1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ансорлар учун йиғлашлари

14:04 / 16.11.2018 3723 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саид ибн Язид розияллоҳу анҳу ҳазратларидан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн жанги охирида Ҳавозин қабиласидан олинган ғаниматни тарқатдилар. Уни Макка аҳлидан қурайшийлар ва бошқалар олишди. Ансорлар бундан бир оз хафа бўлишди. Бундан хабар топган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлар бўлган жойга бордилар ва: “Ансорлардан бўлмаган кишилар чиқиб туришсин, – деб буюрдилар. Сўнг Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалам шаҳодат ва Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, бундай дедилар: “Баъзи кишиларни танлаб, уларга ғанимат берганим ҳақидаги сўзларингиздан хабарим бор. Бу ишимнинг сабаби уларнинг қалбини Исломга мойил қилиш эди. Шояд улар бундан сўнг шаҳодатга келадилар ва Аллоҳ уларнинг қалбларини Исломга боғлайди”. Ва яна давом этиб, марҳамат қилдилар: “Эй ансорлар жамоаси! Аллоҳ таоло сизларга иймон бергани билан миннатли эмасми? Сизларни мукаррам ва Исломга хизмат қилишдек шараф билан хос кишиларидан қилмадими? Аллоҳ таоло сизларни исмларнинг энг гўзали – "Ансоруллоҳ", "Ансори Расулуллоҳ" исмлари билан атамадими? Агар ҳижрат бўлмаса эди, албатта, мен ансорлардан бирлари бўлар эдим. Агар бутун инсонлар бир водийга борсалар, сиз ансорлар эса, бошқа водийга борсангиз, албатта мен сизлар турган водийга борар эдим. Бошқа одамлар бу ғаниматлар – қўйлар, сигирлар, туялар билан борганида, сизлар эса Расулуллоҳ билан боришларингизга рози эмасмисизлар?!”

Ансори киром Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларини эшитиб, жуда ҳам севинишди ва жўшиб: “Розимиз!” дейишди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб сўрадилар: “Айтганларим борасида сизлар нима дейсизлар?”

Ансори киром бундай деб жавоб беришди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз бизни зулмат ичида топдингиз, Аллоҳ таоло Сиз сабабли бизни нурга чиқарди. Сиз бизни жаҳаннам ёқасида кўрдингиз, Аллоҳ таоло Сиз сабабли бизни қутқарди. Сиз бизни залолатда топдингиз, Аллоҳ таоло Сиз сабабли ҳидоят берди. Биз ҳам Аллоҳ таолони Раббимиз, Исломни динимиз ва Сизни соллаллоҳу алайҳи ва саллам Пайғамбаримиз деб қабул қилдик ва рози бўлдик. Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Ҳалолнинг кенглигида истаганингизни қилаверинг”. Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам илтифот қилдилар: “Аллоҳга қасам! Агар сизлар бу айтганларингиздан бошқа нарсани, яъни, Сиз қавмингиздан ҳижрат қилиб биз томон келдингиз, биз Сизни бағримизга босдик; Сизни қавмингиз ёлғончига чиқарди, шу ҳолатда биз Сизни тасдиқ қилдик; Сиз озчилик ва ёрдамсиз эканингизда биз ёрдам бердик; Сиздан инсонлар рад қилиб, қабул қилмаган масалаларни биз Сиздан қабул қилдик, деганларингизда ҳам сизларни тасдиқ қилган бўлар эдим”.

Ансори киром эса: “Миннат, икром, фазлу карам Аллоҳ ва Унинг пайғамбариникидир! Бизнинг ва биздан бошқаларнинг ҳақлари...” деб сўзларини тамом қилмасдан йиғлаб юборишди. Кўп узоқ йиғлашди. Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ансорлар билан бирга йиғладилар.

Кейин улардан рози бўлдилар.

Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга соҳиб эдилар. Бу эса барча молу дунёдан устун, фазилатли ва ҳавас қилишга арзигулик эди.


“Пайғамбаримизни йиғлатган ҳодисалар” китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
816. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Агар одамларнинг айбини давоми...

2477 19:00 / 30.12.2022
383. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Қачон мўминнинг руҳи чиқса, икки фаришта қабул қилиб юқорига давоми...

1663 19:00 / 08 март
357. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг ўйинкулги қиладиган икки кунлари бор давоми...

716 19:00 / 19 январь
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Устидан қабр биринчи ёриладиган давоми...

5370 11:00 / 14.11.2020