! Эй ҳадис уламоларининг саййиди! Ижозат берсангиз, оёғингизни ўпсам», дер эканлар.

Бухорий ўзларининг «Жомеъ Саҳиҳ» китобларини 16 йилда ёзиб тугатадилар. «Қачонки мана шу китобимга бирор ҳадис киритсам, ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқирдим», деб айтадилар. Уламолар бу китобни Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китоб деб билишар эди.

Муҳаммад ибн Юсуф айтадилар: «Расулуллоҳни туш кўрибман, менга: «Қачонгача фиқҳ ўқийсан? Менинг китобимни ўқисанг бўлмайдими?» дедилар. Мен: «Сизнинг китобингиз қайси?», деб сўраганимда: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг китоблари менинг китобимдир», дедилар.

Ўша пайтдаги уламолардан бўлмиш Ҳоким исмли киши айтадилар: «Бу дунё остин-устун қилиб юборилса ҳам, Бухорий каби ҳадис билувчи ва уни ёдловчи одам топилмайди».

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобларига 82 та шарҳ ёзилган. Шулардан энг машҳурлари Асқалонийнинг «Фатҳул-Борий», ал-Карамийнинг «Кавкабуд-Дарорий», Қасталонийнинг «Иршодус-Сорий», Имом Суютийнинг «Ат-Тавшиҳ», Бадруддин ал-Айнийнинг «Умдатул-Қорий», Муҳаммад Анвар Кашмирийнинг «Файзул-Борий» китобларидир.

Имом Бухорий «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»дан ташқари яна бир қанча китобларнинг муаллифи ҳамдирлар.

«Адабул-муфрад», «Биррул-волидайни», «Тарихул-кабир», «Муснадул-кабир», «Китобу асмои саҳоба», «Тафсирул-кабир», «Холқу афъоли ибод», «Сулосиятул Бухорий», «Ҳадисун-Набавий», «Тарихус-сағир», «Зуафоус-сағир» ва бошқа китоблар шулар жумласидандир.

Имом Бухорийнинг устозлари кўп бўлган, у киши Али ибн ал-Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Муснадий, Муҳаммад ибн Салом ва бошқалардан дарс олганлар. Имом Бухорий бундан ташқари Ҳамад ибн Шокир, Иброҳим ибн Мунзир, Тоҳир ибн Муҳаммад, Абу Талҳа Мансур, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Бакр ибн Исҳоқ, Абу Фазл Аҳмад ибн Салма, Абу Бакр ибн Абуд Дунё, Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Қаббоний, Саҳл ибн Шадивайҳ ал-Бухорий ва бошқа шогирдларга устозлик қилганлар.

Имом Бухорий кўп шаҳарларда умр кечирадилар. Кейинчалик ўз она юртларини соғиниб, Бухорога қайтиб келадилар. Имом Бухорийни Бухоро аҳли жуда яхши кутиб олади, бу ерга келган кунлари бошларидан олтин сочишади.

Агар Имом Бухорий масжидда ҳадис айтиб, дарс берадиган бўлсалар, масжид тўлиб-тошар, одамлар сони 10 минг, баъзан 20 мингдан ошиб кетар эди. Ҳар замонда бўлгани каби маломатчилар, ҳасадгўйлар, ғийбатчилар ўша вақтдаги Бухоро амири Холид ибн Аҳмаднинг ҳузурига келиб: «Бухорий халқни ўзига оғдириб олди, тезроқ бир чора кўрмасангиз, халқ сиздан юз ўгиради», деб айтишади. Холид бу ишда ўз яқинларига маслаҳат солади. Улар: «Бухорий жуда машҳур одам, унга ёмонлик қилинса, халқ қўзғолон кўтаради, яхшиси, уни халқдан ажратиб олиш керак», деб маслаҳат берадилар. Холид Имом Бухорийга одам юбориб, саройга келиб, амир ва амалдорларнинг фарзандларига дарс беришни таклиф этади. Бухорий бундан бош тортадилар. Холид яна элчи юбориб, китоблари билан тезда Амир ҳузурига келишини буюради. Бухорий эса: «Илмга келинади, илм ҳеч қачон бормайди», деб жавоб берадилар. Бу гапларга чидай олмаган амир Бухорийга бу ердан тезлик билан чиқиб кетишини буюради. Бухорий амирнинг зиёнига дуо қилиб, Самарқандга қараб йўл оладилар. Самарқанддан икки чақирим наридаги Хартанг қишлоғига келиб, қариндошлариникига тушадилар. Бу ерда уч кун турадилар. Ана шу куни тунги намозни ўқиб бўлгач: «Эй Роббим! Ер кенг бўлишига қарамай, менга тор бўлиб кетди. Мени ўз ҳузурингга чақиргин», деб дуо қиладилар.

Fолиб ибн Жаброил айтадилар: «Самарқанд аҳли Бухорийнинг ҳузурларига келиб, ана шу ерда яшашларини илтимос қилишди. Бухорий бунга рози бўлиб, сафарга отландилар. Энди отлари томон тўрт-беш қадам босганларида бирдан ҳолдан тойиб, йиқиладиган даражага келиб қолдилар. Имомни уйга олиб киришди ва у киши кўп ўтмай, вафот этдилар. Эртасига жанозалари ўқилиб, қабрга қўйилдилар. Қабрларидан бир қанча кун хушбўй мушк ҳиди таралиб турди. Имом Бухорийнинг вафотлари ҳақидаги хабар ўша пайтдаги халифа Ибн Тоҳирга етиб борди. Халифа амир Холид ибн Аҳмаднинг юзига қора суртиб, уни эшакка тескари ўтказиб, сазойи қилишга, сўнг чўлга қўйиб юборишга амр қилди. Чўлда уни йиртқич ҳайвонлар еб кетди. Аллоҳ таоло жоҳил амирни шу дунёнинг ўзидаёқ жазолаб қўяқолди».

Абдулвоҳид ибн Одам ат-Тавовисий айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳни тушимда кўрдим. У киши билан бир жамоа асҳоблари ҳам бор эди. Расулуллоҳ гўё кимнидир кутаётгандек, бир тарафга қараб турар эдилар. У кишига салом бердим: «Кимни кутиб турибсиз, эй Расулуллоҳ?» десам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни», деб жавоб бердилар. Мен икки-уч кундан кейин Бухорийнинг вафот этганларини эшитиб қолдим. Сўраб-суриштирсам, Расулуллоҳни туш кўрган куним вафот этган эканлар».

Яҳё ибн Жаъфар айтадилар: «Агар Бухорийнинг умрларини узайтиришга қодир бўлганимда, жонимни бериб бўлса ҳам, асраб қолган бўлар эдим».

  Имом Бухорий ҳижратнинг 256 йили, Шаввол ойининг бошларида Фитр ҳайити кечасида вафот этдилар. Бу зот 13 кун кам 62 йил умр кечирдилар.