Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (12-дарс). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон

13:04 / 17.12.2018 7604 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳузуридаги заиф инсон сифатида, у Зотдан ёрдам сўрайдиган, ҳидоят ва мағфират тилайдиган, нимага буюрса, бўйсунадиган, баъзан шиддатли итобларни қабул қиладиган шахс сифатида тасвирланган оятларни тиловат қилса, қалбининг тўрида виждоний файзни топади. Холиқнинг сифати билан махлуқнинг сифати, Холиқнинг Зоти билан махлуқнинг зоти ҳамда Холиқнинг услуби билан махлуқнинг услуби орасида бениҳоя фарқ борлигига қаноат ҳосил қилади. 

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръондаги суратлари итоаткор қулнинг суратидир. У зот алайҳиссалом агар исён қилсалар, Роббиларининг азобига учрашдан қўрқадилар, У Зотнинг ҳудудларини лозим тутадилар, раҳматидан умид қила-дилар. Аллоҳнинг Китобидан бирор ҳарфни ўзгартириб қўйишдан мутлақ ожиз эканликларини эътироф этадилар.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍﮎ ﮏ ﮐ ﮑ

«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен уни ўзимча алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман. Албатта, мен Роббимга осий бўлсам, буюк Кун азобидан қўрқаман», деб айт. Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл юритиб кўрмайсизларми?» деб айт» (15-16-оятлар).

Қуръони каримда Холиқ ва махлуқнинг сифатлари орасини ажратиб берувчи ушбу оятлар маъносига ўхшаш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа инсонлар каби инсон эканликлари, у зотнинг вазифалари фақатгина етказиш экани, Аллоҳнинг хазиналарига эга эмасликлари, ўзларини инсон сифати ва хилқатидан ўзга фариштасифат деб гумон қилмасликлари каби маънолар очиқ-ойдин ва кўп марта такрор келган.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎﰏ

«Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман, холос. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта илоҳ экани ваҳий қилинур...», дегин» (110-оят).

Яъни «Эй Муҳаммад, одамларга ўзингнинг уларга ўхшаган одам эканингни англат. Сен фаришта ёки бошқа бирор нарса эмассан. Ҳаммага ўхшаш оддий одамсан. Бошқалардан фарқинг шуки, сенга Роббингдан ваҳий келади. Ўша қатъий илоҳий илмнинг бир парчаси бўлмиш ваҳий одамларнинг илоҳи яккаю ягона Аллоҳ эканини билдиргандир».

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ

«Сен: «Ўзим учун Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари, на фойда ва на зарарга молик эмасман. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмас эди…», деб айт» (188-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг суюкли ва охирги Пайғамбари, одам авлодининг энг улуғи бўлишлари билан бирга, оддий бир инсондирлар. Ушбу ояти каримада у зотга ушбу оддий ҳақиқатни рўй-рост айтиш амр қилинмоқда. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу эътирофлари улуғ ҳақиқатларни ошкор қилади.

Аллоҳ таоло яна Анъом сурасида марҳамат қилади:

ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔﯕ

«Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт» (50-оят).

Бу ояти каримада пайғамбарлик ва Пайғамбар шахси ҳақидаги ҳақиқий тасаввур баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло мушриклар томонидан турли саволларга тутилаётган, ҳар хил талабларни эшитаётган Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг ким эканликларини баён қилиб беришни амр қилмоқда:

«Мендан мол-дунё, ноз-неъмат кутманг. Пайғамбар бўлганим учун Аллоҳ менга хазинасини очиб бермаган. Ким менга эргашса, уни мол-дунё ва ноз-неъматга кўмиб ташлай олмайман. Мен ғайбни ҳам билмайман. Бу менинг пайғамбарлик масъулиятимга кирмайди. Ғайбни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Ким менга ғайбни билишимни шарт қилиб эргашмоқчи бўлса, билиб қўйсинки, мен ўзимга эргашганларга ғайбнинг хабарини бера олмайман. Мен одамман. Пайғамбар фаришта бўлиши керак, деган фикрларингиз бўлса, бу беҳудадир. Мен одамман. Шунинг учун мендан одамга хос тасарруфлар чиқади, фариштага хос тасарруфлар чиқмайди, бу ҳақиқатни ҳам билиб қўйинглар. Менинг бошқа одамлардан фарқим – менга Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий келади. Мен ўша ваҳийга эргашаман, холос».

Аллоҳ таоло бандасига берган сон-саноқсиз неъматлар ичида энг улуғларидан бири ақл неъмати ҳисобланади. Аммо ақлни ишлатиб, тўғри йўлга солиб турадиган нарса ваҳийдир. Чунки ақлнинг ўзи инсонга икки дунё саодатини топишига ёрдам бера олмайди. Бутун инон-ихтиёр ақлнинг ўзига ташлаб қўйилса, турли хатолар, бурилишлар, бузғунчиликлар, ҳатто ҳалокатлар келиб чиқади. Бунга ўзимиз яшаб турган бугунги воқеълик гувоҳ. Ҳозирда инсон ақли жуда ҳам ривожланган деб даъво қилинмоқда. Аммо ўша ривожланган ақл инсониятнинг ўзини кундан-кунга ҳалокат жари томон тортиб кетмоқда. Ақлнинг энг муҳим вазифаларидан бири – Аллоҳдан келган ваҳийни идрок этиш ва унга амал қилиш йўққа чиққанда шундай бўлади.

