1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Савдода монополия ҳаромдир

06:01 / 06.11.2018 3291 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор(монополия)дир.

Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир», дедилар». 

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

«Эҳтикор» луғатда «ушлаб туриш» деган маънони англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсанинг нархини ошириш учун уни қасддан сотмай, ушлаб туришга «эҳтикор» дейилади.

Ушбу таърифдан эҳтикор бўлмайдиган ҳолатлар ҳам аён бўлади.

1. Ўзи етиштирган нарсани ушлаб туриш эҳтикор эмас.

2. Қайта сотиш учун эмас, ўз эҳтиёжи учун сотиб олган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас.

3. Бошқа юртдан сотиб олиб келинган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас. Агар доимий равишда олиб келадиган одам бўлса-ю, нархни сунъий равишда оршириш мақсадида ушлаб турса, бу эҳтикор бўлади.

Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсаларнинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.

Биринчисини мутлақо мумкин эмас, десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас, деганлар.

Эҳтикор ҳақида юқоридаги мазкур ҳадисдан бошқа бир қанча ҳадислар ҳам келган. Улардан баъзиларини зикр қилсак, мавзуни яна ҳам очиқроқ тушунишимизга ёрдам берса, ажаб эмас.

Имом Аҳмад, Баззор, Ҳоким, Дора Қутний ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким таомни қирқ кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳдан воз кечган, Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар», деганлар.

Яъни қайси юртнинг аҳолиси ичида бир киши бир кеча оч ётса, ўша кишини оч қўйганлари учун ўша юртнинг бутун аҳолиси гуноҳкор бўлади.

Баъзилар айни ушбу ҳадисга суяниб, «Эҳтикор фақат таомда бўлади», дейдилар. Лекин жумҳур уламоларимиз «Эҳтикор ҳақидаги ҳадислар кўп, улардан фақат битта ҳадисда таом зикр қилинган. Бу эса эҳтикор фақат таомда бўлади, дейишга асос бўла олмайди», дейдилар.

Бошқа ҳужжат ва далиллар ҳамда воқелик эҳтикор таомдан бошқа нарсаларда ҳам бўлишини кўрсатади. Шу билан бирга, таомни нархини ошириш учун сотиб олиб, қирқ кун ва ундан кўп ушлаб туриш эҳтикор бўлиб, бу катта гуноҳ эканини айни мана шу ҳадисдан билиб оламиз.

Банда учун Аллоҳ ундан юз ўгиришичалик катта бахтсизлик йўқ. Таомнинг нархини сунъий равишда ўстириш учун эҳтикор – монополиячилик билан шуғулланадиган кўпчилик кимсалар бу ҳақиқатни тушунишлари ҳамда бу ҳаром ишларидан тезда воз кечишлари лозим.

Имом Ибн Можа, Доримий ва Байҳақийлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жалб қилувчи ризқлантирилгандир. Эҳтикорчи лаънатлангандир», деганлар.

«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш яхши иш. Уни қилган одамнинг ризқи улуғ бўлади.

Аммо ўз юрти бозоридаги энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни оширувчи – монополиячи эса малъундир. Чунки у кўпчиликни ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай ёки бошқа жойдан савдо моли олиб келмай, фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган ҳаромхўр кимсадир.

Имом Аҳмад Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мусулмонларга нархни ошириш учун бирор эҳтикор қилса, хатокордир», деганлар.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, қиёмат куни Аллоҳ уни катта оловга ўтирғизишга ҳақли бўлади», деганлар.

Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлар экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўмин-мусулмон одам мўмай бойлик орттириш мақсадида турли қаллобликларни ишга солиб, бозор нархини сунъий равишда кўтариш ишига яқин йўламаслиги керак. Бу иш ҳаромдир, катта гуноҳдир. Нархни бозор белгилайди. Одамлар ўз эрклари ва ихтиёрлари билан савдо қиладилар.


“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

3085 09:02 / 09.11.2018
Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилинган. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор бўлиб, уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.Мадҳ қилувчидаги давоми...

3977 21:40 / 14.01.2019
Маълумки, қадим замонларда одамлар савдо ва иқтисодий муомалаларни қўлларида мулк бўлган нарсаларини бирбирига алмаштириш йўли билан қилганлар.Кейинроқ молнинг давоми...

1844 11:40 / 19.05.2020
Абдуллоҳ ибн Робиъадан ривоят қилинади .Атаба ибн Фарқад Абдуллоҳга .Эй Абдуллоҳ, биродарингнинг ўғлига гапириб қўймайсанми, менинг ишимга ёрдам берсин,, деди ўз давоми...

2195 07:10 / 14.09.2019
Аудиолар

213455 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132669 14:35 / 11.08.2021