Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (7-дарс). Инсонда илм-маърифат ҳосил бўлиш воситалари

10:09 / 09.11.2018 7142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал ҳам ишора қилинганидек, имом Абу Мансур Мотуридий инсонда илм-маърифат ҳосил қилиш воситалари ҳақида биринчи бўлиб баҳс юритган илми калом олимидир. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Мотуридийгача мутакаллимлардан ҳеч ким маърифат назариясига аҳамият бермаган. У кишидан ўрганиб, кейин келганларнинг ҳаммалари бу борада сўз юритганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий илмнинг асли самъ – эшитиш ва ақлдан иборат эканини таъкидлайди. Бу маънони бугунги кун истилоҳида «Нақл ва ақл илмнинг аслидир» десак, бўлаверади. Сўнгра имом Абу Мансур Мотуридий инсонда илм-маърифат ҳосил қилиш воситалари ҳақида сўз бошлайди. Бунинг учун ўзи яшаб турган давр истилоҳлари ила «Нарсаларнинг ҳақиқати ҳақида илмга эриштириш йўли аъён, ахбор ва назардир», дейди. Албатта, бу каби ибора ва истилоҳларни бугунги кунда тушуниш бироз қийин.

Уламолар «Китобут-тавҳид» имом Абу Мансур Мотуридийнинг китоблари ичида энг қийин китоб эканини таъкидлашган. Ушбу мулоҳазаларни эътиборга олиб, тушуниш бироз осон бўлсин деган мақсадда, имом Абу Мансур Мотуридийнинг издошларидан бўлган бошқа бир ватандошимиз шайх Умар Насафийнинг услуб ва ибораларидан фойдаланишни раво кўрдик.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи илмнинг воситалари ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Халойиқ учун илмнинг воситалари учтадир: соғлом ҳис қилиш аъзолари, содиқ хабар ва ақл.

Соғлом ҳис қилиш аъзолари бештадир: эшитиш, кўриш, ҳидлаш, татиш ва ушлаш. Ҳар бир ҳис қилиш аъзоси ила унга хос бўлган нарса билинади».

Аллоҳ таоло инсонга қўшиб яратган туйғулар одам дунёга келиши билан дастлабки илм олишига восита бўлади. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шундай илм олишлар жумласига киради. Буни илмий тилда «туғма инстинкт» дейилади. Лекин бу тоифадаги илм инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.

Инсон каттароқ бўлганидан кейин ўзининг ҳис қилиш аъзолари орқали маълум бир нарсалар ҳақида илм ҳосил қилади. Ушбу ҳис қилиш аъзолари орқали идрок қилинган нарсаларни инсон илми ила иҳота қила бошлайди. Инсон кўрган, эшитган, ҳидлаган, татиган ва ушлаган нарсаларини таҳлил қилиб, ўрганиб, хусусиятларини ажратиб боради. Мазкур ҳис қилиш аъзолари ёрдамида олаётган билимини бошқа нарса ёки восита ила ўрганиши деярли мумкин эмас.

Мисол учун, кўзи ожиз ҳолда туғилган одамга, у қанчалар закий ва доно бўлса ҳам, рангларни васф қилиб тушунтириб бўлмайди.

Шунингдек, кар ҳолда туғилган одамга, у қанчалар закий ва доно бўлса ҳам, овозларни васф қилиб тушунтириб бўлмайди.

Барча инсонлар ўзлари татиб кўрмагунларича, таъмлардан бирортасини тўлиқ билишлари қийин иш.

Лекин ҳис қилиш аъзолари ҳам тўлиқ илм олиш учун кифоя қилмайди. Бу нарсаларнинг ҳаммаси маълум бир чегарагача илм олиш учунгина ярайди, холос.

Мисол учун, кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Кўзга кўринган нарса ундан узоқлашган сари кичкина бўлиб боради ва охири кўринмай қолади. Бунинг устига, кўз ила кўриш учун ёруғлик ҳам керак. Агар қоронғи тушиб қолса, кўзнинг кўриш қобилияти ҳам ишламай қолади.

Қулоқ ҳам маълум даражадаги товушларни эшитади. У товушдан узоқлашган сари ёки товуш кучи озайган сари, уни эшитиш сусайиб боради ва охири эшитмай қолади.

Ушлаб билиш қобилияти эса яна ҳам шарти кўп нарсадир. У билан бирор нарсани билмоқ учун, албатта, ўша нарсага баданнинг маълум қисмини теккизиб кўрмоқ керак.

