Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибодатнинг энг оз даражаси, ўртачаси ва олий ҳолатдагиси бор. Шулар фарқлаб олинса, ҳеч қандай зиддиятларга, тафовутларга ўрин қолмайди, иншааллоҳ.
Аллоҳ таолога қай даражада қуллик қилиши, бандалигини изҳор этиши, Уни ва расулларини, хусусан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига дўст тутиши, Уни ва расулларини, хусусан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни севиши, севганда ҳам, дунёдаги қолган барча нарсалардан, ҳаттоки ота-она, бола-чақа ва ўзидан ҳам ортиқ севиши ва буни амалда исбот этишига қараб, руҳий ҳолати, одоб-ахлоқига кўра мўмин-мусулмонларнинг ҳам даражалари турлича бўлади. Яъни иймон нуқтаи назаридан барча мўмин-мусулмонлар тенг бўлсалар ҳам, амаллари, ихлослари ва эҳсонларига қараб, одобу ахлоқларига кўра уларнинг бу дунёдаги ва охиратдаги даражалари ҳам фарқ қилади.
Фақат фарз амалларни бажариб, суннатга амал қилмаётган киши билан ҳам фарз, ҳам суннатга бирдай амал қилаётган кишининг даражаси бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бир хил бўлмайди. Айни пайтда, фарзу суннат амалларга қўшимча нафл ибодатларни ҳам ихлос ила адо этаётган мўмин-мусулмон аввалги ҳар икки тоифадан афзал ҳисобланади.
Албатта, бу амалларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис бажарилгандагина, эътиборга лойиқ бўлади. Аксинча, ўзига фарзу вожиб бўлган амалларнинг моҳиятини англамай, кўр-кўрона, «хўжа кўрсин»га, ҳатто баъзан бироз малолланиб (астағфируллоҳ) адо этаётган кимсанинг ибодатидан бирор фойда чиқиши қийин.
Фарзу вожиб, суннату нафл ибодатларни бажара туриб, амр ва наҳийларга беэътибор бўлган кимса ҳам қаттиқ залолатдадир. Чунки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг амр ва наҳийларига итоат этиш ҳам ибодатдир. Ибодат бўлганда ҳам, энг олий ибодатдир. Аслида бандалигимизнинг моҳияти ҳам Роббимизнинг ва У Зотнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг амрларига бўйсунишимиз ва наҳийларига риоя этишимиздан иборатдир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, отамиз Одам алайҳиссалом учун биргина нарса ман этилган эди. Шу биргина тақиққа бир мартагина амал қилмаганлари қиёматга қадар елкаларида оғир юк бўлиб қолди. Гарчи меҳрибон Роббимиз у зотни афв этган бўлса-да, ўша биргина хатолари сабабли қиёмат куни ҳам пушаймонлик ила афсус-надомат чекадилар. Ўзларидан шафоат истаб келган мусулмон умматига шафоатчилик қилишга Роббул оламиндан андиша қиладилар. Бу ҳақда ҳадисларда батафсил маълумотлар келган.
Демак, банда учун иймон ва Ислом билан бир қаторда эҳсон ҳам зарур экан. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоқ» лозим экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга таълим берган эҳсон мана шудир. Аслида тасаввуф тариқатларининг мақсади ҳам шу: Аллоҳни ҳар доим кўнгилда ҳис қилиш, умрнинг ҳар лаҳзасини Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллар билан ўтказиш ва ибодатларни севиб адо этиш.
Бандадан иймон ва Исломни эҳсон даражасида исботлаш, ўзининг иймон ва Исломи эҳсон даражасида эканини ҳар бир амали ила тасдиқлаш талаб этилади. Зеро, ана шу ҳолатда ҳар бир амал ибодатга айланади.
Буни бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим беряптилар ва у зотнинг бу маънодаги, руҳий тарбияга оид, одоб-ахлоққа доир ҳадислари ниҳоятда кўп. Тўғри йўлдаги тасаввуф шайхларининг ҳаммалари ўз муридларини айнан Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида тарбиялайдилар, камолга етказадилар.
Аслида, тариқатларнинг тафриқаларига заррача ҳожат йўқ. Қуръонга ва суннатга зид бирор амални ёки ғояни ўзига шиор қилиб олган ҳар бир тариқат ботилдир.
Ҳаттоки тўғри йўлдаги тариқатларнинг озми-кўпми фарқланиш ила турлича номланишлари ҳам бизнингча, суннатга мувофиқ эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, мақсад битта ва охирги манзил ягона экан, йўл ҳам, яъни тариқ ёки тариқатнинг номи ҳам биттадир. Бу – Муҳаммадий тариқатидир.
Тариқатлар ўзларига асосий мақсад қилиб олган комил инсон ғояси баъзи шайхларнинг ҳаддан ташқари муболағага берилганлари натижасида залолат даражасига бориб қолган.
Олий руҳ даражасидаги (астағфируллоҳ), хотамул анбиёдан афзал (яна астағфируллоҳ) хотамул авлиё ҳақидаги гаплар, ваҳдатул вужуд ғояси, «Анал ҳақ» («Ҳақ менман») даъвоси жазавага тушган мустаршиду муршидларнинг шатаҳотларидан бошқа нарса эмас.
Ғарбликларни, ғайридинларни тасаввуфда қизиқтираётган нарса ҳам ҳақиқий Ислом эмас, балки айнан мана шу каби шатаҳотлар, жазава ҳолатида айтилган гаплар, аслида. Чунки айнан мана шундай шатаҳотлар, жазава ҳолатида айтилган гаплар туфайли нафақат мусулмонлар оммаси, балки уларнинг раҳбарлари бўлмиш улуғ имомлару шайхлар орасида ҳам тушунмовчиликлар, зиддиятлар бўлиб келмоқда.
Мусулмонлар орасидаги ички низолардан эса кимлар манфаатдорлиги беш қўлдай аён.
Мусулмонлар орасидаги бундай зиддиятларни йўқотиш учун эса бундан бир минг тўрт юз йил олдин Аллоҳ таолонинг Ўзи биз учун мукаммал қилиб қўйган динимиз асосларини яна бир бор яхшилаб уқиб олишимиз даркор.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
K L M N
«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» (Моида сураси, 3-оят).
Аллоҳ таоло мукаммал қилиб берган диннинг асослари сиз билан биз юқорида тўлиқ ўрганганимиз – «Жаброил ҳадиси»да ўз аксини топган.
Оятга амал қиладиган бўлсак, Қуръон тўлиқ нозил бўлгандан сўнг динга заррача бўлса ҳам янгилик олиб киришга ҳеч қандай ҳожат қолмаган. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ.
Мусулмонлар мазкур ҳадисда айтилган уч асосга, яъни илм – иймон, амал – Ислом ва ихлос – эҳсонга риоя этсалар, бас. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлардан фақат битта нарсани – Ўзига ва яратган нарсаларига тўлиқ иймон келтирган ҳолда ихлос билан ибодат қилишни талаб этган. Иймонимиз – илмимиз, Исломимиз – амалимиз ва эҳсонимиз – ихлосимиз тўғри ва гўзал бўлиши учун йўл кўрсатувчи комил бир инсонни Ўзининг элчиси сифатида танлаб, бизга раҳбар этиб қўйган.
Бу элчи мукаммал дин орқали ахлоқларимизни гўзал ҳолатда тарбиялаш учун юборилган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ
«Ва албатта, сен улкан хулқдасан» (Қалам сураси, 4-оят).
Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам эътироф этадилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта мен карамли ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим», дедилар».
Байҳақий ривоят қилган.
Демак, биз учун комил инсон – йўлбошчимиз, Роббимизнинг элчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Биз кимга, нимага ва қандай иймон келтиришни шу зотдан ўрганамиз.
Аллоҳ таолонинг Китобига қандай амал қилишни, зиммамиздаги фарзу вожиб амалларни шу зотдан ўрганамиз.
Энг асосийси, Аллоҳ таолони севишни ва ибодатларимизни севиб, ички ҳузур билан бажаришни, бандалигимиздан рози бўлиб, бундан фахрланиб, чиройли итоат этишни, ихтиёрий қуллик қилишни, ахлоқларимизни энг гўзал суратга келтиришни ҳам шу зотдан ўрганамиз. Бунинг учун эса у зотни энг улуғимиз, устозимиз дея севамиз. Ҳар бир ҳолатимизда, диний ва дунёвий амалларимизда ана шу устозимиздан, Роббимизнинг элчиси, ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишга, у зотдек бўлишга интиламиз. Чунки Аллоҳ таоло бизни шунга буюрган:
ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ
«Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Қуръони каримга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига зид бўлган ҳар қандай ишни, агар унинг соҳиби ўликларни тирилтира олувчи каромат эгаси бўлса ҳам, қабул қилмаймиз...
Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўғри давом эттираётган ҳар қандай шайхни ўзимизга устоз деб биламиз. Қуръони карим ва суннатга тўғри амал қилаётган барчага – у шариат аҳлими, тариқат аҳлими – дўстлигимизни изҳор этамиз.
Лекин Қуръони каримга ва суннати набавияга хилоф бўлган ҳар қандай кимсани – у олимми, соҳиби кароматми – қатъиян рад этамиз.
Қуръони каримда ва суннати набавияда мақталган баъзи сифатларга эга бўлган кимсаларни, агар улар иймонсиз, Исломсиз бўлсалар, ўзимизга дўст тутмаймиз. Уларга фақат ачинамиз. Ҳолларига афсус чекамиз, холос. Чунки Исломда бўлмасалар-да, иймон келтирмаган бўлсалар-да, мусулмонлар каби баъзи чиройли ахлоққа эга бўлган бундай кимсалар ўзларидаги ушбу гўзал сифатларнинг асоси қалбларида, руҳларида пинҳон иқрорлари – «Мийсоқ» кунида келтирган иймонлари эканини, бугун ана шу иймонлари виждон шаклида қалбларида ғалаён қилаётганини англаб етмаган бечора кимсалардир.
Юқорида эслаб ўтганимиз Ҳинд ва Эрондаги, қадим Юнонистон ва Мисрдаги ва ниҳоят, насронийлик ва яҳудийликдаги тасаввуфона йўналишлардаги Ислом тасаввуфига мос келувчи баъзи жиҳатлар ҳам ана шу олис, унутилган иймоннинг шуълаларидир, холос.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
R S T U
«Ва Исломни сизга дин деб рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят).
Бас, биз бугун юқорида эслатиб ўтилган турли динлардаги Ислом шариатига зид тасаввуфона йўналишларни мутлақо инкор қиламиз.
Шу маънода биз қабул қиладиган тасаввуф исломий руҳий тарбиядан ўзга нарса эмас. Яъни биз қабул қиладиган тасаввуф шаръий амалларимизни эҳсон даражасида гўзал суратда адо этишимизга ёрдам берувчи руҳий тарбия йўлидир. Айнан мана шу маънода тасаввуф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотнинг саҳобаи киромлари розияллоҳу анҳумнинг йўлларидир.
Аслида отамиз Одам алайҳиссаломнинг ва онамиз Ҳавво розияллоҳу анҳонинг ерга туширилишларининг ҳикмати ҳам шу: жаннат номли олий бир маконда абадий бахтли яшашга лойиқ даражада нафсларини тарбия эттириш эди.
Агар «тасаввуф» деган истилоҳни ишлатиш умуман лозим бўлса, мана шу тазкиятун-нафснинг – руҳ тарбиясининг номи тасаввуфдир. Ва тасаввуфнинг ўзини яна сифатлаш лозим бўлса, бу – сунний тасаввуфдир. Яъни бундаги барча йўллар ва усуллар, ҳолатлар ва мақомлар Қуръони каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида баён қилинган ҳамда васф қилиб, мақталган ва мўмин-мусулмонларга буюрилган, тавсия этилган ибодатлар ва уларнинг самараларидир.
Нафс тазкияси, руҳий тарбия борасидаги зуҳду тақво, ихлосу эътиқоднинг самараси ўлароқ зоҳир бўлувчи кароматлар эса тасаввуфдан кўзланган мақсад эмас, Роббул оламиннинг инъомидир.
Зеро, Роббул оламин, Ўзини тасаввуфда деб билмаган, аммо ибодатларини холисан лиллоҳи бажарувчи, эҳсонини, қуллигини гўзал суратда намоён қилувчи бандаларига ҳам кўплаб кароматлар ато этгандир. Мана шунинг ўзи ҳам тасаввуф Аллоҳ таолога эҳсон даражасида гўзал қуллик қилишдан ўзга нарса эмаслигини кўрсатади.
“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан