1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Насроний аёлнинг мактуби

16:00 / 17.12.2018 6071 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун кўплаб Ғарб аёллари исломий урф-одатлар уларнинг номусини ҳимоя қилишини, қадриятларини юксалтиришини англаганларидан сўнг ислом динига мурожаат қилишганига ажабланиш ноўриндир. Ғарб аёлларининг ислом динига кириши ҳақидаги мисоллар бисёр.

Ушбу мақолада таниқли насроний ёзувчи аёл Джоанна Фрэнсиснинг мактубидан парчалар келтирилган бўлиб, уларда мактуб муаллифи аёлларнинг Ғарбдаги аҳволи ва аянчли қисмати ҳақида ҳикоя қилади ҳамда мусулмон аёлга ўз эҳтиромини изҳор этади. Ўз изҳорини у "мусулмон опа-сингиллар" деб атаган инсонларга юборилган мактубида баён этган.

Джоанна Френсис ёзади:

Адолатсизликка асосланган "террорга қарши уруш" бошлангандан кейин мусулмон олами ҳар бир америкалик хонадонида энг кўп муҳокама этиладиган мавзуга айланди. Мен Ливанда юз берган хунрезлик, ажал ва вайронгарчиликларни кўрдим, аммо шу билан бирга яна ниманидир, яъни, сизларни кўриб турибман.

Мен ҳар бир аёл фарзанд кутаётганини ёки фарзандлари даврасида эканлигини пайқамасдан қололмайман. Мен бу аёллар анча камтар кийинган бўлса ҳам, уларнинг гўзаллиги барибир либоси остидан шуълаланиб турганини кўряпман. Аммо мен нафақат ташқи гўзалликни, балки ўзимдаги ғалати ҳиссиётни ҳис этяпман: бу ҳавас (ҳасад) ҳиссидир.
Мен сизларнинг қадриятингиз (ғурурингиз), нафосатингиз, камтарлигингиз, ва айниқса, бахтиёрлик шуълаланиб турган ташқи қиёфангиздан ҳайратланмай иложим йўқ. Ҳа, ҳаттоки доимий портлашлар ёмғири остида яшаётганингизга қарамай, биздан кўра бахтиёрроқ кўринасизлар, чунки сизлар ҳануз табиий аёл ҳаёти билан яшамоқдасиз.

 

Алдов жозибаси

Улар бизларни, америкалик аёлларни реактив самолётлар ёки танклардан эмас, балки Ҳолливуддан ўққа тутишди. Улар мамлакатингиз инфрастуктурасини бомбалашни якунлагач, сизларни ҳам шундай "қурол"дан ўққа тутишни хоҳлашади. Мен сизларнинг бошингизга бу кун тушишини истамайман. Сизлар ҳам худди биз каби ҳақоратланишни ҳис қиласизлар. Агар биз каби ушбу хуружнинг ҳалокатли таъсири натижасида кўп нарсасини йўқотганлар сўзига қулоқ тутсангиз, сизлар бу офатдан омон қолишингиз мумкин. Чунки, Ҳолливуднинг сизлар кўриб турган барча маҳсулоти тўлиғича ёлғон, воқеликни бузиб кўрсатиш, лўттибозликдан иборатдир. Улар тасодифий зинони зарарсиз кўнгилхушлик деб кўрсатадилар, чунки жамиятнинг ахлоқий қоидаларини яксон қилиб, сўнг унга ўзларини заҳарли дастурларини узатишни орзу қиладилар.
Биз америкалик аёлларни бахтли ва мамнун, фоҳишаларникидек либоси билан фахрланувчи, оиламиз йўқлигидан хурсанд аёллар сифатида кўрсатувчи, шаҳвоний ҳирсни қўзғатувчи фильм ва клиплари билан сизларни алдамоқчи бўлишади. Биз кўпчилигимиз бахтиёр эмасмиз, ишонинг. Ичимиздан миллионлаб аёллар тушкунликка қарши дорилар (антидепрессантлар) билан даволанишга мажбур, тунлари эса муҳаббат изҳор қилиб, ўз ҳирсини қондиргач, ташлаб кетган эркаклар туфайли йиғлашга маҳкум. Улар оилаларингни бузишни ва сизларни оз фарзандли бўлишга кўндиришни хоҳлашади. Бу мақсад йўлида улар никоҳни қулчилик шакли деб, оналикни тавқи-лаънат деб, камтар ва покиза аёлларни эса қолоқ, деб кўрсатадилар. Улар Ҳаввони тақиқланган мева билан алдаган иблисга ўхшайдилар. Алдовга учманг!