Ақлини пешлай олмаган баъзи бир зотлар дунёда ҳис қилиш аъзолари воситасида билинадиган нарсалардан бошқа нарса йўқлигини таъкидлайдилар. Уларнинг ақли қосирларича, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб, қулоқ билан эшитилмаган нарса дунёда йўқ бўлар эмиш. Улар мана шундай ноқис ақллари билан Аллоҳ таолони ҳам инкор қилишга уринадилар.

Ҳозирги замон илми дунёда одам боласи ҳис қилиш аъзолари билан била олмайдиган, жумладан, оддий кўз билан кўра олмайдиган, оддий қулоқ билан эшита олмайдиган кўпгина нарсалар борлигини кашф этди.

Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам мумкин. Мисол учун, чўлда кетаётган одамга сароб сув бўлиб кўриниши ҳаммага маълум.

Бу каби нуқсонларни инсон ақл ёрдамида топган илми ила тузатади. Ақл илм ҳосил бўлиши учун ишлатиладиган муҳим воситадир.

Ақлнинг илмга алоқасини Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича таърифлайди:

«Ақл ҳам илмнинг воситасидир. Унда ўз-ўзидан пайдо бўлган илм зарурийдир. Ҳар бир нарса ўзининг бўлагидан катта эканлиги ҳақидаги илм каби. Ақлнинг мушоҳадаси орқали собит бўлган илм касбийдир. Аҳли ҳақ наздида илҳом бир нарсанинг тўғрилиги ҳақидаги маърифат учун восита эмас».

Инсоннинг ақли илм ҳосил қилиш учун энг муҳим омилдир. Ақл воситаси ила ҳосил бўладиган илм иккига бўлинади.

Биринчиси – таҳлил ва мушоҳадасиз, бир кўргандаёқ ўз-ўзидан пайдо бўладиган илм. Ҳар бир нарса ўзининг бир парчасидан кўра катта экани бир кўришда ўз-ўзидан билинади. Бу «зарурий илм» деб аталади.

Иккинчиси – ақлни ишга солиб, таҳлил ва мушоҳада воситаси ила ҳосил бўладиган илм. У «касб қилиб топилган илм» дейилади.

Ақл ила ҳосил бўладиган илм ҳис қилиш аъзолари воситасида ҳосил бўладиган илмдан кучлидир. Ақл воситаси ила ҳис қилиш аъзолари йўл қўйган хатолар ҳам тузатилади. Масалан, сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин. Бу – кўзнинг хабари ва нотўғри хабар. Лекин ақл акси сувда шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилиги ҳақида илм беради. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини билдиради.

Ақлнинг асосий вазифаси ҳис қилиш аъзолари нақл қилган маълумотлардан таҳлил, қиёслаш, мушоҳада қилиш, фарқлаш, турли қоидалар ишлаб чиқариш орқали илм ҳосил қилишдир. Шунинг учун ҳам ақлнинг хизмат доираси ҳис қилиниши мумкин бўлган олам билан чегаралангандир.

Бинобарин, ғайбий – метафизик нарсаларнинг илми ақл доирасида эмас. Бу нарсаларни ақл билан аниқ билиб бўлмайди. Чунки уларни ҳис қилиш, тажрибага бўйсундириш мумкин эмас.

Инсоннинг ҳис қилиш доирасидан ташқарида бўлган ғайбий – метафизик нарсалар ҳақида ақл юритиш гумондан, хаёл ва тахминдан бошқа нарса бўла олмайди. Гумон, хаёл ва тахмин зинҳор илмнинг ўрнини боса олмайди.


“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва, албатта, Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Қуръон У зотдан кайфиятсиз сўз бўлиб зоҳир бўлди. У зот уни ўз Расулига ваҳий сифатида нозил қилди. Мўминлар уни ана ўша давоми...

3956 23:37 / 02.12.2016
иккинчи мақолаАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади1. .Сизга ер юзида ва ўз жонингизда нимаики мусибат етган бўлса, уни яратишимиздан олдин китобда давоми...

4759 16:00 / 16.03.2020
ТАҚДИМАллоҳ номи ила қувилган шайтоннинг ёмонлигиндан паноҳ сўрайман Сен Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг давоми...

23954 00:42 / 03.12.2016
Бисмиллаҳир рохманир рохиймҲеч ким гуноҳ қилишдан тўлиқ муҳофазаланган эмас ndash бу инсониятнинг табиатидир. Хамда, ҳадисда айтилишига биноан, жаннатийлар давоми...

12121 14:18 / 24.05.2018