1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жума

Жума куни қилинган дуонинг қабул бўлиши

07:00 / 02 август 7340 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамларга қурғоқчилик етди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хутба қилиб турганларида бир аъробий туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мол-ҳол ҳалок бўлди, оилалар оч қолди, биз учун Аллоҳга дуо қилинг!», деди. Шунда у зот қўлларини кўтардилар. Осмонда бир парча булут кўринмаётган эди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки,  қўлларини туширмаслариданоқ, тоғдек булутлар қўзғалди. Кейин у зот минбарларидан тушмай туриб, ёмғир соқолларидан томаётганини кўрдим. Ўша куни ҳам, эртасига ҳам, индинига ҳам, ундан кейинги кун  ҳам то кейинги жумагача ёмғир ёғди.

Ҳалиги аъробий – ёки бошқаси туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бинолар вайрон бўлди, мол-ҳол ғарқ бўлди. Биз учун Аллоҳга дуо қилинг!» деди. Шунда у зот қўлларини кўтардилар-да: «Аллоҳим! Атрофимизга, устимизга эмас», дедилар. Булутлардан қайси тарафдагисига қўллари ила ишора қилсалар, тарқалиб кетар эди. Мадина худди юмалоқ чуқурдек бўлиб қолди. Водийда, яъни Қанотда бир ой сел оқди. Теварак-атрофдан келган киши борки, жалани гапирар эди».

Бухорий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Ушбу Қуръон менинг кўксимдан чиқиб кетмоқда. Уни ёдлашга қодир бўла олмаяпман», – деди.

«Эй Абул Ҳасан! Сенга Аллоҳ улар ила манфаат берадиган ва сен ўргатганларга ҳам манфаат берадиган ҳамда таълим олган нарсангни кўксингда собит қиладиган калималарни ўргатиб қўяйми?» – дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули! Менга таълим беринг», – деди.

«Жума кечаси туннинг охирги учдан бирида туришга қодир бўлсанг, бу шоҳид бўлинган соатдир. Унда дуо ижобат бўлади. Биродарим Ёқуб ўз ўғилларига: «Тезда сизлар учун Роббимга истиғфор айтурман», – деган. У буни жума кечаси келгунча айтган.

Агар қодир бўлмасанг, унинг ярмида тургин. Агар бунга ҳам қодир бўлмасанг, аввалида тургин. Тўрт ракаат намоз ўқи. Биринчи ракаатида Фотиҳа билан Йасин сурасини ўқи. Иккинчи ракаатида Фотиҳа билан «Ҳо Мим» – Духон сурасини ўқи. Учинчи ракаатда Фотиҳа билан «Алиф лаам мийм. Танзийл... – Сажда» сурасини ўқи. Тўртинчи ракаатида Фотиҳа билан муфассалдаги «Мулк» сурасини ўқи. Ташаҳҳуддан фориғ бўлганингда Аллоҳга ҳамд айт, Аллоҳга гўзал сано айт. Менга яхшилаб салавот айт. Бошқа набийларга ҳам. Мўминлар ва мўминалар ҳамда сендан олдин иймон билан ўтган биродарларинг учун истиғфор айт. Ана ўшалардан сўнг: «Аллоҳим! Мени қолдирган чоғингда маъсиятларни абадул-абад тарк қилдириб, раҳм қилгин. Ўзимга бефойда нарсаларга уринмаслик ила раҳм қилгин. Сени мендан рози қиладиган яхши назар насиб қилгин. Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Ё Аллоҳ! Ё Роҳман! Жалолинг ила, Юзингнинг нури ила сўрайман! Китобингни Ўзинг менга таълим берганингдек ёд олишни қалбимга лозим қилгин! Уни Сени мендан рози қиладиган тарзда тиловат қилишни насиб этгин.

Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Ё Аллоҳ! Ё Роҳман! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайман! Китобинг ила кўзимни мунаввар қилгин. У билан тилимни узун қилгин. У билан қалбимни очгин. У билан кўксимни кенгайтиргин. У ила баданимга амал қилдиргин. Чунки ҳақда менга Сендан ўзга ёрдам бера олмас. Уни Сендан ўзга бера олмас. Ҳол ва қувват фақатгина Аллоҳ биландир», дегин.

«Эй Абул Ҳасан! Буни уч жума ёки тўрт ёки беш (жума) қилгин. Аллоҳнинг изни ила ижобат қилинурсан. Мени ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, бу ҳеч бир мўминни четлаб ўтмаган», дедилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:

«Аллоҳга қасамки, беш ёки етти (жума) ўтиши билан Али соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига, худди аввалгига ўхшаш мажлисга келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули! Авваллари тўрт оят ёки шунга яқингинасини ёд олар эдим. Уларни ўқийман десам, ёдимдан чиқиб қоларди. Энди эса қирқ ва шунга яқинини ёд оляпман. Уларни ўқисам, худди Аллоҳнинг Китоби кўз олдимда тургандек бўляпти. Ҳадисни ҳам эшитар эдим, лекин такрорламоқчи бўлсам, ёдимга келмасди. Энди эса сиз ҳадис айтганингизда бир ҳарфини ҳам қолдирмаяпман», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Абул Ҳасан! Каъбанинг Робби ила қасамки, сен мўминсан!» дедилар.

Термизий ривоят қилган.

«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан

Муаллиф
Азизхўжа Хайруллоҳ ўғли
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким яхшилаб таҳорат қилсаю, сўнгра жумага бориб, давоми...

3824 04:00 / 14.07.2023
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон минбарга чиқсалар, салом берар эдилар,. Ибн Можа ва Шофеъий ривоят давоми...

919 08:54 / 01 ноябрь
. . .Ибн Умар розияллоҳу анҳу масжидга ўнг оёғи билан кириб, чап оёғи билан чиқар эди,.Бухорий ривоят қилган. Масжидда туфламаслик . ,. . Анас давоми...

1212 12:22 / 26 январь
t . , . . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир аёл .Эй Аллоҳнинг Расули, сизга ўтирадиган бирор нарса ясатиб берайми, менинг дурадгор ғуломим давоми...

918 11:30 / 18 октябрь