Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (14-дарс). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон (давоми)

21:40 / 31.12.2018 5848 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

ﯮﯯﯰﯱﯲﯳﯴﯵﯶﯷﯸﯺ ﯻﯼﯽﯾﯿﰀﰁﰂﰃﰄ

«Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра ўзинг учун Бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг» (74–75-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қани энди, ҳамма одамлар мўмин-мусулмон бўла қолса» деган рағбатлари жуда ҳам кучли эди. Баъзан кўнгилларига даъват фойдасини кўзлаб, муросаю мадора йўлларини тутиш фикри тушар эди. Шундай ҳолларда Аллоҳ таолонинг Ўзи дарҳол вазиятга аралашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўғри йўлда собитқадам қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳий кўрсатмаларидан оғишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асраб тургани ҳамда шахсиятларининг аҳамияти нақадар буюклиги мана шундай ҳолларда яққол билинади.

Аллоҳ таоло томонидан бўлган бундай огоҳлантириш ва танбеҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай таъсир қиладики, унинг олдида ҳар қандай таҳдид ва қўрқитиш ҳеч нарса бўлмай қолади.

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари хусусида янада қаттиқ оҳангда хитоб қилади. Хитоб жуда ҳам оғир бўлгани ва фаразий воқеъликни тасвирлагани учун ҳам учинчи шахс сийғасида келади:

ﮆﮇﮈﮉ ﮊﮋﮌﮍﮎﮏﮐﮑﮒﮓ ﮔ ﮕﮖﮗﮘﮙﮚﮛ

«Ва агар у Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиса, албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз. Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини ке-самиз. Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қолувчи бўлмас» (4447-оятлар).

Яъни «Агар мушриклар даъво қилаётганидек, Муҳаммад Бизнинг номимиздан баъзи сўзларни тўқиб чиқарса ёки оятларимиз орасига бирор сўзни қўшиб юборса, ҳозиргига ўхшаб, соғ-омон, мўъжизаларга эга, гуноҳлардан маъсум бўлиб, одамларнинг ёмонликларидан қўрилган ҳолда юрмайди. Агар шундай бўлса, Биз тамоман бошқача иш тутамиз. Биз ундан Ўз қувват ва қудратимиз билан интиқом оламиз. Уни аянчли ҳолда ҳалок қиламиз».

Бу оятлар Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг соф каломи эканига ёрқин далилдир.

Имом Замахшарий ушбу оятлар тафсирида қуйидагиларни айтган-лар:

«Оятнинг маъноси шундай: «Агар у Биз айтмаган нарсани даъво қилса, уни «сабр» ўлими билан ўлдирамиз». Подшоҳлар ўзларига ёлғон ишлатганларни ғазаб ва интиқом билан шундай ўлдиришар эди. Сабр ўлимининг сурати ниҳоят даражада қўрқинчлидир. Унда икки қўлдан ушлаб, бўйинга урилади».

Ушбу қўрқитувчи, огоҳлантирувчи ва итоб қилувчи, яъни койиб, одоб берувчи оятларни ўрганиш мобайнида бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қудрат ва қаҳр Эгаси, қувват ва улуғворлик Соҳиби бўлган Робблари ҳузурида заиф яратилмиш банда эканликлари яққол намоён бўлади. Буюрувчи Аллоҳ Зоти билан буюрилмиш Пайғамбар зоти орасидаги фарқ тўла англашилади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига мукаммал синг-диришлари ила нозил бўлган ваҳий билан ўзларининг хос ҳадислари орасини ҳам очиқ-ойдин ажратиб қўядилар. Гарчи ҳадислари ҳам Аллоҳ таолонинг берган илҳоми, ваҳийси орқали содир бўлган бўлса-да, уларни ҳаргиз Роббоний каломга аралаштириб юбориш имконияти йўқлигини, қалбларидан кечган айрим ўй-фикрлар ёлғиз инсоний сифат эканини ҳам кўрамиз. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишининг дастлабки даврларида Қуръондан бошқа нарсани ёзишдан қайтардилар. Бу билан Қуръоннинг Роббоний сифатини муҳофаза қилиш, ушбу муқаддас сифатга бошқа нарсалар аралашиб кетишининг олдини олиш мақсад қилинган эди. Қачон Қуръондан оят нозил бўлса, ўша заҳоти котибларни чақириб, нозил бўлган ваҳий калималарини ёздириб қўяр эдилар.