Ўтган оятларда келган «айт» иборасида латиф маъно ва мақсад бор. Бу маъно ва мақсад хитобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўналтириш ва нима демоқлари лозимлигини ўргатишдан иборат. У зот ўз ҳавои нафсларидан нутқ қилмайдилар, балки ўзларига ваҳий қилинган нарсага эргашадилар. Шунинг учун ҳам «айт» ибораси Қуръони каримда уч юз мартадан кўп такрорланган. Бу нарса Қуръон ўқувчининг ёдидан ҳеч қачон чиқмаслиги лозим бўлган ҳақиқатдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийга дахллари йўқ. У зот ўз лафзларини унга аралаштирмайдилар. Дарҳақиқат, у зотга хитоб ташланади. У киши сўзловчи эмаслар, балки хитоб қаратилган кишидирлар. Эшитганларини ҳикоя қиладилар. Ўзларида пайдо бўлган бирор нарсани ваҳий деб таъбир қилмайдилар.

Ваҳийни нозил қилувчи, сўзловчи – Аллоҳ таолонинг сифати ҳамда хитоб қаратилган, ваҳийни қабул қилувчи – Расулининг сифати орасидаги фарқ баъзи оятларда янада очиқ-ойдин кўринади. Аллоҳ таоло баъзи оятларда Ўз Набийсига енгил ёки қаттиқ итоб қилса, баъзи оятларда эса унинг олдинги ва кейинги гуноҳларини кечириб, афв этганини билдиради. Қуйида ушбу фикрга айрим мисоллар келтирамиз.

Аллоҳ таолонинг афв аралаш енгил итобларидан бири У Зотнинг Расулига Табук ғазотида жиҳоддан қолувчиларга изн берганлари тўғрисида қилган хитобидир:

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ

«Аллоҳ сени афв қилди. Нима учун то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, уларга изн бердинг?» (43-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Аллоҳ сени афв қилди», дея Ўз афвини эълон қилиб қўйиб, сўнгра сабабини айтмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар. Аслида шошилиб, рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганлар ким экани билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам, барибир улар сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: 

«Нима учун то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, уларга изн бердинг?» демоқда.

Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан итоб – койишдир.

Маълумки, афв қилиш фақатгина гуноҳдан кейин бўлади. Шунингдек, мағфират ҳам гуноҳдан кейин қилинади.

Ушбу фикрни Фатҳ сурасидаги оят ойдинлаштиради:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ

«Албатта, Биз сенга очиқ-ойдин фатҳни бердик. Аллоҳ сенинг аввал ўтган гуноҳларингни ва кейингиларини мағфират этиши, Ўз неъматини сенга батамом қилиши ва сени тўғри йўлга бошлаши учун» (1–2-оятлар).

Албатта, Набий алайҳиссаломга нисбат берилаётган гуноҳ бошқа одамларга нисбат бериладиган гуноҳга ўхшамайди. Чунки пайғамбарлар маъсум, яъни гуноҳ содир этмайдиган зотлардир. Ояти каримада келган гуноҳ тушунчасини Набий алайҳиссаломнинг баъзи ижтиҳодда икки жоиз ишдан авло бўлмаганини танлаганлари, деб тушунсак, тўғри бўлади.

Шиддатли итоб, яъни койиш Анфол сурасидаги фидя оятларида келган. Қаттиқ огоҳлантирув, пўписа даражасидаги ушбу итоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотга Бадр асирларидан фидя олишни маслаҳат берган саҳобалар жумҳурига қаратилган эди. Улар асирларни товонини тўлатиб, қўйиб юборишни, яхши маблағ йиғиб, кўпроқ қувватга эга бўлишни маслаҳат беришган эди. Ҳолбуки, улар ҳали ер юзида мустаҳкам кучга эга бўлмаган, асир тутиш улар учун хатарли эканини, асирларга шафқат кўрсатиш бошқаларнинг олдида уларни заиф кўрсатиб қўйишини билишмаган эди. Хусусан, Бадрда асирга тушганларнинг орасида мушрикларнинг пешволари ҳам бор эди. Улар янада катта куч билан қайтишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас эди. 

Ушбу оятдаги итоб, яъни койиш сийғаси умумий бўлиб, расуллар ва набийларнинг сифатларидаги асосни сездириб туради. Бу асос – пайғамбарларнинг маъсумлиги, улар содир этган баъзи хатолар эса Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва қадарига биноан воқеъ бўлишидир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр асирлари тўғрисидаги қарорни бермасларидан олдин ваҳий тушириб, қарорни ўзгартириши ҳам мумкин эди. Аммо У Зот Ўзи билган ҳикматга кўра, қарор берилиб, иш битганидан сўнг айни ўринда қандай йўл тутиш тўғрироқ бўлишини билдириб қўйди, холос. Дарҳақиқат, мазкур асирлардан баъзилари кейин Исломни қабул қилишди. Аллоҳ таолонинг бу ишидаги ҳикматлардан бири шу бўлса ажаб эмас.

(давоми бор) 

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9. Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у давоми...

10931 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади .Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар. Унинг устидан мавж қоплагандир, умавжнинг давоми...

4859 15:00 / 07.08.2019
тўртинчи мақолаАллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олдисотди, на ошнаоғайничилик ва на давоми...

3934 13:30 / 02.06.2020
Имом Ҳамза азЗайёт алКўфий қироати.1 Ундан Халафнинг ривояти.Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн Мужоҳид хабар берган. У айтганки.Бизга давоми...

2057 14:00 / 23.02.2021