1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Одамнинг яратилиши

18:35 / 08.01.2019 23916 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кириш

«Мусулмон тарихчилар: «Тарихни ўрганган кишининг умри узаяди», дейишади. Ҳақиқатдан ҳам тарихни қунт билан ўрганган одам, гўё ўша ўзи ўрганган даврда яшайди. Тарихни қунт билан ўрганган одам дунё тарихида бўлиб ўтган кўплаб ҳодисаларнинг иштирокчисига, ҳеч бўлмаганда томошабинига айланади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бинобарин, Ислом тарихини қунт билан ўрганган мусулмоннинг умри узайиши, Аллоҳ таолонинг динида яшаган ҳаёти бойиши, инсоният тарихига иймон ва Ислом ёғдуси, нури ила назар солиши шубҳасиздир».

Шу маънода шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб икки жилдлик «Ислом тарихи» асари халқимиз томонидан улкан қувонч ила кутиб олинди. Бу асар китобхонлар орасида қўлдан-қўлга ўтиб, севиб ўқиб борилаётгани, ундан олам-олам таассурот олинаётгани бежиз эмас, албатта.    

Азиз ўқувчилар! Бугундан эътиборан Islom.uz сайтида мазкур асар ва бошқа муҳим манбалар асосида мақолалар бериб боришга жазм этдик. Мақсадимиз эса, шу орқали динимиз тарихини ўрганишдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ишнинг ҳаммамиз учун манфаатли, хайрли ва баракотли бўлишини насиб қилсин!

Биринчи фасл

 

Одамнинг яратилиши

Биринчи инсон Одам алайҳиссаломдир. Шунингдек, Одам алайҳиссалом набийларнинг ҳам биринчиси ҳисобланади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг ҳикмати ила ер юзида инсонни яратиб, Ўзига ўринбосар қилишни ирода этди. Шу билан бирга, ана шу Ўзи яратган ўринбосарига ер юзидаги барча нарсалар ва имкониятларни беминнат хизмат қилдириб қўйишни ҳам ирода этди. Аллоҳнинг алоҳида лутфи ила ва барча имтиёзларга эга қилиб яратилган ана шу жонзот Одам деб аталди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одамни тупроқдан яратди. Сўнг унга Ўз руҳидан, яъни Ўзи яратган руҳдан жон пуфлади. Одамга Ўзи бу дунёда яратиб қўйган ҳар бир нарсанинг номини ўргатди, фаришталарни унга сажда-таъзим қилишга амр этди. Одамга сажда қилишдан бош тортган, Аллоҳнинг амрига бўйсунмаган иблисни эса лаънатлаб, Ўз ҳузуридан қувди.

Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қуйидаги оятни нозил этиб, шундай баён қилган:

«Эсла, Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз», дедилар. (У Зот) «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди» (Бақара сураси, 30-оят).

Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг буюрганларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

Фаришталарнинг «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» деган гапларидан билинадики, улар ўзларигагина маълум йўл билан инсоннинг ер юзида фасод, бузғунчилик қилиши ва қон тўкишини, айни чоқда, улар фаришталик табиати билан ўзлари айтиб турган тасбеҳу ҳамдларни ва қилиб турган улуғлашларни ушбу махлуқотларнинг яратилиш мақсади деб билганлар. Аммо Аллоҳнинг илми бошқа, фаришталар буни билмайдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди. Яъни одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, фаришталарнинг тасбеҳ ва ҳамд айтиб, Аллоҳни ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам У Зотни улардан бошқа мавжудотни яратишдан тўса олмайди.

«...ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб беринг-чи», деди» (31-оят).

Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни бергани ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса Одамга исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётидаги энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсангиз, уни тоғнинг олдига олиб бориб айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмас эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш анча қийин бўларди.

Ривоятларда келишича, «Бунинг исми от, буниси туя, мана бу қуёш, бу эса юлдуз», деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабабларидан бири илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсоннинг илм ёрдамида борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.

Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва: «Агар «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» деган даъволарингиз рост бўлса, Менга ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб беринглар», деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:

«Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг билувчисан, ҳакимсан», дедилар» (32-оят).

Фаришталар шу ўринда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз «Билмаймиз» деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «Билмайман» дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.

Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – Одамнинг устунлигини намоён этиш учун:

«Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида: «Сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсаларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан, демабмидим?» деди» (33-оят).

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат эди. Инсон ер юзида бузғунчилик қилиши ва қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атонинг чап қовурғасидан у зот алайҳиссалом учун жуфти ҳалол – Момо Ҳаввони яратди. Уларга жаннатдан жой ато этиб, унда фароғатда яшашларини таъминлади. Улар жаннатда маълум бир муддат яшадилар.

Аллоҳ таоло уларга жаннатдаги ҳамма меваларни тановул қилишга рухсат бериб, фақат биттагина дарахт мевасини (синов учун) ман қилди.

Одамни ва унинг зурриётларини то қиёматгача иғвога солишни, тўғри йўлдан адаштиришни ваъда қилган лаънати иблис Одам Ато ва Момо Ҳаввони тинмай иғво қилиб, уларни ман қилинган дарахт мевасидан ейишга олиб келди. Ушбу ҳодисадан кейин Одам алайҳиссалом билан Момо Ҳавво Аллоҳга тавба қилдилар. Аллоҳ тавбаларини қабул қилди ва уларни ер юзига туширди.

Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга ер юзида яшаш, ҳаёт кечириш, меҳнат қилиш, жумладан, деҳқончилик, зироат ишлари, экин-тикинларни суғориш каби ишларни ўргатди. Одам алайҳиссалом ўз жуфтлари билан экин экиб, зироатчилик билан шуғулландилар. Ўз ҳаётлари учун зарур бўлган маҳсулотларни етиштириб, ҳосил олиб, кун кечирдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Ато ва Момо Ҳаввога фарзандлар ато этди.

Тарихчилар Одам Ато ва Момо Ҳавво ер юзининг қайси ҳудудига тушганлари тўғрисида ихтилоф қиладилар. Бу борада турли-туман ва жуда кўп гаплар айтилган. Одам Ато ва Момо Ҳавво Арабистон яриморолига туширилган, деган фикр эгалари кўпчиликни ташкил этади. Яна Ҳиндистондаги тоғ яқинига туширилган, деганлар ҳам бор.

Яратилишининг илк давридан бошлаб инсон ўзининг комил ва гўзал суратида бўлган. Баъзи динсизлар айтганидек, аввал содда жонзот бўлиб, сўнг маймунга ва ниҳоят одамга айланмаган. Балки Аллоҳ таоло уни энг гўзал суратда, энг чиройли хилқатда яратган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда алоҳида таъкидлаб, Тийн сурасида шундай марҳамат қилади:

«Биз инсонни энг гўзал тузилишда яратдик» (4-оят).

Аллоҳ таоло инсонни ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам руҳан энг яхши ҳолатда яратгани ҳаммага маълум.

Шундан сўнг инсоният тарихидаги энг машҳур, оламшумул воқеалардан бири – Қобил ва Ҳобил воқеаси рўй берди. Бу воқеа ер юзида содир этилган энг биринчи гуноҳ, энг биринчи жиноят сифатида эсланади.

Қобил ва Ҳобил Одам алайҳиссаломнинг тўнғич фарзандларидан эди. Ўша вақтдаги содда ҳаётга мосланган содда шароитда фарзандлар (илоҳий ҳикматга кўра жуфт ҳолда) бир ўғил, бир қиз бўлиб туғилар эди. Кейинги фарзандлар ҳам худди шундай – бир ўғил, бир қиз туғилган. Улар вояга етган пайтда ер юзида улардан бошқа одам бўлмагани сабабли, Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган шариат қоидасига кўра, биринчи туғилишдаги ўғил иккинчи туғилишдаги қизга уйланиши, иккинчи жуфтлик ҳам худди шундай алмашиб турмуш қуриши йўлга қўйилган. Бу фақат ўша илк даврга хос рухсат бўлган. Аллоҳ таоло бошқа инсон зоти йўқ илк даврдаёқ инсонларнинг кўпайишини шу тарзда ирода этган. Бунинг учун эса оила қуриб яшашни ҳаётнинг бош қонуни қилиб қўйган.

Тарихчилар Қобилнинг тўнғич фарзанд бўлгани, у юқоридаги қонуниятга зид равишда ўзи билан бирга туғилган синглисига уйланишни хоҳлагани, шунда Ҳобил унга қаршилик қилгани ва шу тариқа уларнинг орасида низо пайдо бўлганини таъкидлайдилар. Шундан сўнг Қобил ва Ҳобил Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қурбонлик қилишади. Ҳобил қўчқор қурбонлик қилади ва Аллоҳ таоло уни қабул этади. Қобилнинг қилган қурбонлиги эса қабул бўлмайди. Шунда Қобил ҳасад қилиб, Ҳобилни ўлдириб қўяди. Мана шу башарият ер юзида содир этган биринчи жиноят ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Ўшанда икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. «Мен сени ўлдиражакман», деди. (Наригиси) деди: «Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади. Агар мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман. Мен оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман. Менинг гуноҳимни ҳам, ўзингнинг гуноҳингни ҳам олиб кетиб, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир». Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиён кўрувчилардан бўлди» (27–30-оятлар).

Қуръони каримда Одам Атонинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишларининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар.

Одам Ато бир ривоятга кўра, минг йил яшаб, сўнг вафот этганлар ва имом Табарий, Ибн Асир, Яъқубий ва бошқа олимларнинг ривоятларига кўра, Маккаи мукаррамадаги Абу Қубайс тоғи ёнига дафн қилинганлар. Одам алайҳиссаломни ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар.

Баъзилар у зотнинг Ҳиндистондаги бир тоғ яқинига дафн қилинганларини айтишади.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола 6. Хос ҳолатларни умумлаштириш тарихчиларнинг энг катта хатоларидандир. .Шумбола, асарида Ғофир Ғулом воқеликни ёзганини иддао қилади. Биз уни давоми...

2349 11:00 / 31.08.2023
ЎРТА ШАРҚ НАСРОНИЙЛАРИ ВА МУСУЛМОНЛАРИ. Арабистон ҳудудидан ташқарига чиқишда араблар икки халқ ndash Ғарб насронийлари ва Форс зардуштийлари билан жанг қилишга давоми...

9527 05:00 / 24.02.2017
Жангчи давлат арбоби бўлиши шарт эмас. Сиёсатнинг ўз ҳисоби бор. Жангни моҳирлик билан бошқарадиганлар ҳамма вақт ҳам давлатни моҳирлик билан бошқара олишмайди. давоми...

1756 13:00 / 16.12.2021
Имом, аллома, фақиҳ, усули фиқҳ илмининг олими, луғат билимдони, Хуросон аҳлининг пешвоси Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший Шофеъий. .Қаффоли Кабир, номи давоми...

3251 18:45 / 24.01.2019
Аудиолар

137664 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57725 14:35 / 11.08.2021