 

Шахсий ғурур ҳисси

Мен, сизларни қимматбаҳо тош, тоза олтин, деб ҳисоблайман. Бизлардан баъзилар алданиш асносида сизларнинг софлигингиз хусусида шубҳага тушишди. Аёл иффати ва номуси бебаҳо, улар эса уни арзон деб ишонтирмоқчи бўлишади. Бироқ, менга ишонинг, ойнага боққанда сизга қараб турган акс суратда намоён бўлган покизалик, бокиралик ва шахсий ғурур ҳиссиёт қийматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ғарб андозасидаги моданинг вазифаси, сиздаги энг қимматбаҳо нарса шаҳвоний жозибадорликдир, деб сизни ишонтиришдан иборат. Лекин, бу қанчалик ғалати туюмасин, сизларнинг гўзал либосингиз, ҳижобингиз ҳар қандай Ғарб модасига қараганда жозибалидир, чунки улар сизларни яширин сеҳр доираси билан ўраб туради ва шахсий ғурурин ҳамда эътиқодингизни намойиш этади.

Аёлнинг жинсий жозибадорлигини ножоиз назарлардан сақлаш керак, чунки у сизни севадиган ва хурмат қиладиган, сиз билан турмуш қурадиган инсонга ҳадя бўлмоғи лозим.

Бизнинг эркакларимиз покизаликни хушламай қўйишди. Улар гавҳарнинг қийматини тан олмасдан, унинг ўрнига кўриниши чиройли, лекин қалбаки бриллиантларни танлайдиган бўлишди. Танлаганда ҳам, оқибатда уни ҳам ташлаб кетиш учун танлайдиган бўлишди!

Сизлардаги энг қадрли нарса бу – сиздаги ички гўзаллик, бокиралик ва қандай бўлсангиз шундай кўрсатиб турган барча жиҳатингиздир. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди. Шуни пайқадимки, баъзи мусулмон аёллар Ғарбликларга ҳар соҳада тақлид қилишга уринишмоқда. Ўз шахсий ғурурини йўқотгани учун афсус чекаётган, ёки бу ғурурдан яқин кунда ажралиши аниқ бўлган аёлларга тақлид қилишнинг нима кераги бор? Аслида, бу йўқотишнинг эвазига ҳеч нарса берилмайди. Сизлар бамисоли олмосдирсиз, сизларни алдашларига ва қиймати йўқ оддий тошларга айлантиришларига йўл қўйманг. Сиз Ғарбнинг мода журналлари ва телевидениясида кўраётган манзараларнинг бари ёлғондир. Бу иблиснинг тузоғидир.

 

