1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг фазллари

13:50 / 19.01.2019 3677 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

I

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик янги келган пайт. Маккаи Мукаррамада ҳамма ана шу ҳодиса ҳақида гапирмоқда. Жоҳилият одамлари асосан бу ишга душманлик руҳида яшамоқдалар. Янги мусулмон бўлганларнинг ота-боболари уларни динини тарк этиб, муртад бўлганликда айбламоқда. Улар оз сонли янги мусулмонларни аввал оғзаки айблаган бўлсалар ҳам, кейинчалик азоб-уқубатларга дучор қилишни бошлашди.

Ўша пайтда бирор кишининг мусулмон бўлиши қийин эди. Агар кимдир Исломни қабул қилса ҳам, ҳаммадан беркитар эди.

Мусулмонлар қанчалик сабр қилсалар, мушриклар уларга бўлган тазйиқни шунчалик орттириб бораверишди. Бора-бора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дину диёнати, ҳаёти таҳдид остида қолди.

Ана шундай оғир бир ҳолатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша саҳобаларига:

«Ҳабашистон ерига чиқсангиз, яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ бор, унинг олдида ҳеч кимга зулм қилинмайди. У ер садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса, ажаб эмас», дедилар.

Шунда бир гуруҳ мусулмон Ҳабашистон ерига ҳижратга отландилар. Бу ҳижрат Исломдаги биринчи ҳижрат эди. Биринчи муҳожирлар ўн тўрт киши бўлиб, уларнинг ўнтаси эркак, тўрттаси аёл эди.

Уларнинг ичида Усмон ибн Аффон ва у кишининг аёллари – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам бор эдилар.

Муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу амир эди. Кейинчалик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Шундай қилиб, у ердаги муҳожир мусулмонларнинг адади саксон уч кишига етди.

Ўша иккинчи гуруҳ ичида Бани Омир уруғидан саккиз киши бор эди. Ўша пайтда бир уруғдан бир йўла саккиз кишининг Аллоҳ таолонинг йўлида ҳижрат қилиши мисли кўрилмаган ҳол эди. Бунинг устига, ўша саккиз кишидан учтасининг хотини ҳам ўзи билан бирга эди.

Мазкур саккиз муҳожир ичида Молик ибн Замъа Омирий, Сакрон ибн Амр Омирий, Салийт ибн Амр Омирий, Ҳотиб ибн Амр Омирий ва Абдуллоҳ ибн Амр Омирий бор эди. Бани омирлик аёллардан эса Умму Кулсум бинти Суҳайл Омирия, Амра бинти ал-Вақдон Омирия ва бизнинг қаҳрамонимиз Савда бинти Замъа ибн Қайс ибн Абдушшамс ибн Абду Вадд ибн Назр ибн Молик ибн Ҳисл ибн Омир ибн Луай ҳам бор эдилар.

У кишининг оналари Шаммус бинти Қайс эди.

Юқорида зикр қилинган муҳожирлардан Молик ибн Замъа Омирий Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг акалари, Салийт ибн Амр Омирий, Ҳотиб ибн Амр Омирий қайноғалари, Сакрон ибн Амр Омирий эрлари эди. Умуман олганда, бир оиланинг одамларидан ўн бир киши Ҳабашистон ҳижратига чиққан эдилар.

Улар насиб қилганича ҳижрат машаққатларини чекиб, Ҳабашистонда яшаб юрганларидан кейин Маккаи Мукаррамага қайтиб келишди.

Ушбу умумий маълумотлардан Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг биринчи мусулмонлар қаторида эканликлари, Аллоҳ таолонинг дини йўлида оила аъзолари ва қариндошлари билан биргаликда жафо чекканларини англаб олиш қийин эмас.

Маккага қайтиб келганларидан кўп ўтмай, Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо туш кўрдилар. Тушларида ёнбошлаб ётсалар, устиларига ой тушибди. У киши кўрган тушларини эри Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтган эдилар, «Агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай ўлиб, сен бошқа эрга тегар экансан», деди.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо кейинроқ яна бир туш кўрдилар. Бу туш ҳақида Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо Суҳайл ибн Амрнинг акаси Сакрон ибн Амрнинг хотини эди. У тушида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб келиб, унинг бўйнини босиб олганларини кўрди. Буни эрига айтди. У бўлса:

«Агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай ўлиб, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегар экансан», деди.

«Бўлмаган гап, ҳеч ким билмасин», деди Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо.

Кўп ўтмай, Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳу бемор бўлиб, вафот этди».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон давоми...

3558 14:00 / 09.03.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хос ҳикмат ила иш тутдилар. У зот урушда катта мусибатга учраган аслзода аёлнинг, яъни София бинти Ҳуяй розияллоҳу давоми...

3149 09:30 / 06.11.2019
...Кечаси билан йиғлаб чиқдим. Тонг отгунча кўз ёшим тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Кундузи ҳам йиғлайвердим.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий давоми...

2936 15:09 / 25.11.2018
Баъзи сабабларга кўра .мужоҳид,, .шайх, ва .муршид, каби васфлар аёлларга нисбатан қўлланилмайди. Гўёки бу сўзлар аёллар учун тақиқлангандек. Шундай бўлгани учун давоми...

3642 16:01 / 07.08.2020
Аудиолар

211145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130404 14:35 / 11.08.2021