1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тасаввуф ва нақшбандийлик: тасаввуф ҳақида мулоҳазалар

20:09 / 09.11.2018 9370 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Тасаввуфга оид бир мавзуни талқин қилишдан аввал “тасаввуф” нима эканлиги тўғрисида бир тушунчага, хулосага келиш лозим. Мен тасаввуф сўзи-атамасидан Исломий маънодаги тасаввуфни тушунаман ва сунния тариқатларини тасаввур қиламан. Бу мавзуда мақола ва китоб ёзган кишилар томонидан жуда кўп таърифлар тўпланган. Ҳаммаси ижтимоий, руҳий-психологик ҳаёт билан алоқадор бўлганлиги боис, бундай таърифларнинг миқдори китобларда 160-180 тагача жамланган.

Бир китобда: “Фалончи зот китобида тасаввуфга бағишланган икки минг таърифни тўплабди”, деб айтилган. Мен ўша икки минг таъриф тўпланган китобни кўрмадим, аммо бу маълумотни нақл қилган китобни ўқидим. Ва қандай таърифлар берилибди экан, деб қизиқдим. Зеро, табиийки, ҳар бир таъриф бир гулга ўхшайди, йиғилганда гулдастага ўхшаб, бирининг кўрки-чиройи янада ортади. Олимнинг таърифи ҳам, фикр-мулоҳазаси ҳам қийматлидир.

Тасаввуфга алоқадор таърифларни баъзи шоирларимиз ҳам назм шаклида ифода қилиб, бир жойга тўплаганлар. Масалан: Ойдинли Умар Дада (Рушаний) (ваф.1487) бир манзумасида 50-60 байтнинг ҳар байтида тасаввуфни турли йўллар билан тушунтириб, ҳар хил таърифларни келтириб ўтади. Кейин Шайх Иброҳим Маъшуқий Афанди (ваф.1655) ҳам бу мавзуда каттагина манзума ёзди. Бу таърифларни синчиклаб кўрганимизда, уларнинг бир қисми тасаввуф билан алоқадор илмларга дахлдор хулосалар эканлигини кўрамиз. Яна бир қисми эса таъриф бераётган кишининг ўша дамлардаги руҳий ҳолатини акс эттиради.

Тасаввуф замон ва макон жиҳатидан теран илдиз отган ва кенг ёйилган бўлиб, асрлар бўйи давом этгандир. Шунинг учун тасаввуфни бутун минтақалардаги кўриниши ҳамда том маъноси билан яхлит таърифлаб бўлмайди. Бинобарин, минтақа-минтақага ажратиб тадқиқ этиш лузумоти ҳам бордир. Масалан, Шимолий Африканинг тасаввуфий қарашлари ва тушунчалари билан Ўрта Осиёнинг, Онадўли билан Ироқ, Миср тасаввуфий қарашлари орасида фарқлар мавжуд. Болқон, Жазоир, Яман ва Тунисдаги кўринишлари орасида ҳам тафовутлар кўзга ташланади.

Мен бу таърифлар шундай хулоса чиқардим: Тасаввуф – бир томондан маърифатуллоҳни, бошқа тарафдан эса тазкияи нафс (нафс поклиги)ни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илм деган бўлардим. Яна бошқа бир ифода билан айтганда эса, тасаввуф Аллоҳнинг қулини, қулнинг эса Аллоҳни севиш йўлларини тушунтирадиган бир илмдир”. Тасаввуф Исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, унинг ичидаги мавзусининг шарафи билан музайяндир. Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билмак-танимак экан, ўз-ўзидан бу ҳолда “тасаввуф ашрафи улуми исломиядир”. Яъни Исломий илмларнинг энг шарафлисидир.

Нима қилсак Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак қалбимизда бўлишини истаганимиз “муҳаббатуллоҳ” (Аллоҳ севгиси) ҳосил бўлади? Тасаввуфнинг тутган йўли – шу. Шундай саволларга жавоб беради. Айни маънода тушунадиган бўлсак, Ислом тасаввуфи Исломнинг ўзидир, руҳидир: Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ҳамда ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан саҳобаларининг ҳаёт тарзидир.

Тасаввуф манбаини Эрон, Юнон ёки бўлмаса Ҳиндистондан қидириш, уни христианликдан ўтган воқеалар кабидек кўрсатиш ҳақиқатга тўғри келмайди. У – Исломнинг ички ривожланиши, руҳий ҳаётни англашидан юзага келган илмдир.

Тасаввуфга Исломдан бўлак жойлардан манба қидириш эса “у ердан олинган, бу ердан олинган” деб аслида Исломиятнинг ўзини ҳам йиқилган-тўпланган бир нарсадек кўрсатиш, пастга уриш ниятидаги айёр шарқиётчи (ориенталист)ларнинг бир ҳаракати бўлиб қолмоқда.

Тасаввуф илгари йўқ эди, у кейинроқ пайдо бўлди, деган сўзга бу соҳага алоқадор бир киши сифатида мен шахсан қўшилмайман. Чунки, эътибор берсангиз, тасаввуфни тушунтирадиган жами мутасаввифлар бир хулосага келишган: Тасаввуф қол эмас, ҳолдир, – деб айтганлар. Демак, тасаввуф аввало ҳол бўлар экан, кейин шундай номланганми-йўқми, бундан қатъи назар, бу "ҳол" Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида, асҳоби киром замонларида ҳам мавжуд эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умрлари давомида тавозеъ ва ибодатга берилганликлари билан, дунё ҳодисалари қаршисидаги ҳолатлари ила тасаввуфий ҳаёт тарзининг энг гўзал намунаси бўлдилар. Тасаввуф аҳлининг ҳар жиҳатдан гўзал ахлоқи ва пок яшаш тарзининг энг олий намунасини ўзлари яратдилар ва у кишининг асҳоби ҳам бу сифатлар билан зийнатландилар.

