1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Соғлик ва фароғат

08:44 / 03.01.2019 3607 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда сиҳат-саломатлик, тани соғлик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг улкан неъматларидан бири ҳисобланади.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қолурлар. Улар соғлик ва фароғат», деганлар.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлиқнинг бандага берилган неъмат эканини очиқ-ойдин қилиб айтмоқдалар.

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Меҳсон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани ризқи бўлса, гўёки дунёни қўлига киритибди».

Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик деб эълон қилинишининг ўзи Исломда кишиларнинг саломатлигига қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Чунки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган тинч-омонлик ва егулик-ичгулик неъматлари бўлса ҳам, соғлиқ неъмати бўлмаса, кишига татимайди. Баъзи вақтларда инсон бутун бойлигини сарфлаб бўлса ҳам тани сиҳатликни топа олмайди.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат унга «Сенинг жисмингни соғлом қилган эмасмидик? Сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик?» дейилишидир», деганлар.

Соғлиқ неъмати Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири бўлгани учун ҳам охиратда биринчи бўлиб у ҳақда сўралади. Шундай экан, банда бу нарсанинг қадрига етиши керак. Бундай неъматни берган Зотга шукр қилмоқ лозим. Неъматнинг шукри эса уни берувчи Зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат берувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.

Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз уматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар. Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган».

Яқийн – мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги, иккинчи ўринда соғлиқ турар экан.

Имом Насоий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳдан афвни, офиятни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин мустаҳкам соғлиқчалик яхши нарса берилмагандир», деганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ана ўша неъматларини ато қилсин. Омин!

Ислом соғлиқнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади.

 “Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш, уларни тоқатлари етмайдиган даражадаги оғир ва машаққатли амалларга буюрмаслик Ислом динининг асосий ва улкан давоми...

3695 12:01 / 02.11.2018
Бу воқеа Муқаддас Китоб ва Қуръонда берилган Мисрдан чиқиш ҳақидаги ривоятларнинг энг муҳим нуқтаси ҳисобланади. Матнларда бу аниқравшан тасвирланган. Бу ҳақда давоми...

3769 20:00 / 22.12.2018
Аввалги мақолаларимизда мавлид маросимларида мавжуд бўлган бир қатор хато камчиликларга ишора қилиб ўтилди. Шу билан бирга, уларга қўшимча равишда яна айрим давоми...

5033 15:22 / 21.11.2018
Италия томонидан Ливиядаги ишғол қилинган ерлар ҳокими ndash Пьетро Бадольонинг дафн маросимида қатнашиш учун шаҳар олимларию аъёнлари мажбурланди. Уларнинг давоми...

3749 21:00 / 23.02.2019