1447 йил 18 жумадул аввал | 2025 йил 09 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

18-боб. Насрония онага исломни арз қилиш

11:10 / 27.12.2018 3160 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Мен ҳақимда эшитган одам борки, яҳудийми, насронийми – барибир, мени яхши кўриб қолар эди. Онамнинг Исломга киришини жуда истардим, онам эса буни истамас эди. Онамга яна Исломни арз қилдим, у яна бош тортди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларга бориб, «Унинг ҳаққига дуо қилинг», дедим.

Ул зот дуо қилдилар. Мен онамнинг олдига қайтдим. Борсам, эшикни ичкаридан ёпиб олган экан. Шунда у:

«Эй Абу Ҳурайра! Мен мусулмон бўлдим!» деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказдим ва:

«Мени ва онамни дуо қилинг!» дедим.

«Аллоҳим! Банданг Абу Ҳурайрани ва унинг онасини одамларга маҳбуб қилгин!» дедилар».

Шарҳ: Бошқа ривоятларда айтилишича, оналари Исломга кириб, ичкаридан эшикни ёпиб олиб, ғусл қилаётган бўладилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу буни эшитиб, тўхтаб қоладилар. Шунда оналари ичкаридан туриб: «Эй Абу Ҳурайра! Мен мусулмон бўлдим» дейдилар.

У киши яна қайтиб бориб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Онам мусулмон бўлибдилар, менинг ва онамнинг ҳаққимизга бир дуо қилинг», дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Банданг Абу Ҳурайрани ва унинг онасини ҳамма инсонларга маҳбуб қилгин», деб дуо қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу табаррук дуолари қабул бўлган экан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ва у зотнинг оналарини ҳамма яхши кўрган экан.

Ушбу ҳадисдан онани динга чақириш бўйича бир нечта нарсаларни билиб оламиз. Мусулмон ўғил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу насрония оналарини Исломга даъват қилиб, ялиниб-ёлворган. Жуда бўлмагандан кейин бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Онам мусулмон бўлсин, бир дуо қилинг», деб илтимос қилганлар. Оналари мусулмон бўлганларидан кейин яна қайтиб бориб, «Онам мусулмон бўлдилар, яна дуо қилинг», деганлар. Мусулмон фарзанд ота-онани Исломга яхшилик билан даъват қилиши, эҳтиром билан ҳаракат қилиши кераклигини шундан билиб оламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон фарзанд бошқа диндаги ота-онасини Исломга чақириши собитлиги.

2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу онасининг Исломга кириши учун интиқ бўлгани.

3. Бировнинг Исломга кириши ҳақида дуогўйлардан дуо олиш борлиги.

4. Дуонинг қабул бўлганини дуо қилувчига етказиб қўйиш яхши экани.

5. Ўзи ва онаси учун дуо сўраш борлиги.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари мустажоблиги.

7. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга ҳамма кишилар муҳаббат қилгани.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анасдан ривоят қилинади.Муҳожирлар.Эй Аллоҳнинг Расули Ансорийлар ажрсавобнинг ҳаммасини олиб кетишди,, дейишди..Йўқ, ундай эмас. Сиз уларнинг ҳаққига дуо қилиб давоми...

2964 20:00 / 13.05.2021
Отаонага яхшилик қилишга, уларнинг итоатида бўлишга жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари жуда юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг давоми...

1690 16:34 / 22.07.2024
. . . . . Ато ибн Зуҳайр ибн Асбағ Омирий отасидан ривоят қилади .Абдуллоҳ ибн Амрга .Менга раҳмнинг хабарини бер,, дедим. .Аллоҳ давоми...

1018 13:44 / 08 октябрь
Салмондан ривоят қилинади.Гумондан хавфсираб, ходимимга суякни ҳам санаб бераман,.Салмондан ривоят қилинади.Гумондан қўрқиб, суякни санаб бераман,.Шарҳ Ушбу икки давоми...

2464 15:02 / 13.06.2020