Асҳобдан кейинги тобеинларнинг феъллари ҳам шу руҳ уйғунлигида намоён бўлди. “Тасаввуф” ва “сўфий” калимаси билан таъбир қилинмаган бўлса-да, бу жиҳат "ҳол" шаклида мавжуд эди...

Тобеинлардаги айнан шу талабчанлик жиддий севги ва тақво туйғуси билан тўлиб-тошгандир. Улар ўзларидан кейинги мусулмонларда ҳам худди шу муносабат, шу ҳолатни уйғотдилар. Шу аснода, ҳадиси шариф, силсиласи орқали етказилгани каби, бу хусусдаги одоб-ахлоқлар ҳам, кейинги авлодларга мерос тарзида етказилди. Ва бу холис ва некбин одамлар, тасаввуфий гуруҳларни шу равишда тарихий, ижтимоий бир ҳодиса сифатида ўртага чиқардилар. Демак, тасаввуф “ҳол” кўринишида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврида ҳам бор эди, фақат калима, яъни сўз шаклида эса кейинроқ вужудга келди.

Соф тасаввуф ҳолати, зуҳду тақво ҳаёти “асри саодат”дан бери мавжуд эди ва қиёматгача бўлади, иншааллоҳ! Чунки тасаввуф Аллоҳнинг розилигини топиш йўлидир ва мутасаввиф ҳам асл мусулмон, ҳақиқий мўмин, хос ва холис қул деганидир.

Мен тасаввуфни сўз билан ўқиб-ўрганиш орқалигина эгаллаш мумкин эмаслигини амалда-ҳаётимда кўрган бир кишидирман. Касбим сабабидан илм арбоблари орасида юрган ва тасаввуфга оид кўплаб китобларни ўқиган бир киши бўлганлигим ҳолда татбиқотни, яъни амалда қўллашни китобларда тушунтирилганига нисбатан бошқа нарсалар янада кўпроқ қозонтиришини ўз ҳаётимда амалий кўрганман.

Тасаввуфни ташқаридан қидириш ва асарларда ифодалаш ва тушунтиришда зўракилик юзага келади. Инсон тасаввуфни унинг ичига кирган вақтида кўради ва феълан-амалан яшагандагина тушунади. Китобда ёзилганларни қандай англаш лозимлигини ҳам ана ўшанда тушунади. Хулоса қиладиган бўлсак, Ислом дини ўзининг табиий ривожланишида бўлган, табиий ҳолда ёйилган ва турли оқимлар ҳолида яшаган ва ўсган. Тасаввуф шундай бир ҳаёт ичида пайдо бўлиб, майдонга чиққан. Яъни, “илк мусулмонлар ҳеч нарса билмас эдилар. Эрон билан танишганларида, у ерда бир ҳодисани кўриб унга тақлид қилдилар”, – деб айта олмаймиз. Чунки мусулмоннинг мақсад ва тушунчаси ташқаридан бир нарса олиш эмас эди. Бу кундаги ҳақиқий мусулмоннинг ҳолати ҳам шундайдир. Бугунги чин мусулмон ташқаридан тақлид йўли билан на шакл олишни, на фикр олишни ва на ишонч олишни хоҳлайди. Чунки, у бошқа нарсаларнинг бегона эканлигини билади. Ўзини ўз манбалари ичида камолга етказишни афзал кўради. Мутафаккирларимиз асарларида ҳам шу нарса кўзга ташланади.

Бу ишнинг ҳақиқий вакиллари тасаввуфнинг Шариати шариф аҳкомларидан зарра қадар ташқарида эмаслигини, суннатларнигина эмас, ҳаттоки одобни тарк этганида ҳам кўп нарсалар йўқотишини билар эдилар. Суннатга ва одобга риоя этишни қаттиқ тавсия этардилар.

Бинобарин, Шариати шарифга бўлган ҳурматимни ҳар лаҳза янада кўпайишини Ҳақ таолодан тилаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадиси шарифни бошга тож этишни жон дилдан маслак қилиб олган бир киши сифатида, хос ва холис равишда тасаввуфга қарши чиқишни энг катта хато ва хавфли бир нарса деган хулосага келганман. Шариати шарифга, ояти карималарга дил берган бир киши сифатида тасаввуфни ихтиёрий кайф-завқ касби эмаслигини, аксинча ҳар бир мусулмон учун мажбурий, зарурий бир йўл, деган хулосага келдим.

(давоми бор)

Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон

Таржимон Сайфиддин Сайфуллоҳ 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, .Эй Аллоҳнинг Расули Менга давоми...

4640 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади .Агар сиздан уларни сўраса, қийнаса, бахиллик қиласизлар ва кекларингизни чиқарур, 37оят.Аллоҳ таоло Ўзи яратган давоми...

3371 19:00 / 23.04.2022
.Карийм, сифати .карам, сўзидан олинган бўлиб, бир нарсанинг ўзида бор шарафига ёки хулқларидан биридаги шарафга далолат қилади. Карим киши, карим ҳайвон ёки карим давоми...

3500 05:00 / 28.02.2017
Қаттиқ қийинчиликка тушган бир киши ҳақида ҳикоя қилинади. У кишини қарзи жуда қийнаб қўйди. Чунки, унинг гарданидаги қарз 500000 динорга етган эди. Уни тўлай давоми...

9197 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

135304 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55557 14:35 / 11.08.2021