1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 18 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Увайс Қораний розияллоҳу анҳу – тобеъинларнинг яхшиси

10:10 / 01.01.2019 4386 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Увайс Қораний розияллоҳу анҳу яманлик солиҳ киши бўлган. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида у зотга иймон келтирган. Аммо у зот билан мулоқотда бўлмаган, у зотни кўра олмаган. Шунинг учун саҳобий бўла олмай, тобеъин бўлиб қолган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Тобеъинларнинг яхшиси Увайс деган кишидир. Унинг онаси бор. Унда оқлик бор эди. Унга буюринглар, сизлар учун истиғфор айтсин», деганларини эшитганман».

Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кўрмаган одам ҳақида хабар беришлари мўъжизадир.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга Увайс Қораний розияллоҳу анҳунинг дуоларини олишга тарғиб қилишлари у кишининг фазлларига далолат қилади.

Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аҳли Куфа Умарнинг олдига ҳайъат бўлиб келишди. Уларнинг ичида Увайсни масхара қилиб юрадиган бир киши бор эди. Умар:

«Бу ерда қоранийлардан кимдир борми?» деди. 

Ҳалиги одам келди. Шунда Умар унга шундай деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга Ямандан бир одам келади. Уни Увайс дейдилар. Яманда фақат онасидан бошқани қолдирмаган бўлади. Унда оқлик бор эди. Аллоҳга дуо қилган эди, ундан ўшани (оқликни) кетказди. Фақат бир динорча ёки дирҳамча жой қолди, холос. Сиздан ким унга йўлиқса, ундан ўзининг ҳаққига истиғфор айтишини сўрасин», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Увайс Қораний розияллоҳу анҳу хокисор одам бўлган экан. У киши ўзини жуда ҳам камтарона тутганидан кўпчилик эътибор ҳам бермас экан. Баъзилар эса масхара ҳам қилар экан.

Ушбу ривоят ҳам ўша Увайс Қораний розияллоҳу анҳуни масхара қиладиганлардан бири сабабли ворид бўлган экан.

«Аҳли Куфа Умарнинг олдига ҳайъат бўлиб келишди. Уларнинг ичида Увайсни масхара қилиб юрадиган бир киши бор эди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифаликлари вақтида у кишининг олдиларига турли вилоятларнинг ҳайъатлари келиб турар эди. Мана, Кўфадан ўша ҳайъатлардан бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қабулларига кирди. Ҳайъат аъзолари билан таниша туриб, Умар:

«Бу ерда қоранийлардан кимдир борми?» деди. 

Ҳалиги одам келди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг саволларидан кейин ҳалиги Увайс Қораний розияллоҳу анҳуни масхара қилиб юрадиган одам келди.

«Шунда Умар унга шундай деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга Ямандан бир одам келади. Уни Увайс дейдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган нарсадан хабар берган эканлар. У зот Увайс Қораний розияллоҳу анҳунинг Ямандан Ҳижозга келишларини аввалдан айтиб қўйган эканлар. Бу Увайс Қораний розияллоҳу анҳунинг фазлларидан далолатдир.

«Яманда биттагина онасидан бошқани қолдирмаган бўлади».

Демак, Увайс Қораний розияллоҳу анҳунинг онасидан бошқа ҳеч кими йўқ экан.

«Аллоҳга дуо қилган эди, ундан ўшани (оқликни) кетказди. Фақат бир динорча ёки дирҳамча жой қолди, холос».

Бундан Увайс Қораний розияллоҳу анҳуда пес касали бўлгани келиб чиқади. Аммо у киши дуоси қабул бўладиган кишилардан эдилар. Ҳатто дуолари билан пес касали ҳам тузалган экан. Фақат Аллоҳ ирода қилган ҳикматга биноан озгина жойи қолган экан.

«Сиздан ким унга йўлиқса, бас, ундан ўзининг ҳаққига истиғфор айтишини сўрасин», дедилар».

Увайс Қораний розияллоҳу анҳунинг фазллари шу ерда яна бир бор намоён бўлмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни Увайс Қораний розияллоҳу анҳудан дуо сўрашга амр қилмоқдалар.

Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар қачон унга Ямандан мадад кучлари келса:

«Ичингизда Увайс ибн Омир борми?» деб сўрар эди. Охири у Увайсни топди ва:

«Сен Увайс ибн Омирмисан?» деди.

«Ҳа», деди.

«Муроддан, кейин Қоранданмисан?» деди.

«Ҳа», деди.

«Сенда песлик бўлиб, ундан тузалгансан-у, фақат бир дирҳамча жой қолганми?» деди.

«Ҳа», деди.

«Волиданг бор-а?» деди.

«Ҳа», деди.

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизларга Яман аҳли мадад кучлари ичида Увайс ибн Омир келади. У Муроддан, кейин Қорандандир. Унда песлик бор эди. Ундан тузалган-у, фақат бир дирҳамча жой қолган. Унинг волидаси бор. Унга яхшилик қилади. У агар Аллоҳга қасам ичса, У Зот унинг қасамини бажо қилади. Агар ундан сенга истиғфор айтишини сўрай билсанг, ундан истиғфор айтишини сўра», деганларини эшитган эдим. Мен учун истиғфор айт», деди.

Бас, у истиғфор айтди. Умар унга:

«Қаерга боришни истайсан?» деди.

«Куфага», деди.

«У ернинг омилига мактуб ёзиб берайми?» деди.

«Заифҳол одамлар ичида бўлмоғим мен учун маҳбубдир», деди.

Келаси йили уларнинг ашрофларидан бир киши ҳажга келди. Умар ундан Увайс ҳақида сўради.

«У уйи сочилган, матоҳи оз ҳолда қолди», деди.

Умар унга мазкур ҳадисни эшиттирди. Ҳалиги одам қайтганидан сўнг Увайснинг олдига борди ва:

«Мен учун истиғфор айт», деди.

«Сен эндигина солиҳ сафардан келдинг. Сен мен учун истиғфор айт», деди.

«Мен учун истиғфор айт», деди.

«Сен эндигина солиҳ сафардан келдинг. Сен мен учун истиғфор айт», деди.

Сўнгра бир оз туриб:

«Умарга учрадингми?» деди.

«Ҳа», деди.

Шунда Увайс унга истиғфор айтди. Одамлар унинг кимлигини билиб қолдилар. Шунда у бошини олиб чиқиб кетди».

Муслим ривоят қилган.

Ҳақиқий валийлар шундай бўлишади. Улар ўз фазлларини оммадан беркитадилар. Увайс Қораний розияллоҳу анҳу ҳам ана шундайлардан эди. Одамлар у зотнинг валоятларини билиб қолганларидан кейин бошларини олиб чўлу саҳроларга чиқиб кетган.

Аллоҳ таоло Увайс Қораний розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
28. Эътикоф фазилати. Рамазонга оид энг кўзга кўринган ибодатлардан бири масжидда эътикоф ўтиришдир.Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

1808 17:00 / 06.05.2020
Ҳазрати Алининг набираси Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин одамлар таниб қолмаслиги учун тунда қиёфасини ўзгартириб, амакиваччасининг уйига келиб, сақада қилиб кетар давоми...

3300 10:10 / 03.11.2018
Қози Шурайҳнинг ўғли отасига .Бир гуруҳ билан тортишиб қолдим. Қарангчи, агар улар ҳақ бўлса, тортишмайман. Ноҳақ бўлса, тортишаман, деб, бўлган воқеани айтиб берди. давоми...

2458 07:10 / 22.08.2019
Эрхотин ўзаро алоқа қилганида эркакдан тахминан 200, 000000 икки юз миллион сперма ажралиб чиқади. Мантиқан олганда агар бу миқдор сперма бачадонда жойлашса 200,000000 давоми...

3434 10:00 / 26.03.2021
Аудиолар

231598 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150108 14:35 / 11.08.2021