Эҳтимол, юқорида келтирилган далиллар баъзи тадқиқотчиларнинг назарида зикр қиларли даражадаги нарса бўлиб кўринмас. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳийни эслаб қолиш учун қилган ҳаракатларидан очиқ-ойдин қайтариш, у зотнинг ихтиёрларига ва иродаларига қарши буйруқ бўлишининг ўзи ваҳий ҳолати Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларидан мутлақо ташқари эканини эътироф қилишга ҳар қандай ақлни мажбур қилади. Ваҳий ҳолати нафсий кечинмалардан, ички омиллардан батамом бегонадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ёдлашда ҳаттоки ваҳийни эслаб қолиш қобилиятларини ишлатиш ҳаққига ҳам эга эмас эдилар. Балки Аллоҳнинг Ўзи у зотга ёдлатиб қўйиш кафолатини берди. Шу ўринда ёд олиш сабаблари қонуни ҳам бекор бўлиб, Аллоҳнинг иродаси қаршисида уларнинг таъсири бутунлай ўчиб кетди. Ёдлаш учун қилинадиган инсоний ҳаракатларнинг ҳеч бирига эҳтиёж қолмади. Ҳатто уларни ишлатишга ҳам рухсат бўлмади. Бу тўғрида Қиёмат сурасининг оятларини юқорида ўргандик.

Шундай экан, қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг буюрилмиш шахслари билан буюрувчи Аллоҳ таолонинг Зоти орасидаги улкан фарқни сезмасликлари мумкин?! Бирор илоҳий сўзни инсоний сўз билан аралаштиришлари мумкинми?! Йўқ, албатта. У зот ваҳий борасида ўзларича бирор нарсага эга эмасликларини кўриб турар эдилар.

Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари тавқифий, яъни ваҳий асосидаги ҳадислар бўлиб, уларнинг мазмуни ваҳийдан ҳисобланса ҳам, у зот котибларни фақат оятларнигина ёзишга буюрар эдилар. Ҳолбуки, ҳадислар оятларга боғлиқ бўлиб, уларни тафсир қилади. Ҳадисларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз иборалари, услублари билан тузиб, ўз лафзлари билан баён қилганлар. Шунинг учун ҳам на у зотнинг, на бошқа бирор кишининг услуби мўъжизавий Қуръон услубига аралашиб кета олмайди.

Ҳатто уламолар ҳадиси қудсийларнинг маънолари Аллоҳдан эканини эътироф қилиб, кўпчиликлари уларни Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлган, десалар-да, улар ҳам Қуръондан алоҳида ажралиб туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг Аллоҳнинг Китобига аралашиб кетмаслигига қаттиқ эътибор қилганлар ва ҳадиси қудсийлар Қуръон эмаслигини эшитувчига набавий иборалар орқали сездириб турганлар. Аллоҳдан нозил бўлган маънони инсоний услуб билан ифода қилганлар.

 

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Эй одамлар Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар Номини ишлатиб давоми...

8649 05:00 / 23.01.2017
.Улуми Қуръон, мутахассислари Қуръони карим оятларидан қай бири аввал ва қай бири охири нозил бўлгани ҳақида ҳам жиддий изланишлар олиб борганлар. Чунки кўп бор давоми...

7653 19:50 / 29.04.2019
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

4037 05:00 / 23.01.2017
Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса ndash муҳкам давоми...

3646 13:00 / 23.06.2020
Аудиолар

131587 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52064 14:35 / 11.08.2021