1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ўткинчи йўловчидек бўл!

08:30 / 19.12.2018 3234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг ҳузурида дунё ҳеч нарсага арзимаслиги борасидаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб: «Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана», дедилар».

Ибн Умар: «Кеч кирса, тонгни кутма. Тонг отса, тунни кутма. Сиҳатингдан беморлигингга, ҳаётингдан ўлимингга (фойда) олгин», дер эди».

Бухорий ривоят қилган.

Зуҳд ва рақоиқ бобида келган барча оят ва ҳадиси шарифлардаги «дунё ҳаёти»дан мурод Аллоҳ таолони ва охиратни эсдан чиқарадиган ҳою ҳавас ва мол-дунёлардир.

Ушбу ҳадиси шарифдаги Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана» деган насиҳатлари ҳар бир киши учун доимий зарурий эслатмадир. Чунки одам боласи бу дунёда боқий қолмаслигини унутган заҳоти унда ҳаром-харишга, зулмга ва бошқа барча ёмонликларга қарши туйғу йўқолади. Оқибатда у киприк қоқмай гуноҳ қилишга ўтади.

Шунингдек, одам боласи ўзининг бир кун келиб, аҳли қабрлардан бўлишини унутса ҳам, ундан бирин-кетин турли ёмонликлар чиқиб келаверади.

Инсонда ушбу ҳолат, яъни дунёдан кетишни ва аҳли қабрлардан бўлишни унутиш тез-тез учрагани сабабли Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифларда бу нарсалар унга тез-тез ва такрор-такрор эслатилади.

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқоридаги насиҳатларидан олиймақом ибрат олган, ундан ҳосил бўлган ўта ҳикматли сўзларни бошқаларга ҳам айтиб юрар эдилар.

Ибн Умар: «Кеч кирса, тонгни кутма. Тонг отса, тунни кутма. Сиҳатингдан беморлигингга, ҳаётингдан ўлимингга (фойда) олгин», дер эди».

Эсон-омон кунни кеч қилиб олган одам тонг отишини кутиб, бепарво бўлиши мумкин эмас. Ким билади, эҳтимол, ўлим унга тонгдан олдин келар… Шунинг учун банда ўзига берилган ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Инсон соғлик вақтини ғанимат фурсат билиб, ибодат ва яхши амалларни кўпроқ қилиб олмоғи керак. Бемор бўлганда «Аттанг, соғлиқнинг қадрига етмабман», дейиш фойда бермайди.

Ҳаётлик чоғида зоди роҳилани тайёрлаб олмоқ керак. Вафот этгандан сўнг «Аттанг, тириклигимда у қилсам бўлар экан, бу қилсам бўлар экан», дейишдан фойда йўқ.

“Зуҳд ва ҳаё” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом иқтисодиётига киришУшбу асар Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ислом иқтисодиёти приципларига бағишланган мақолаларидан ташкил топган. Шайх Муҳаммад Тақий давоми...

2948 17:40 / 18.04.2019
9 май mdash Хотира ва қадрлаш куни Ҳаёт кутилмаган воқеаларга бой. Фақат хайрли кунларни кўп қилгин, деб Аллоҳдан сўраш керак.Мамлакатимиз ўтган асрнинг 90йилларида давоми...

3372 10:00 / 08.05.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам .Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини яширади. Агар у билиниб давоми...

4013 21:30 / 05.03.2019
Ҳаж намоз, рўза, закот каби Исломнинг асосий ибодатларидандир. Аллоҳ таоло Қодир мусулмонларгагина фарз қилган. Аллоҳга шукр, ҳар йили дунёдаги миллионлаб давоми...

2068 18:08 / 27.07.2020
Аудиолар

231250 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149777 14:35 / 11.08.2021