1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қачонки ажал етса...

13:10 / 08.11.2018 4651 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ажал ҳам бошқа барча нарсалар каби фақатгина Аллоҳ таолодан эканлигига аниқ ва тўлиқ ишониш муҳим нарсадир.

Бу масала ҳам ақоидга боғлиқ масалалардан. Ажалнинг Аллоҳ таолодан эканлиги ва уларнинг миқдори ва вақти чегараланганлигига умумий эътиқод қилиш лозим ва лобуддир. Аммо у ҳақдаги тафсилотлар фақат Аллоҳ таолонинг илмига ва Уммул Китоб ­– Лавҳул Маҳфузга хосдир.

Аллоҳ таоло “Раъд” сурасида:

«Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур. Она Китоб Унинг даргоҳидадир», деган (39-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло дунёдаги нарсалардан нимани хоҳласа, фойдасиз ёки муддати битди, деб топса, маҳв этади, йўқотади. Нимани фойдали деб топса, турсин деса, собит қилади, қолдиради. Буларнинг ҳаммаси битиб қўйилган, бундан бошқа нарсалар ҳам ёзилган Она Китоб Аллоҳнинг ҳузуридадир. Шу жумладан, ризқ ва ажал масаласи ҳам Аллоҳ таолонинг азалий илмига оид нарсалар бўлиб, уларни ўзгартиришга ҳам фақатгина ҳар бир нарсага қодир бўлган Аллоҳнинг Ўзи қодирдир.

Аллоҳ таоло:

«...Қачонки муддатлари келса, уни бирор соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», деган (Наҳл, 61).

Дунёга келган ҳар бир шахснинг белгиланган ажали бўлиб, ўша ажал келганда бу дунёни тарк этиши ҳақиқатдир. Шунингдек, оламдаги ҳар бир уммат, ҳар бир халқ ва ҳар бир қавмнинг белгиланган ажали бор. Бу ажал муқаррар суратда, ўз вақтида келади. Уни на бирор соат олдинга, на бирор соат ортга сура оладилар.

Шунингдек, жонни берган Зот уни қачон қайтиб олишини – ажалини ҳам белгилаб қўйган. Қачон олишини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу дунё ажалидан сўнг бир куни у дунё учун белгиланган қиёмат вақтини ҳам тайин этган. Бу вақтнинг, яъни қиёматнинг қачон бўлишини ҳам Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Мана шу аломатлар ақл-инсофи бор инсонларга ягона Аллоҳга иймон келтириш, Унга ўзгани тенглаштирмаслик учун далил ва омил бўлиши керак.

Баъзи уламоларимиз умматларнинг ҳалокати фақат жисмоний бўлиши шарт эмас, маънавий ҳалокат ҳам шунга киради, дейдилар.

Аллоҳ таоло “Фотир” сурасида:

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса… Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир», деган (45-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг илми яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди».

Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўришини шундан билиб олиш мумкин.

«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр».

Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.

«Ўша ажаллари келганда эса...» нима қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу гаров турида сотувчи товарнинг ўзини бўлмасада, унинг эгадорлик ҳужжатларини гаровда ушлаб турса бўлади. Бу ҳолда ҳужжатларни гаровда ушлаш билан гаров давоми...

2612 14:00 / 12.08.2019
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан ўтдилар. Мен икки бармоғим ила дуо қилаётган эдим. Бас, у зот давоми...

3098 10:00 / 09.04.2019
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар Барча дўстларни кўрдим, тилни муҳофаза қилишдан кўра яхшироқ дўст учратмадим. Барча либосларни кўрдим иффат ва давоми...

4130 21:00 / 26.02.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар .Умар розияллоҳу анҳу жароҳатланганида ҳузурига кириб, .Эй мўминларнинг амири, суюнаверинг. Чунки Аллоҳ сизга жуда кўп давоми...

2377 09:10 / 27.10.2019
Аудиолар

227883 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146605 14:35 / 11.08.2021