1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Улуғ фазл эгаси

20:03 / 11.12.2018 2954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва:

«Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар

Шарҳ: Аллоҳ таоло Одам Атони яратиб, ер юзида яшайдиган Ўзининг халифаси қилгандан кейин унинг болаларига тўғри йўлни кўрсатиб туриш учун таълимотлар ҳам юборишни ирода қилди. Бу таълимотларни одамларга етказиш ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиш учун уларнинг ичидан пайғамбарлар танлаб олишни ҳам ирода қилди. Ана ўша пайғамбарларнинг биринчиси Аллоҳ таолонинг иродаси ила Одам Атонинг ўзлари бўлди. Кейин эса бирин-кетин бошқа пайғамбарлар кела бошладилар. Аста-секин вақт ўтиши билан пайғамбарларнинг силсиласи узайиб келиб, уларнинг охирги ҳалқаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда бу жараён худди бир кўркам, чиройли бино қурилишига ўхшатилмоқда.

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди».

Бу дунёнинг тузилиши кўрган кўзни қувонтирадиган кўркам бир бинога қиёсланса, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган ҳар бир пайғамбар ана шу бинонинг бир ғиштидек гап. Мазкур бинонинг ҳар бир ғишти қўйилганда унинг камоли томон бир қадам ташланганидек, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни юборганда рисолат ва нубувват биноси ҳам янги бир ғишт терилгандек, камолот сари кўтарилиб бораверган. Бориб-бориб, мазкур бино битай деб ҳам қолибди. Фақатгина битта ғишт терилса, битадиган ҳолга келибди.

«Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади».

У бинони томоша қилганлар қойил қолишар, аммо урилмаган биргина ғиштнинг мулоҳазасини қилиб, «Қани энди, шу ғишт ҳам ўз ўрнига қўйилса-ю, бино мукаммал ҳолига келса», деган орзуни қилар экан. Ана шу бир ғиштсиз мазкур бино нуқсонли бўлар экан. Мазкур бинонинг баркамоллиги охирги ғиштга қараб қолган экан. Агар ўша охирги ғишт қўйилмаса, бино битган ҳисобланмас, уни кўрган одам битмай қолганига афсус қилар экан. Ана шу пайтда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юбориб, нубувват ва рисолат биносининг охирги, энг муҳим ва энг афзал ғиштини ҳам қўйди.

«Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ўша нубувват ва рисолат биносининг охирги ғишти эканликларини, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган пайғамбарларининг тугатувчиси эканликларини таъкидламоқдалар. Бинога охирги ғишт терилгандан кейин қурилиш битади. Ундан кейин ғишт терилмайди. Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юборгандан кейин пайғамбарлик сўнгига етди. Энди бошқа пайғамбар юборилмайди.

Ҳар бир нарсага алийму хобийр бўлган Аллоҳ таоло Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсониятни Ўзи юборган пайғамбарлар орқали тўғри йўлга солишни Ўзи ихтиёр қилди. Бунинг учун, аввало нубувват ва рисолат биносини бир бутун ва мустаҳкам пойдеворли қилди. Яцни ҳар бир пайғамбарга юборган динининг асоси бўлмиш ақийдани ҳаммалари учун бир хил қилди. Одам Атодан бошлаб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар ўз умматларини бир хил ақийдага чақирдилар. Бу ақийда Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча айблардан холи эканлигига, қиёмат кунига, ҳисоб-китобга, дўзах ва жаннатга иймон келтиришдан иборат эди.

Аммо динларнинг ақийда қисми бир хил ва ўзгармай туриши матлуб бўлгани билан уларнинг амалий қисми – шариатлар ўзгармай туриши мумкин эмас эди. Аксинча, шариатлар замон ва маконга, халқлар ва уларнинг савиясига қараб ривожланиб бориши керак эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло дин пойдевори бўлмиш ақийда устига ҳар набийга берган шариатни худди пойдевор устига қўйилаётган ғишт мисоли қилиб, бирин-кетин қўйиб турди.

Одам Атонинг даврида инсон жамияти содда бўлгани учун уларга содда шариатни жорий қилди. Мисол учун, шароитдан келиб чиқиб, ўша шариатда ака-сингилнинг оила қуришига изн берилди. Кейин эса инсоният ўсиб бориши билан шариатлар ҳам ривожланиб борди. Аллоҳ таоло ана шу тарзда инсониятни аста-секин тарбиялаб келди.

Охири келиб, инсоният вояга етганда унга энг мукаммал ва боқий шариат, шариати муҳаммадияни берди. Нубувват ва рисолат биносининг энг гўзал ва энг сўнгги ғиштини қўйди.

Энди қиёматгача бу бинога ғишт қўйилмайди. Бошқа пайғамбар юборилмайди. Ислом шариати барча замонлар, барча маконлар ва барча халқлар учун қиёмат қоим бўлгунча кифоя қилади.

Ана шунинг учун ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам энг афзал пайғамбар ҳисобланадилар. Пайғамбарларнинг хотими – тугатувчиси ҳисобланадилар. Бундан улуғ фазл бўлиши мумкин эмас.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
8. Топганингдан аҳлингга инфоқ қил.Зотан, аҳлиаёлнинг нафақаси мўминмусулмон эр учун вожибдир. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит давоми...

4280 16:47 / 02.05.2018
Жўшқинбой сафарга чиқишидан олдин анча ҳаяжонланди. Бу сафарга ҳали боролмасам керак деб ўйлаганди, Аллоҳ яна марҳамат кўрсатди.Сафари ҳақида ўйлаб, юраги давоми...

1902 12:03 / 30.05.2020
127. Маърур ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Заррни кўрсам, ўзи ҳам, қули ҳам бир хил либос кийиб олишибди. Абу Заррдан бу ҳақда сўрадим. У давоми...

6030 13:10 / 02.02.2019
797. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. У зот таҳорат ушатаётган эдилар, саломга давоми...

1944 00:00 / 04.12.2022