Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу
Бу зот ҳижрий 560 сана, милодий 1165 санада Ревгарда таваллуд топганлар ва ҳижрий 660 сана, милодий 1212 санада ўша ерда вафот этганлар.
Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу ўрта бўйли, ой юзли, катта кўзли, ингичка қошлари ҳилол каби киши эдилар. У кишининг ранглари гул каби бўлиб, вужудларидан хушбўй ҳид таралиб турган.
Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу йиллар давомида хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг хизматларида бўлганлар ва бош халифа (ўринбосар) даражасига етганлар.
Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига диққат билан амал қиладиган зот эдилар. У киши хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг вафотларидан сўнг бу йўлнинг давомчиси бўлдилар.
Хожа Маҳмуд Фағнавий қуддиса сирруҳу
Бу зот Бухорои шарифдан уч фарсах узоқда жойлашган Фағна қишлоғида туғилганлар. Аммо таваллуд саналари маълум эмас. У киши ҳижрий 717 сана, милодий 1317 санада ўзлари туғилган юртда вафот этганлар.
Хожа Маҳмуд Фағнавий қуддиса сирруҳу тижорат билан рўзғор тебратганлар. У киши хожа Ориф Ревгарийнинг хизматлари ила етишдилар. Хожа Маҳмуд Фағнавий қуддиса сирруҳу ўз устозлари учун хилватда, тариқат ва ҳақиқатда сирдош эдилар.
Хожа Маҳмуд Фағнавий қуддиса сирруҳу ёлғиз кишилар учун зикри хафийни, жамоат учун зикри жаҳрийни хуш кўрар эдилар.
Хожа Маҳмуд Фағнавий қуддиса сирруҳу силсила омонатини Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳудан олганлар.
Хожа Али Ромитаний қуддиса сирруҳу
Бу зот ҳижрий 591 сана, милодий 1194 санада Ромитанда туғилганлар ва ҳижрий 721 сана, милодий 1321 санада вафот топганлар.
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ўрта бўйли, юзлари ва бошқа аъзолари ғоятда гўзал бир зот эдилар. У киши фақирликни танлаган эдилар. Зотан, зоҳирда халқ ила, ботинда Ҳақ ила эдилар.
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ризқу рўз топиш учун тўқимачилик касбини ихтиёр қилган эдилар. У киши хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларининг хизматларига кириб, у зотнинг яқин биродарларидан ва энг улуғ халифаларидан бири бўлдилар.
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ҳам адиб, ҳам шоир эдилар. У кишининг форсча шеърлари бор. Бу шеърлар ҳикматларга тўладир. Хоразм шоҳи дастлаб у зотдан шубҳаланган бўлса ҳам, кейинчалик шогирд бўлди.
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари бир юз ўттиз йил умр кўрдилар. У киши Муҳаммад исмли бешта улуғ зотни тарбиялаб етиштирдилар. Уларнинг ҳар бири илмда, тариқат ва фазилатда камолга етган кишилар эди. Улар зоҳир ва ботин илмларда олим, омил, ориф ва комил эдилар. Мазкур зотлар қуйидагилардир:
– Хожа Муҳаммад (ўз ўғиллари);
– Хожа Муҳаммад Куларуз (Хоразмдан);
– Хожа Муҳаммад Салоҳ (Балхдан);
– Хожа Муҳаммад Борудий (Хоразмдан);
– Хожа Муҳаммад Бобо (Шаммосдан).
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари: «Агар Ҳалложи Мансур замонида хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари ёки у кишининг шогирдларидан бири бўлганида, уни ваҳдатул вужуддан ўтказиб, қутқариб олар эди», дердилар.
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари силсила омонатини хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларидан олганлар.
Муҳаммад Бобо Саммосий қуддиса сирруҳу
Бу зот Ромитаннинг Саммос қишлоғида туғилганлари маълум бўлса ҳам, қайси йили туғилганлари номаълум. Вафотлари эса ҳижрий 755 сана, милодий 1354 санада Саммосда бўлган.
Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи қорамтир рангли ва юзларидан нур ёғилиб турадиган зот эдилар. У кишининг нигоҳлари таъсирли ва ҳиссиётлари кучли эди.
Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи хожа Али Ромитаний ҳазратларига умрларининг охиригача ихлос билан хизмат қилганлар. Ҳатто у киши Хоразмга ҳижрат қилганларида, бирга ҳижрат қилганлар. Ана шу суҳбат у кишига улкан фойдалар келтириб, устознинг энг яқин кишиларидан бирига ва кўзга кўринган халифаларига айландилар.
Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи боғларидаги дарахтларга шахсан ўзлари боғбонлик қилар эдилар. Иш пайтида ғайрат билан ишлар эдилар. Гоҳида хизмат асносидаги зикр туфайли ҳол ғалаба қилиб, қўлларидаги асбоблари тушиб ҳам кетар эди.
Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи кўп талабаларини ўзлари излаб топар эдилар. Бир куни у киши кураш майдони олдидан ўтиб кетаётиб, майдон ўртасида кураш тушаётган Амир Кулол исмли паҳлавонни кўриб қолдилар. Кейин у зот майдон ўртасидан ўтиб, полвонга назар солдилар ва уни маънавий майдонга тортдилар. Амир Кулол курашни ташлаб, ҳазратнинг хизматларига кирдилар.
Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига янги туғилган Баҳоуддин Нақшбандни олиб келганларида, у кишини кўрсата туриб, Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳига қуйидагиларни айтганлари ривоят қилинади:
«Бу бизникидир. Буни маънавий фарзандликка қабул айладик. Аввал айтганимиз, тариқатимиз келажаги бўладиган шахс, иншааллоҳ, шудир. Бу қишлоқ бундан сўнг Қасри Орифон бўлажак. Эй Амир Кулол! Бу йўргак ичидаги ўғлим Баҳоуддинни сенга ҳавола этаман. Бунинг зоҳир ва ботин тарбиясида ҳеч камчиликка йўл қўймагин!»
«Иншааллоҳ, айтанингизни қилиш учун қўлимдан келган барча имкониятларни ишга соламан», деди Амир Кулол.
Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи тўртта улуғ халифа етиштирганлар: хожа Суфий Суҳарий, хожа Маҳмуд Саммосий (ўз ўғиллари), хожа Донишманд ва хожа Саййид Амир Кулол.
Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Хожаи Азизон Али Ромитаний ҳазратларидан олганлар.
Саййид Амир Кулол қуддиса сирруҳу
Бу зот Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида таваллуд топганлари маълум ва машҳур бўлса ҳам, таваллуд йиллари номаълумдир. Ўзлари туғилиб ўсган Сухорда ҳижрий 772 сана, милодий 1370 санада вафот этганлар.
Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи бўйлари узун, ранглари қорамтир, кўкраклари кенг, қўллари узун ва қошлари камон каби зот эдилар. У кишининг соқолларида биргина оқ тук бор эди. Гўзал қоматли, паҳлавон киши эдилар. У киши ниҳоятда камтар бўлиб, эътироз ва саркашлик нималигини билмас эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларидан баҳраманд бўлган саййидлардандир.
Бўладиган бола бошидан маълум, деганларидек, ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи оналарининг қоринларида ҳомила эканликларидаёқ баъзи бир ҳолатлар юзага чиққанини у кишининг волидаи меҳрибонлари қуйидагича ҳикоя қиладилар:
«У қорнимдалик чоғида шубҳали нарса еб қўйсам, қорним оғрирди. Истиғфор айтсам ҳам, роҳатлана олмасдим. Бу ҳол бир қанча вақт давом этди. Кейин ейдиган луқмамнинг ҳалол ва шубҳасиз бўлишига эътибор қиладиган бўлдим. Оғриқ ҳам тўхтади».
Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи паҳлавон бўлиб ўсдилар. У киши кўзга кўринган курашчи бўлиб етишдилар. Аммо бу иш узоқ давом этмади. Бир куни ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг кураш санъатларини намойиш қилиб, ҳамманинг олқишини олиб турганларида у ердан шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўтиб қолиб, курашни томоша қилдилар. У кишининг муридларидан бири «Кураш томоша қилиш ҳазратга қандоқ бўлар экан?» деган маънода ҳайрат назари билан қаради. Шунда шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари унга:
«Бу кураш майдонида бир эр бор. Келгусида, иншааллоҳ, кўп кишилар унинг суҳбати баракоти ила камолга етсалар, ажаб эмас. Мен ўша эрнинг бизга шогирд бўлиб, таълим-тарбиямизни олишини истаяпман», дедилар.
Шу пайт кураш тушиб турган ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларининг ҳузурларига келиб, у зотдан ўзларини шогирдликка олишларини сўрадилар. Биргаликда жўнаб, хонақоҳга етиб бордилар. Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи тавба қилиб, қўл бердилар. Сўнгра у кишидан зоҳир ва ботин илмларни олиб, замонасининг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлиб етишдилар.
У киши саййидликлари устига шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатда ҳам пешқадам бўлдилар. У киши кўйлакчилик билан оила тебратар эдилар.
Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳининг тўрт ўғиллари ва тўрт халифалари бор эди. У киши ўзларининг тўрт ўғилларини тўрт халифаларига биттадан бўлиб бердилар ва уларни яхшилаб тарбиялашни топширдилар.
Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ўз ўғиллари Амир Бурҳонни халифаларидан Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандга топшира туриб:
«Сиз манави ёш йигитни олинг. Уни ўзингиз эришган мартабаларга эриштиришга ҳаракат қилинг. Сизнинг бу ишни қандай адо этишингизни кўрайлик», дедилар.
Бир неча йилдан сўнг Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига у кишининг ўғилларини қайтариб олиб келдилар. Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ҳолни кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Амир Бурҳоннинг етук инсон бўлиб тарбия топганларидан қувониб:
«Амир Бурҳон тариқатда ҳужжатимиздир ва ҳақиқатда бурҳонимиздир», дедилар.
Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанднинг истеъдодлари ва камолотларини кўрган ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи:
«Ўғлим Баҳоуддин! Кўксимда не бўлса, сизга бердим. Сизнинг истеъдодингиз янада кенг бўлғай. Номингиз оламни тутгай. Сизга изн бердим!» дедилар.
Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларидан олганлар.
“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан