1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Христианлик ва илм

12:30 / 22.12.2018 5006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Христианлар учун муқаддас саналган Тавротда Одам Атога ейиши ман қилинган дарахт илм ва маърифат дарахти эди. Аллоҳ инсонга илму маърифатни раво кўрмагани учун уни мазкур дарахт мевасидан емоқни ман қилган эди. Одам Аллоҳ таолога исён қилиб маърифат дарахти мевасидан еди ва илми зиёда бўлди. Шу сабабдан, у Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлди ва даргоҳидан қувилди. Черков намояндалари мазкур илмларни биринчи маъсиятнинг айни ўзи, деб ҳукм чиқарганлар.

Масийҳийларнинг муқаддас китобларида ва бошқа манбаларида кишиларни илм фанга чақириш, бу борада қилган амаллари учун савоб ваъда қилиш каби ишлар мутлақо йўқдир. Ҳозирги пайтда масийҳийликни ҳимоя қилиб ёзаётганларнинг гапларида бу дин ривожланган ва ҳамма нарсага эга чиқиб турган пайтда бир оз саводхонлик борасидаги нарсаларни илм ва фан йўлидаги чекровнинг қилган хизмати дея далил келтиришдан бошқа бирор нарсани айта олмайдилар.

Асосан черковнинг ушбу ва шунга ўхшаш сафсаталари туфайли европада ҳамон саводсизлик, жаҳолат, чикинлик ҳукм сурар эди. Инсон ҳаётининг барча соҳаларини ўта бузиқ диний тушунчага асосланган черков бутунлай эгаллаб олган эди. Айни шу сабабларга кўра европада зулматли асрлар давом этарди.

Фикрнинг исботи учун европаликларнинг ўзлари ёзган битиклардан иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз:

“Оврўпа ўрта асрлар маданиятининг ўзига хос энг муҳим хусусияти бўлиб насоро ақийдасининг ва насоро черковининг алоҳида ўрни намоён бўлди. Рим империясининг қулаши билан вужудга келган ялпи маданият таназзули шароитида черков яккаҳол тартибда бир неча асрлар давомида барча Оврўпа мамлакатлари, қабилалари ва тузумлари учун ягона ижтимоий тартибот йўриқчиси бўлиб қолди.

Черков ўз тушунчаларини барча соҳаларда тарқатиб туриб кишиларда маълум бир диний ақийданинг шаклланишига жуда катта таъсир кўрсатарди.

Ўрта асрлар маданияти тарихи — черков ва давлат ўртасидаги кураш тарихи демакдир. Санъатнинг жамиятдаги ҳолати ва ўрни жуда мураккаб ва зиддиятли бўлган.

Ғарбий Оврўпанинг маданий тимсоли қадимги рим ва юнон маданияти мероси, ҳамда насоролик ва герман қабилаларининг маънавий ўсишининг мураккаб бирикмаси асосида шаклланиб етди. Ўрта асрлар маданиятининг шаклланиб ривожланишида эса асосий таъсирни насоролик дини кўрсатди.

Ўрта асрлардаги дунёқараш дуализмга, яъни дунёнинг иккилиги ҳақидаги тушунчага асосланган эди. Бу тушунчага кўра дунё кўринадиган, ҳис қилинадиган, инсон сезги аъзолари ила сезиладиган бу дунёга ҳамда, самовий, аслий мукаммал, бизнинг тасаввуримиздагина мавжуд бўлган нариги дунёга бўлинади.  Бунда асосий дунё деб олий, самовий, “юқори” дунё тушунилар, бу дунё еридаги ҳаёт эса самовий дунё ҳаётининг ердаги акси деб ҳисобланар эди. Ўрта асрлар санъатидаги тимсоллар айнан иккидунёчилик таълимотидан тус олганди. Бунда фақатгина тимсоллар, яъни акс эттирилган воқеъий жисмлар ва ҳодисаларнинг яширин маънолари ҳисобга олинар эди. 

Насоролик таълимоти наздида дунё иккига бўлингани каби инсонда ҳам икки асос – жисм (тан) ва руҳ мавжуд. Албатта бунда руҳ “руҳнинг бандихонаси” деб аталмиш жисмдан устундир. Шу сабабдан ўрта асрларда инсон жисми майлларини жиловлаш яхши фазилат ҳисобланган, инсоннинг энг баркамол намунаси деб эса ўз ихтиёрлари билан дунё неъматларидан воз кечган монахлар ва таркидунёчилар тушунилган. 

Ўрта асрлардаги бундай диний дунёқарашнинг ҳукмронлиги мазкур давр санъатининг ўзига хос хусусиятларини аввалдан белгилаб берди. Бу даврнинг деярли барча санъат асарлари дин йўлига хизмат қилиб, уларда тимсоллар ва мажозлар тили ёрдамида бу воқеъий дунё эмас, балки ғайбий, нариги дунё манзаралари акс эттирилган эди. Қадимги рим ва юнон санъантидан фарқли ўлароқ, ўрта асрлар санъати дунёвий ҳаёт шодлигини деярли ифода этмас, балки мушоҳадага, чуқур хаёлотга чўмишга ва дуоларга мойилликни уйғотарди. Бундай санъат макон ёки инсоннинг батафсил, воқеъий суратини яратишга интилмас эди: ахир воқеъий, ҳақиқий дунё сифатида фақатгина “олий”, яъни самовий дунё билинар, бу дунё тафсилотларини эса менсимаслик ҳам мумкин эди, зеро ўткинчи дунё тафсилотлари аслий дунёдаги бутунликни англашни қийинлаштирар эди. Шу сабабдан ўрта асрлар санъати одатийликни, умумийликни акс эттирган, хосликни ва бетакрорликни эмас.

  Оврўпадаги насоро дунёсининг турли бурчакларидаги санъат бобидаги ривожланиш насороликнинг икки асосий йўналиши бўлмиш католицизм (ғарбий) ва православлик (шарқий) ўрталаридаги тафовутдан келиб чиққан ўзига хос хусусиятларга эга эди. Ўзига хослик энг аввало ақийда бобида, ибодатларни бажаришдаги тафовутларда ҳамда икона суратларидаги мавзуларда билинар эди (католик икона суратларда асосан Ийсо алайхиссаломнинг бу дунёда чеккан азоблари ва хочга михланишларига урғу берилса, православларникида қиёмат куни тантаналарига эътибор берилар эди). Шу билан бирга ўзига хослик ибодат амалларини бажариш тилида (Ғарбда ибодат амаллари учун лотин тилидан фойдаланилар эди), “муқаддас” тарихий шахсларга атаб ибодатхоналар ичида ўрнатиладиган ҳайкалларга нисбатан муносабатда (православлардан фарқлироқ католикларда ҳайкалбозлик кенг авж олган) ва бошқа ишлардаги тафовутларда кўринарди.   

Ўрта асрлардаги черков ҳукмронлигининг устунлиги шунга олиб келдики, ўрта асрлар адабиётининг энг кенг тарқалган ва оммабоп услуби ўлароқ “авлиё”лар ҳаёти ҳақидаги ривоятлар бўлиб қолди. Бу нарса, айниқса ўрта асрларнинг аввалларида кўзга ташланарди. Ўша даврларнинг ўзида меъморчиликнинг энг одатий намунаси жоме черковлар эди, рассомлик санъатининг энг кенг тарқалган услуби эса – икона тасвирлаш, ҳайкалтарошликдаги севимли суратлар сифатида муқаддас китоб қаҳрамонлари ўйиб ишланар эди.

Ўрта асрлардаги Оврўпада меъморчилик ва санъат черковнинг жуда катта таъсири остида қолди. XI асрга келиб қадимги римликлар услуби устун бўлди. Бу услуб Рим базиликлари – пастқамроқ ва оғир черковлар асосида юзага келди. Бундай черковларда донғи чиққан кишиларни дафн қилишарди. Айнан шу сабабдан бу услубни роман услуби, яъни рим услуби деб номлашди. Бундай черков шаклан хочга ўхшатиб қурилган, деворлари қалин, деразалар ўрнига туйнуклари бўлиб, ярим айлана равоқлари ва салмоқли устунлари бордир. Роман черковининг деворларига расмкашлар сурат солишарди. XII–XVI асрлар ўрталарига келиб гот услуби кенг тарқалади. Гот услубидаги жоме черковлар ўзларининг улкан деразалари туфайли енгил ва шаффоф туюлади. Жоме черковлар томлари қиялиги тикка кўтарилган бўлиб, пештоқларининг юқори қисми учли, баланд миноралари устига эса найзасимон михлар ўрнатилган, биноси тошларига нақш ва ҳайкаллар ўйиб безалган эди. 

Жамиятнинг маънавий ҳаётини тамомила ўзига бўйсундиришга интилган черковнинг таъсири ўрта асрлардаги ғарбий Оврупонинг санъати кўринишини белгилаб берган эди”.

Черков арбоблари ва европаликлар илм маърифат ва фан – маданият ва ҳаёт тараққиёти бўйича мусулмонлардан ўрнак олиш ўрнига Ислом ва мусулмонлар ҳақида турли бўлмағур фикрларни тўқиб чиқаришар ва халқ оммаси орасида тарқатишар эди. Оқибатда Оврўпада айнан черковнинг касофати ила европа халқларининг бошига бир қанча бало-офатлар тушди.

“Олам ва одам, дин ва илм” китобидан      

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳидоят Аллоҳдан. Ҳар кимнинг иймон топишида ҳар хил сабаблар туртки бўлади. Алҳамдулиллаҳ, худосизлар жамияти барҳам топгач, Ислом қуёши яна порлоқ нур соча давоми...

3801 15:00 / 31.05.2019
У чиндан ҳам ўз ишининг устаси эди. Аммо оиласи катталашиб, эҳтиёжи ортиб боргани касбини ўзгартириши кераклигини ўйлаб қолди. Ишлаб турган жойидан бўшаса, қўлига давоми...

2777 11:00 / 03.02.2021
Умуминсониятга мисли кўрилмаган зарарларни етказиб, оламшумул жиноятларни содир этган уруш инсоният тарихида салб юришлари номи билан қолган. Бу даврда улкан давоми...

2232 09:06 / 12.09.2023
Ҳар бир илмий ҳаракатни ривожлантиришда, уни илм толибларига етказишда ва ниҳоят ўша илмий ҳаракат самарасини келажак авлодга қолдириб кетишда китоблар муҳим давоми...

2022 09:30 / 27.08.2021