1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуо ҳам ибодат

07:09 / 05.11.2018 3446 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, у инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсон руҳига қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида, бошга мусибат тушганда, бирор дардга чалинганда ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам, ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қила бошлайди. Инсон ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганида ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган.

ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (Ғофир сураси, 60-оят).

Аллоҳ таоло мазкур оятда дуони «ибодат» деб атаган. Кимки ундан кибр билан юз ўгирса, Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган.

Дуо кўпгина касалликларнинг давосидир. Инсон табиати шундайки, қалбидаги дарду ҳасратини энг яқин дўстига тўкиб солиб, ўзининг қайғу-аламини енгиллатгиси келади.

Руҳий касаллик табибларининг таъкидлашларича, кўпгина асабий, руҳий хасталикларнинг тузалиши уларнинг сабабини бир яқин ёр-дўстга ошкор қилиш, дардини тўкиб солиш билан бўлар экан. Бу нарсани бировга айтмай, яшириб юрилса, дард зиёда бўлар экан. Агар инсон ўз қайғусини Парвардигорига айтса-чи, Ундан ёрдам сўраса-чи? Албатта, бу вақтда унинг қалби осойишталик билан тўлади, қайғу-аламлари кўтарилади. Чунки иймони унга «Аллоҳ сен билан бирга, Ундан бир нарсани сўрасанг, албатта сўраганингни беради», деб турибди. Аллоҳ бу ҳақда Бақара сурасининг 186-оятида шундай марҳамат қилади:

ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар».

Ислом талаб қилаётган дуо ҳамма вақт – хурсандчилик вақтида ҳам, хафачилик вақтида ҳам лозимдир. Чунки инсон ўз Парвардигорини ҳар доим эслаши, Унга ибодат қилиб юриши керак. Кўпчилик қийинчилик вақтларида ўз-ўзидан Аллоҳга илтижо қилади, лекин Аллоҳ унинг мушкулини осонлаштириши биланоқ У Зотни эсидан чиқариб, ўз қуввати билан ғурурланади. Бу эса ўз навбатида Аллоҳнинг буйруқларидан бўйин товлаш ва фасод ишларни қилишга олиб келади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо қилади. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверади» (Юнус сураси, 12-оят).

Шунинг учун ҳам инсон уни ҳалокатдан қутқариб қолган Аллоҳга осий бўлмасдан, балки ўша ҳолатини Аллоҳнинг тоат-ибодати учун доимий эслатма қилиб олиши лозим. Дуо Исломда руҳий улуғворликнинг асосий рамзи ҳамдир. Бу улуғворлик мусулмон кишини жасади учун керакли баъзи бир дунёвий нарсалардан ўзини юқори тутадиган ва камолот чўққиларига чиқадиган қилиб қўяди. Бунинг устига, аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон киши дуо орқали Аллоҳдан фазл (устунлик), ишларининг осон, мушкулининг енгил бўлишини ва бошқа нарсаларни сўрайди. Қуръони каримда дуо маъносидаги жуда ҳам кўп оятлар бор. Бу оятларни ёдлаб олиб, дуо қилиб юрилса, Қуръонга мувофиқ дуо қилинган бўлади. Дуо фазилатли иш эканлиги тўғрисида жуда ҳам кўп далиллар келган. Шулардан биргина ҳикояни эслатиб ўтиш кифоя бўлса керак:

Алана Ландсберг исмли самолёт командири билан тўққиз киши ҳалокат туфайли океанга тушиб кетишганида, ҳамма уларни ҳалок бўлди деб ўйлаган. Бу ҳақда командир қуйидагича ҳикоя қилади: «Бир амаллаб иккита қутқарув резина балонига жойлашиб олдик. Бизда бир қултум сув ҳам, бир тишлам нон ҳам йўқ эди. Ҳаммамиз даҳшатда эдик. Фақат орқа пулемётчимиз Альберт Гранандез даҳшатга тушмади, балки ихлос билан ёлвориб, дуо қила бошлади. Бизни тинчлантириб: «Мен биламан, Аллоҳ менинг дуоимни қабул қилади, бизга тезда ёрдам беради», дерди. Аёвсиз қуёш иссиғида қолдик. Шундай бўлса-да, ичимизда Аллоҳга ёлвориб дуо қилар эдик. Шу ҳолда уч кун ўтди. Ниҳоят оқшом чоғи кичкина оролчага кўзимиз тушди. Шу пайт ҳеч кутилмаган воқеа содир бўлди – бизга қараб учта қайиқ сузиб кела бошлади. Ичида яланғоч кишилар бор эди. Кейин билсак, бизнинг халоскорларимиз австралиялик туб аҳоли вакиллари бўлиб, қора танли яланғоч кишилар экан. Улар ўз юртларидан юзлаб мил масофани сузиб ўтиб, шу ерга келишибди. Ўзларининг айтишларича, улар кеча ўлжаларини олиб, юртларига қайтишмоқчи экан, лекин қандайдир сирли туртки уларни ўз қайиқларини мана шу ҳамманинг эсидан чиқиб кетган, ҳеч кимга фойдасиз тарафга буришга ундабди» (Бу воқеа 1944 йил октябрь ойида содир бўлган.)

Дуонинг фойдаси қай даражада эканини мазкур воқеадан ҳам билиб олиш мумкин.


“Иймон” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарихчи Ҳеродотнинг сўзларига кўра, қадимги Миср халқи дунёнинг энг художўй кишилари бўлган. Аммо улар ҳақ динга эмас, балки бузуқ бир динга, кўпхудоликка эътиқод давоми...

7268 21:03 / 13.12.2018
Қуръони Карим тўлиқ ҳолда, ҳар бир ҳарфигача барча оламларнинг Роббиси Холиқи, Розиқи, Тарбиячиси ва Тадбирини қилувчиси Аллоҳ томонидан туширилгандир. Унинг давоми...

23539 09:30 / 25.03.2020
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб хутба қиладиган бир устун бор эди. Минбар ўрнатилгач, ўша устуннинг ҳомиладор давоми...

2296 08:00 / 02.01.2021
У айтади.Аэропортдан меҳмонхонага бормоқчи бўлиб таксиларнинг олдига келдим. Насибам ўша ерда турган жуда ҳам тоза автомобиль бўлди. Унинг ҳайдовчиси ҳам жуда давоми...

3463 17:00 / 18.02.2021