1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Одамларни кулдириш учун ҳам ёлғон гапириш мумкин эмас

13:40 / 22.06.2019 4619 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз биз билан ҳазил-мутойиба қиласиз-ку» дейишди.

«Мен ҳақдан бошқани гапирмайман», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Яъни «Тўғри, ҳазил-мутойиба қиламан, бироқ ўша ҳазилим ҳам фақат ҳақ бўлади. Ноҳақ гапни гапирмайман», деганлар.

Демак, ҳазил-мутойиба шариатимизда бор экан, бироқ кулдираман деб, ҳазил экан деб, ёлғон, ноҳақ, бўлмағур гапларни гапириб бўлмайди.

Мусулмончиликдаги ҳазил ҳам ҳақиқатга асосланган бўлиши керак.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов сўраб келди. Шунда у зот:

«Бўпти, сени туянинг боласига миндириб қўямиз», дедилар.

«Туянинг боласини нима қиламан?» деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ахир туя туяни туғадими?» дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда нозик услуб ила ҳазиллашганлар. Улов сўраган кишига катта туя бермоқчи бўлганлар. Лекин беришдан аввал: «Сенга туянинг боласини бераман», деганлар.

У киши «туянинг боласи» деганда бўталоқни тушуниб, «Уни нима қиламан?» деб ҳайрон бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ахир катта туя ҳам туянинг боласи бўлади-ку», деган маънода гап айтганлар.

Кўриб турибмизки, бу гап ҳақиқатдан четлашмаган ҳазил бўлган. Катта ёшли туя ҳам, албатта, туянинг боласи бўлади, бироқ ҳар доим «туянинг боласи» деганда бўталоқ тушунилади. Шунинг учун у кишининг хаёли бошқа ёққа кетган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу шаклда ҳазил-мутойиба қилган эканлар.

Бизда ҳазил деб айтиладиган маъно арабларда «мизоҳ» ёки «мазах» сўзлари билан ифода этилади. Аслида «ҳазил» сўзи ҳам арабча. Аммо араблар уни бошқалар билан бўлган сўзлашувда енгил ва беозор кулгили гап маъносида кам ишлатишади. Бизда эса аксинча, «мазах»ни бировни эрмак қилиш маъносида тушунилади.

Ҳазил дўст-биродар ва тенгдошлар орасида олиб бориладиган сўзлашувда енгил ва беозор кулгили гап маъносида бўлса, мандуб ҳисобланади. Албатта, бунда озор, зарар, ғийбат, масхара, айблашга ўхшаш нарсалардан четда бўлиш шарт қилинади.

Меъёридаги ҳазил-мутойибада меҳнат машаққатлари ва турли таъсирлардан бир оз енгиллашиш ҳамда хушвақтлик топиш бор.

Аҳли-аёли ва бола-чақаси билан ҳазил-мутойиба қилиш эса мусулмонларнинг шиори ва набийларнинг ахлоқидир.

“Ёлғон” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олимлар ҳар бир инсонда бошқаларда учрамайдиган овоз бўлишини айтадилар. Шу боис ҳам махфий сўз ўрнига овоздан фойдаланиш мумкин. Ҳар бир инсоннинг овози ўзига давоми...

2054 17:00 / 26.11.2020
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари давоми...

4998 17:45 / 23.03.2019
Ҳажжождан ривоят қилинади .Шуъба эшагини миниб кетаётган эди, Сулаймон ибн Муғирани учратиб қолди. У Шуъбага муҳтожлигидан шикоят қилди. Шуъба эса .Аллоҳга давоми...

2310 09:02 / 21.03.2020
Ибн Жарир 224ҳижрий санада таваллуд топиб, 310ҳижрий санада 86 ёшда вафот этган. Агар бу ёшдан балоғат ёшигача бўлган даврни ўн тўрт йил деб ҳисоблаб олиб ташласак, давоми...

2221 16:20 / 07.07.2019
Аудиолар

231261 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149788 14:35 / 11.08.2021