1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Боланинг танглайини кўтаришда гўзал рамз бор

09:02 / 06.11.2018 4106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш ҳам ота-онанинг бурчи ва болаларнинг ҳаққидир.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, жуда хурсанд бўлар эдилар. Уларга исм қўйиш билан бирга, танглайларини кўтариб ҳам қўяр эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўдаклар келтирилар эди. Бас, у зот уларнинг танглайларини кўтарар ва уларга барака тилаб, дуо қилар эдилар».

Аҳмад ривоят қилган. 

Ёш боланинг танглайини кўтариш – катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб, танглайига теккизиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломати бўлиб, бу ишни аҳли солиҳ, фазилатли кишилар қилишлари марғубдир.

Баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари болаларни олдириб келиб, танглайини кўтариб қўйган ҳолатлари ҳам бўлган. Бунга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоят мисолдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Анас, онангнинг олдига бориб: «Ўғлингнинг киндигини кесганингдан кейин унга ҳеч нарса татитмай туриб, менга юбор», дедилар», дегин», дедилар.

У (онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга учта Ажва хурмоси келтир», дедилар. 

Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб, оғизларига солиб, чайнадилар ва боланинг оғзини очиб, солдилар, бола тамшана бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ансорий-да, хурмони яхши кўради!» дедилар. Сўнгра: 

«Онангга бориб, «Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин», деб айт», дедилар». 

Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болаларнинг танглайини кўтаришлари ва улар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб, дуои хайрлар қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

Боланинг танглайини кўтаришда ҳам гўзал рамз ва маъно бор: Бола янги туғилди. Ҳали унинг томоғидан турли озуқалар ўтгани йўқ. Унинг оғзига кирадиган ва танглайига тегадиган биринчи нарса, тақводор, ибодатли ва дуогўй одам томонидан тақдим қилинадиган ширин ва ҳалол-пок озуқа бўлсин. Токи бу бола умри бўйи ширин ва ҳалол-пок озуқаларни тановул қилиб юрсин, тақводор, ибодатли, соғлом бўлсин.

“Соғлом бола китобидан”

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Робиъ ибн Сулаймон айтади .Муҳаммад ибн Идрис Сулаймон Шофиъий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар эди. Барча хатмни намозда қилар эди,.Имом Шофеъий давоми...

1945 03:30 / 10.05.2020
Хатми Қуръон чоғида риоя қилиш керак бўлган одоблар ҳам бор бўлиб, булар саҳобаи киромлар ва улуғ Қуръон устозларидан нақл қилингандир. Улардан асосийлари давоми...

25590 04:30 / 29.04.2019
121. Ҳамёнингизда Мусҳаф бўлиши талаб қилинмаган, лекин ахлоқингиз оятда келган хулқлар бўлиши яъни Қуръондаги хулқлар билан хулқланишингиз талаб қилинган.122. давоми...

5035 13:14 / 06.04.2017
Абу Арокадан ривоят қилинади .Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан бомдод намозини ўқидим. Салом бергач, ўнг томонга ўгирилдилар, кейин қуёш масжид деворига давоми...

1683 03:00 / 14.09.2020
Аудиолар

232077 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150586 09:35 / 11.08.2021