1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Аллоҳнинг макр-синовидан хотиржам бўлиш

18:30 / 19.11.2018 4500 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик» (Анъом сураси, 44).

Яъни, уларга ўйламаган тарафларидан азобимиз етди.

Ҳасан Басрий: «Аллоҳ кимнинг ризқини кенг қилиб қўйган бўлса-ю, «Аллоҳ менга макр қиляпти», деб билмас экан, у ақлсиздир. Кимга ризқини қатра-қатра қилиб тор қилиб қўйган бўлса-ю, «Аллоҳ менга қараб турибди», деб билмас экан, у ҳам ақлсиздир», деб сўнг қуйидаги: «Қачонки, ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай ноумид – мублис бўлдилар», оятни ўқиган эдилар.

Яна айтдилар: «Каъбанинг Раббига қасамки, қавмга макр қилиши уларга ҳожатларини бериши ва сўнг уларни ушлашидир».

Мублис – фалокатга учраган пайтда нажот топишдан умидини узган кимса.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Мублис барча яхшиликдан умидларини узган кимса», деганлар.

«Билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, сизлар Унинг ҳузурига тўпланурсизлар» (Анфол сураси, 24).

Мужоҳид айтганларки: «Бунинг маъноси, Аллоҳ банда билан унинг ақли орасини эгаллаб – тўсиб туради. Ҳаттоки, банда бармоқлари нима қилаётганини ҳам билмай қолади».

Табароний: «Бу оят Аллоҳ таолонинг бандалар қалбига уларнинг ўзларидан кўра моликроқ эканини, У агар хоҳласа, банда билан унинг қалби орасини эгаллаб – тўсиб олишини ва инсон Аллоҳнинг хоҳиши билангина бирон нарсани идрок этишини хабар қилади», дейдилар.

Саҳиҳ ҳадисда келади: «Албатта, сизлардан бир киши жаннат аҳли амалларини қилади. Ҳаттоки, у билан жаннат орасида бир зирў масофа қолади. Шунда унга китоб (тақдир) етиб келади-да, дўзах аҳли амалини қилади ва дўзахга киради» (Муттафақун алайҳ).

«Жаннат аҳлининг амалини қилади», дегани, инсонларга шундай кўринади. Аслида эса у амалнинг яширин бир иллати бўлади. Агар у ростдан ҳам солиҳ, мақбул амал бўлганида эди, Аллоҳ уни яхши кўрган ва рози бўлган, унинг амалини ботил қилмаган бўларди. Шунинг учун, охири нима билан тугашини билмасдан туриб, амалнинг зоҳири билан ғурурланмаслик керак. Чунки амаллар хотимаси билан эътиборлидир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча: «Йўқ, қалбларни ўзгартирувчи зотга қасамки», деб онт ичардилар»

Бухорий ривояти.

Саҳл ибн Саъд Саидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бир киши дўзах аҳли амалини қилади, ҳолбуки, у жаннат аҳлидандир. Яна бир киши жаннат аҳли амалини қилади, ҳолбуки, у дўзах аҳлидандир. Дарҳақиқат, амаллар хотимаси билан эътиборлидир» Бухорий ривояти.

Уламолар айтишганки, ёмон хотима ботинда гуноҳ қилишга одатланган ва кези келганда гуноҳи кабира қилишдан ҳам тап тортмайдиган кимсаларда учрайди. Аммо кимки зоҳирда ҳақ йўл узра собит қадам бўлса ва ботинда ҳам гуноҳ қилишга одатланмаган бўлса, унинг хотимаси ёмон бўлишини ҳеч қачон эшитмаганмиз, билмаймиз ҳам. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд бўлсин. Энди кимки гуноҳ ишларини яхши кўрса ва гуноҳ қилиб тавба қилмасдан юраверса, у тавба қилиб улгурмасидан, ажали етиб қолиши мумкин. Мана шундай вақтда шайтон уни васвасага солади ва уни даҳшат қамраб олади-да, одамларга унинг бадбахт экани маълум бўлади. Бундан Аллоҳнинг Ўзи сақласин. Айрим кишилар эса бутун умри мобайнида ҳақ йўлда мустақим бўладилар-да, ажаллари яқинлашгач, ўзгариб, ҳақ йўлдан оғиб кетадилар. Бу ҳам хотимаси ёмон, оқибати хунук бўлишига олиб келади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй қабларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни динингда собит-мустаҳкам қилгин», деб кўп айтардилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, сизга ва сиз келтирган нарсаларга иймон келтирдик. Шунда ҳам биздан хавотирланасизми?» деб сўрадим. «Ҳа, чунки қалб Аллоҳ таолонинг икки бармоғи орасида бўлиб, уни хоҳлаганича ўзгартиради», дедилар» Термизий ривояти.

Асарда келганки, Иблисга макр қилингач, Жаброил ва Микоил йиғлай бошлашди. Шунда Аллоҳ таоло улардан: «Нима учун йиғлаяпсизлар?» деб сўради. Улар: «Парвардигоро, макр-синовингиздан хотиржам бўлолмаяпмиз», дейишган эди, Аллоҳ таоло: «Худди шундай бўлсин, макримдан хотиржам бўлманглар», деди.

Уламолар шундай дейдилар: «Агар Аллоҳ таоло гуноҳ қилишга муккасидан кетган бандасига ўзи севган нарсаларини бераётганини кўрсанг, билгинки, бу У Зот тарафидан бир макр-синовдир».

Ҳикоя: Ривоят қилинадики, Мисрда намоз ўқиш ва азон айтиш учун масжидга боғланиб қолган бир киши бор эди. У ибодатга берилган, тақводор эди. Кунлардан бир куни одатдагидек азон айтиш учун минорага чиқди. Миноранинг ёнгинасида зиммий насронийнинг ҳовлиси бор эди. У ҳовлига кўз ташлади ва насронийнинг қизини кўриб қолди. У чиройли қиз эди. Киши ўзини йўқотиб қўйди ва азонни ташлаб, қизнинг олдига тушди. Қиз ундан сўради: «Нима юмушинг бор?» «Сени хоҳлайман ва сенга уйланаман». «Сен мусулмонсан, отам мени сенга бермайди». «Насроний бўламан». «Ундай бўлса, майли...»

У қизга уйланиш учун насоро динига кирди ва уларнинг ҳовлисида қолди. Худди шу куннинг ўзида ҳовлидаги бир тепаликка чиқди-да, ерга йиқилиб ўлди. У дини билан муваффақият қозонмади, қиз билан роҳатланмади ҳам.

Аллоҳдан макр-синови, хунук оқибат ва ёмон хотимадан паноҳ беришини сўраймиз.


“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Катта ширк ndash Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва У зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби нарсаларга ибодат қилишдир. Катта ширк гуноҳи кабираларнинг давоми...

4769 10:29 / 01.11.2018
Ўлим вақти бўлсада Абдуллоҳ ибн Муборак шунинг учун кулган эди.У ўлим вақти яқинлашганда йўлда эди. Қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Деярли ўлишга яқин қолган эди. У ўзи давоми...

3480 18:48 / 02.01.2020
Аллоҳ таоло айтади.Ўлчов ва тарозидан уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай Улар одамлардан бирон нарсани ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга давоми...

4581 21:35 / 12.02.2019
Дўзах.. Унинг бир нечта номи бор Жаҳаннам, Жаҳийм, Сақар, Нор ва ҳоказо. Дўзах ҳозир ҳам бор. Уни Қиёмат куни ҳар битта одам ўз кўзи билан кўради. 1. Нор mdash араб давоми...

6370 09:10 / 13.11.2023