Аёл қалби

Агар шунчалик қизиқаётган бўлсангиз, сизга кичик бир сирни очайин: никоҳгача бўлган жинсий алоқа унчалик ҳам ажойиб нарса эмас. Биз ўз баданимизни ўзимиз севиб қолган эркакларга ишониб топширдик; бу ҳолат уларни бизни севишга ва бизга уйланишга мажбур этади, деб ҳисоблагандик (улғайиш давомида телевизорда доим кўрганимиздек). Лекин никоҳ қўрғонисиз ва унинг доим биз билан бўлишига бўлган ишончсиз бу алоқа жирканчлидир! Бу, мазахдир. Бу фақат ҳиссиётларнинг йўқотилишидир. Бу бизларни кўз ёш тўкишга мажбур этади. Ўйлайманки, аёл сифатида мени тушунаяпсиз. Чунки ўзга аёл қалбидаги кечинмаларни фақат аёлгина чинакамига тушуна олади. Биз ҳақиқатан ҳам бир хилмиз. Бизларнинг ирқимиз, динимиз ёки миллатимиз ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Аёл қалби – ҳамма ерда бир хил. Биз севамиз. Бу – биз қила оладиган нарсаларнинг ичида энг яхши бажара оладиганимиздир. Биз оиламизни асраймиз, ўзимиз севадиган эркаклар учун осойишталик яратамиз ва уларга қувват берамиз. Бироқ биз, америкалик аёллар, агар иш жойига (карьерага), ўзимиз ёлғиз яшай оладиган ва ўз муҳаббатимизни хоҳлаган одамимизга тортиқ қила оладиган шахсий уйга эга бўлсак, энг бахтли бўла оламиз, деб қаттиқ алдандик. Бу эркинлик эмас. Ва, бу муҳаббат ҳам эмас. Фақат никоҳ қўрғонидагина аёл жисми ва аёл қалби ҳотиржам сева олади. Бундан камига асло рози бўла кўрманг. Бундан бошқаси арзимайди.

 

Ўз-ўзини алдаш

Бу гуноҳ ҳеч қачон ювилиб кетмайди. У ҳамиша сизга хиёнат қилиш пайида бўлади. Хаттоки, мен ўз номусимни қайтаришга ҳаракат қилган чоғимда ҳам, аввалда топталган номусим қиймати беқиёсдир. Биз Ғарблик аёлларга, сизлар, мусулмон аёллари зулм чекмоқда, деб миямизни "тозалаб ташлашган". Лекин аслида, зулм қилинаётган аёллар – бизлармиз: ўзимизни камситувчи мода чўрилари, ўз вазни туфайли ақлдан озаётган, болаликни тарк эта олмаётган эркаклардан муҳаббат ўтинаётган аёллар – бизлармиз. Кўнглимиз тубида ўзимизнинг алданганимизни биламиз. Биз ғойибона тарзда сизларга ҳайрат ва ҳавас билан боқамиз, гарчанд баъзиларимиз буни тан олмасак ҳам. Илтимос, бизларга баланд назар билан қараманг ва бизга бундай ҳолат ёқимли, деб хаёл ҳам қилманг. Бу бизнинг хатоимиз. Ёш пайтимизда кўпчилигимизни ҳимоя қиладиган оталаримиз бўлмаган, чунки оилаларимиз бузилиб кетган. Бунинг сабабчилари кимлар эканини ҳаммамиз биламиз. Ўзларингни аҳмоқ қилишларига йўл қўйманг, менинг опа-сингилларим! Сизларни ҳам биз каби йўлдан оздиришларига йўл қўйманг. Бокира ва покизалигингизча қолинг. Биз, насроний аёллар, аёл қанақа бўлиши кераклигини кўришимиз керак. Бизга ибрат бўлишингиз учун биз сизларга муҳтожмиз, чунки биз адашганлармиз. Ўз покизалигингизни асранг!
Шуни ёдда тутингки, тиш пастасини қайта идишчасига киритиш мумкин эмас. Шундай экан, ўз номусингизни астойдил авайланг! Ва мен, дўстлик, эҳтиром ва ҳайрат руҳида сизга берган ушбу маслаҳатимни қабул қиласиз, деган умиддаман!

Муҳаббат билан насроний синглингиз,

Джоанна Фрэнсис (АҚШ)

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саодат асрини соғинган кўнгил Бугун илмингиздан нажот излайди. Асарларингизни суртгудай кўзга, Исмингизга соме, суюбсизлайди. Ҳар бир асар Ислом оламин мулки, давоми...

1703 21:46 / 13.08.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукм ҳисобкитоб қилинадиганлар давоми...

2399 08:00 / 29.08.2020
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида .Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг давоми...

3974 18:30 / 14 июль
Умар ибн Абдулазизнинг вазири Ражо ибн Ҳайва айтади .Умар ибн Абдулазиз Мадинага волий бўлган вақтида мени ўзига кўйлак сотиб олиш учун юборди. Мен у кишига беш юз давоми...

2680 08:08 / 02.07.2020