Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Ақийқа» сўзи луғатда «ёрмоқ» деган маънони англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига нисбатан қўлланган. Шаръий истилоҳда эса: «Ақийқа – ният ва махсус шартлар билан, Аллоҳ таолога шукр сифатида фарзанд номидан сўйилган жонлиқдир».
Шариат таълимотларида таваллудининг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилиш тавсия этилади.
Соч бошдан ажратиб олинганлиги учун бу маросим «ақийқа» дейилади. Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақийқа» дейилади.
Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилганлиги учун «ақийқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй ва ташкил этиладиган маросим тушуниладиган бўлиб қолган.
Ақийқани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуларга биттадан қўчқор сўйиб, ақийқа қилдилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Имом Ҳасан билан укалари Имом Ҳусайннинг ораларида ўн бир ой фарқ бўлган.
Ушбу ҳадиси шарифдан ўғил болага албатта иккита қўй сўйиб ақийқа қилиш шарт эмаслиги, битта қўй сўйса ҳам бўлавериши келиб чиқмоқда. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз набираларига биттадан қўчқор сўйганлари шуни кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ақийқа қилишни тавсия қилганлар.
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир ғулом ақийқаси ила гаровлангандир. Унинг учун еттинчи куни (ақийқа) сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда янги туғилган фарзандга оид бир неча нарсалар зикр қилинмоқда:
1. «Ҳар бир ғулом ақийқаси ила гаровлангандир».
Демак, ҳар бир янги туғилган фарзанднинг баъзи бир ишлари унга ақийқа қилишга боғлиқ бўлиб турар экан. Агар ақийқа қилинса, ўша ишлар юзага чиқади, бўлмаса, худди гаровга олингандай, юзага чиқмай тураверади.
Баъзи уламоларимиз, жумладан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ато Хуросонийлар айтишадики, гўдаклигида ўлган фарзанднинг ўз ота-онасига шафоатчи бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир. Агар унга ақийқа қилинган бўлса, Қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва: «Агар жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман», деб туриб олади. Шундай қилиб, у ўз шафоати ила ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади.
Имом Лайс, Довуд Зоҳирий ва бошқалар эса янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир, шунинг учун ақийқа қилиш вожибдир», деганлар.
Лекин жумҳури уламо: «Ақийқа қилиш суннати муаккада», деганлар.
Ҳанафийларнинг наздида ақийқа мубоҳ амал бўлиб, садақа қилгандан сўнг гўдакнинг етти кунлигида қилинади ва ўша куни сочи олиниб, садақаси қилинади.
«Унинг учун еттинчи куни сўйилур».
Ақийқа фарзанд туғилганининг еттинчи куни қилинади. Агар еттинчи куни имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилинади.
Айнан еттинчи куннинг тайин қилиниши ҳикмати тўғрисида сўз юритган уламолар: «Шунда дунёнинг кунларида бир кундан яшаб ўтган бўлади», деганлар.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ақийқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», деганлар. Агар у кунлари қилишнинг имкони бўласа, имкони топилганда қилинаверади.
Янги туғилган фарзандга ақийқа қилиш отанинг фарзанд олдидаги бурчидир.
«...сочи олинур…»
Бу иш ҳам фарзанд туғилганининг еттинчи куни амалга оширилади. Табиийки, бу сочга нифос қони теккан бўлади. Шунинг учун ҳам у боладан кетказилиши лозим бўлган нопок, озор берувчи нарсалар қаторига қўшилган. Ўша еттинчи куни олинган соч вазнида кумуш ёки унинг қиймати садақа қилиниши ҳам мазкур озордан халос бўлганлик шукронаси бўлса, ажаб эмас.
«...ва исм қўйилур».
Янги туғилган фарзандга исм қўйиш ҳам еттинчи куни қилинадиган ишлардан бири. Ҳар бир янги туғилган фарзандга яхши исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир.
Умму Курз Каъбийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўғил болага икки бир-бирига ўхшаш қўй, қиз болага бир қўй», дедилар».
Тўртовлари ва Аҳмад ривоят қилишган.
Албатта, бир фарзанднинг дунёга келиши катта бир ҳодиса. Фақат, доимий такрорланиб турганлиги учун унга аҳамият берилмайди, холос. Аслида, бир боланинг эсон-омон, онаси ҳам соғ-саломат қолиб туғилиши буюк ҳодиса. Мусулмонлар орасига янги бир аъзонинг қўшилиши, унинг онасининг соғ қолиши шарафига Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилинса, ҳар қанча хайр-садақа қилинса, шунча оз.
Баъзи ҳолатларда одамлар бу муносабат ила ҳаддан ошиб, дабдабага йўл қўймасликлари ёки аксинча ҳолатлар ҳам бўлмаслиги учун шариатда ақийқага нима қилиниши ва қай миқдорда бўлиши ҳам кўрсатиб қўйилган.
«Ўғил болага икки бир-бирига ўхшаш қўй».
Яъни янги туғилган фарзанд ўғил бола бўлса, унинг ақийқасига бир-бирига ўхшаш икки қўй сўймоқ керак бўлади.
«...қиз болага бир қўй».
Уламоларимиз: «Қиз болага бир қўй сўйиб ақийқа қилиш қизнинг шаънини пастлатиш учун эмас, балки келажакда ота-онаси унга сеп ва бўлажак оиласи учун жиҳозлар қилиб бериши ҳисобга олингани учундир», дейдилар.
Шу билан бирга, ўғил болага ҳам битта қўй сўйиш кўпроқ жорий бўлган. Аввал кўриб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам набиралари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуларга биттадан қўй сўйганлар. Шунинг учун ўғил болага битта қўй сўйганлар бу ҳадис билан танишиб, ҳайрон бўлмасликлари керак.
Баъзи олимлар: «Боланинг соғ-саломат бўлиши, синди-чиқдиларга йўлиқмаслиги ҳақида яхши ният рамзи сифатида унинг учун ақийқага сўйилган ҳайвоннинг суяги синдирилмаса яхши бўлади», деганлар. Аммо синдирилса ҳам ҳеч нарса бўлмайди.
Ақийқага сўйилган ҳайвоннинг гўшти фақир-мискинларга тарқатиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек у гўштдан қўни-қўшни ва дояга ҳам берилса яхши бўлади. Пишириб, одамларни чорлаб, уларга зиёфат бериш ҳам яхши.
“Соғлом бола” китобидан