1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Уяли телефон – ё ҳалокат, ё саодат

11:00 / 18.03.2023 5824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илмнинг ривожланиши натижасида овоз узатиш асбоблари ихтиро қилинди ва улардан бошқалар қатори мусулмонлар ҳам фойдалана бошладилар. Телефон алоқаси ва техникаси ривожлана бориб, бу соҳада мисли кўрилмаган тараққиётга эришилди. Охири келиб бизда «уяли телефон» деб номланаётган, бошқа халқларда «чўнтак телефони», «қўл телефони», «ҳаракатланувчи телефон» каби турли номлар билан аталаётган телефон тури кенг тарқалди. Ҳозирга келиб, мослама нафақат овозни узоқ масофага узатиш воситаси, балки сурат ва видеотасвирга тушириш, уларни бошқаларга юбориш, овоз ёзиш, қисқа мактублар (СМС) юбориш, интернетга кириш каби бир қанча ишларни амалга ошириш воситасига айланиб қолди.

Албатта, бу нарсаларни тартибга солиш, телефон орқали бўладиган алоқаларнинг меъёри ва одобларини баён қилиш зарурати туғилди. Аммо бу иш билан деярли ҳеч бир одам ёки гуруҳ жиддий шуғулланмаётир. Муаммолар эса борган сари кўпайиб бормоқда.

Фойдали нарсаларнинг ўзига яраша зиён тарафи ҳам бўлганидек, уяли алоқа воситасининг ҳам манфаатли ва зарарли тарафлари бор. Агар уни манфаат йўлида ишлатиб, зарарли тарафларидан сақланилмаса, неъматга нисбатан ношукрлик бўлади, киши ўзининг дунёси учун ҳам, охирати учун ҳам зиёнга ишлайди.

...Масжидда маъруза қилишга тайёрланаётган эдим. Шунда бир гуруҳ ёшлар мендан олдин қўлларига телефонларини олиб, суратга олишни бошлаб юборишди. Улардан баъзилари бошқа намозхонларнинг елкалари оша, туртиб-суртиб олдинга ўтишга интилишмоқда. Бошқа бирлари чўккалаб олишган. Учинчи тоифаси эса ўтирган жойида бўйнини чўзиб, қўлидаги телефонини баланд кўтариб туришибди. Отахонлар безовта бўлишмоқда, асабийлашишмоқда. Баъзилари ҳалиги йигитларни тартибга чақириб, ўтиришга чорлашди. Энг асосийси, сурат ва овозни ёзмоқчи бўлаётган ёшлар на масжид имомидан, на мендан рухсат сўрашни хаёлларига ҳам келтиришмаган эди. Уларнинг фикрича, суратга ёки овоз ёзишга шайланган киши ҳаммадан юқори туради, унга биров халақит бермаслиги ҳам фарз, ҳам вожиб...

Мусулмонларга, намозхон кишиларга шу иш муносибми? Йўқ! Бу иш мусулмонларга мутлақо ярашмайдиган ўта одобсизликдир! Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг уйи бўлмиш масжидда суратга олиш, овоз ёзиш билан овора бўлмаслиги, одоб билан маъруза эшитиши керак.

...Бир одамнинг маросимидамиз. Тўйга келганлар учун кенг жойга дастурхон тузалган. Биз ўтирган чорпоя атрофини кўп сонли «телефончилар» ўраб олиб, сурат олишни ва овоз ёзишни бошлаб юборган. Бошқа меҳмонлар тўсилиб қолганлари сабабли, тик туриб, бўйин чўзишмоқда ёки «телефончилар»ни «Ўтир-ўтир», деб тартибга чақиришмоқда. «Телефончилар» эса бунга парво ҳам қилмай, ўз фаолиятларини давом эттириш, бир-бирларини итариш-туртиш билан оворалар. Уларнинг фикри-зикри – беодоблик билан ёзган нарсаларини телефон орқали тезроқ бошқаларга юбориб, шуҳрат қозониш, мақтаниш...

Мусулмон меҳмонларга шу иш муносибми? Йўқ! Бу иш меҳмонларга мутлақо муносиб эмас. Меҳмон деган одам ўзи учун кўрсатилган жойда одоб билан ўтириши лозим. Изн сўрамасдан, бировни суратга олмаслиги ва овозини ёзмаслиги керак.

...Бир одам эрталаб ишга кетаётса, йўлда фалокат содир бўлиб, бир кичик автоулов каттасининг остига кириб кетибди. Буни томоша қилиб турган одамларни кўриб тўхтабди, суратга олибди. Сўнгра ўзича ҳамкасбларига нодир суратни кўрсатиб, мақтанишни режалаштириб, ишхонасига кирса, у ердагилар бошқалар томонидан ўзларининг қўл телефонларига аллақачон юбориб бўлинган мазкур ҳалокатни томоша қилиб ўтиришганмиш...

Шу иш мусулмон инсонга тўғри келадими? Йўқ! Бу иш мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон киши бошқа инсонларнинг мусибатга учраганини кўрганда, дарҳол ўша вазиятда ўқилиши керак бўлган дуони қилади. Мусибатга учраганларга ёрдам беришга шошилади. Ўзини ва бошқаларни бунга ўхшаш ҳолатлардан сақлашини Аллоҳ таолодан сўраб илтижо қилади.

...Қабулимга келган баъзи кишилар ўзларининг оила аъзолари, хотини ёки келинининг номаҳрам эркак билан уяли телефонда гаплашгач, учрашувга борганини пойлаб бориб, ушлаб олишганини, кейин уяли алоқа марказидан аёлнинг мазкур телефон эгаси билан қачондан буён ва неча марта учрашганини аниқлашганини айтиб, шикоят қилишди... Қайси аёл эри ва боласи бўла туриб, бегона эркак билан бу каби иш тутиши мумкин?! Унинг бу нобакорлигига айнан уяли телефон хизмат қилмаяптими?

...Интернетдаги савол-жавоб саҳифамизга «Агар бир киши аёлига уяли алоқа воситасидаги хат (СМС) орқали талоқ берса, талоқ тушадими?» деган маънодага саволлар тез-тез келадиган бўлиб қолди... Оиласидан узоқдаги эр учун уяли телефон оила аъзоларини, хусусан, хотинини яқинлаштириб турадиган восита бўлиши керак эди. Аммо бу неъматнинг қадрига етмаган эр яхшиликдан юз ўгириб, ёмонликка юз тутибди ва хотинини уяли телефон орқали талоқ қилибди.

«...Ёш-ёш болалардан кўпчилигининг қўлида ҳам уяли телефон», дея шикоят қилди бир танишим. Уларнинг ўқиб таълим олиш ўрнига телефон ўйнаб, унда турли беҳаё сурат ва саҳналарни томоша қилишларига қандай чидаш мумкин?! Куни кеча телевизорда ҳам ушбу муаммо муҳокама қилинди. Мактаб болаларига уяли телефонни ман қилиш ҳақида гап-сўзлар юрибди... Болаларни, ёшларни илм олишдан, ҳақиқий маърифатли ва маданиятли бўлишдан бошқа тарафга бураётган нарсалар ичида уяли телефоннинг ҳам борлиги ниҳоятда ачинарли ҳолдир!

Юқорида зикр қилинганига ўхшаш афсусланарли ҳолатлар анчагина бор. Буларни тўғрилашимиз керак. Бу каби муаммоларни ҳал этишда ман қилиш, тақиқлаш каби мажбурий чоралар қисман ва вақтинча фойдали бўлишини яхши англашимиз лозим. Ман қилиш ва тақиқлашлар аввало четлаб ўтиладиган нарсалар, қолаверса, улар йўқ бўлиши билан кўпчилик яна ман қилинган нарсага ўзини уриши турган гап.

Бу муаммони ҳал қилиш учун асосан, одоб-ахлоқни, таълим-тарбияни йўлга қўйишимиз керак. Тарбияли ва одобли инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам гуноҳ ва беодобликни ўзига эп кўрмайди. Иймони ва ахлоқи қаерда ва қачон бўлса ҳам, қандай ҳолатда бўлса ҳам, уни фақат яхшиликка чорлайди. Агар одамларимизнинг ахлоқий тарбиясини яхшилаб йўлга қўйсак, улар барча соҳалардаги каби, уяли алоқа соҳасида ҳам фақат яхшиликка амал қилиб, барча ёмонликлардан четда бўлишади.

Келгуси сатрларда зикр қилинадиган маълумотларни ана шу орзу қилинаётган уринишлар йўлидаги камтарона ва ожизона қадамлардан бири дея қабул қиласиз, деган умиддамиз.

Мазкур мақола бир оз ўзгартириш ва қисқартиришлар билан берилди.

 

“Ижтимоий одоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осмон жисмлари ва уларнинг жойлашув буржларига қараб кишилар тақдирини аниқлаш даъвосида юрган мунажжимларнинг қилмишлари ҳақида сўз кетганида, кўпчилик Ислом давоми...

3283 14:50 / 16.10.2018
ndash Ваъдага вафо қилмаслик одати ҳам ёлғончиликнинг бир туридир.Бу ишни қилган киши иродасиз, ундан яхшилик чиқмайдиган ва ишониб бўлмайдиган одам бўлади. Ваъдага давоми...

2578 19:06 / 12.06.2019
Бир овчи бор экан. Кунларнинг бирида овлаган балиғининг ичидан қимматбаҳо марварид чиқди. Субҳаналлоҳ Балиқ қорнидан марварид чиқдикуrdquo деб хурсанд бўлибди ва давоми...

3821 07:30 / 16.03.2019
Бандаларига чексиз раҳматини нозил қилган, шайтоннинг ҳийлалари ва фитналаридан сақлаган, иблиснинг умидини пучга чиқарган, орзуларини барбод қилган ва рўзани давоми...

3519 10:10 / 02.06.2019