1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

7-боб. Ота-онага оқ бўлиш

16:06 / 29.10.2018 6046 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

7-боб. Ота-онага оқ бўлиш

 عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِرَضِيَ اللهُ عَنْهُ» ثَلَاثًا، قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ! قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ - وَجَلَسَ وَكَانَ مُتَّكِئًا - أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ» مَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَيْتَهُ سَكَتَ.

15. Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:

«Сизларга кабираларнинг энг улкани хабарини берайми?» дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш», дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, қадларини ростлаб ўтириб:

«Ҳой! Ёлғон сўздан огоҳ бўлинг!» дедилар.

Ана шу гапни қайта-қайта такрорладилар, (қўрқиб кетганимдан) «сукут сақласайдилар», дедим».

Шарҳ: Мана бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришдек буюк, дунёдаги энг катта гуноҳдан кейинги иккинчи ўринда ота-онага оқ бўлишни айтяптилар.

Шу ўринда ота-онага яхшилик қилиш нимаю, оқ бўлиш нима экани ҳақида «Яхшилик ва силаи раҳм» китобимизда келган айрим маълумотларни эсга олиб қўйсак, фойдадан холи бўлмасди.

Аввал «Биррул волидайни» – «Ота-онага яхшилик қилиш» бирикмасининг тўлиқ маъносини тушуниб олайлик.

«Бирр» сўзи бизнинг тилимизга «яхшилик» дея таржима қилиниб, «фазилат», «содиқлик», «тоат» ва «солиҳлик» деган маъноларни ифода қилади.

Уламолар истилоҳида «бирр» юмшоқ ва латофатли сўз билан яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда «бирр» ўзаро шафқат, меҳр-муҳаббат асосида моддий жиҳатдан яхшилик қилишдир.

«Волидайн» – ота-она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади.

Арабча «оқ» сўзи луғатда «ёриш» ва «кесиш» деган маъноларни билдиради ҳамда «озор бериш», «осий бўлиш» ва «қарши чиқиш»ни ифода этади. Бир сўз билан айтганда, «оқ» сўзи «бирр»нинг тескарисидир.

Келгуси ривоятларни ўрганиш орқали бу икки маънонинг тафсирини англаб етишга ҳаракат қиламиз.

عَنْ هِشَامٍ، عَنِ الْحَسَنِ؛ أَنَّهُ سُئِلَ عَنِ الْبِرِّ وَالْعُقُوقِ، فَقَالَ: الْبِرُّ أَنْ تَبْذُلَ لَهُمَا مَا مَلَكْتَ، وَأَنْ تُطِيعَهُمَا فِيمَا أَمَرَكَ بِهِ مَا لَمْ يَأْمُرَاكَ بِمَعْصِيَةِ اللهِ، وَالْعُقُوقُ أَنْ تَهْجُرَهُمَا وَتَحْرِمَهُمَا.

Ҳишомдан, у Ҳасандан ривоят қилинади:

«Ундан яхшилик ва оқ бўлиш ҳақида сўрашди. Шунда у:

«Яхшилик – ўзинг эга бўлган нарсани икковига сарфлашинг, модомики маъсиятга амр қилмасалар иккови сенга нима амр қилса, итоат қилишингдир. Оқ бўлиш – икковини ташлаб қўйишинг ва маҳрум қилишингдир», деди».

Шарҳ: Юқоридаги ривоятларнинг ҳаммасида ота-онага яхшилик ва итоат қилиш энг афзал амаллар экани, онанинг ҳаққи отаникидан кўп экани турли услублар билан такрорланиб, тушунтирилгандан кейин «Ота-онага яхшилик қилиш ўзи нима?» деган саволга жавоб келяпти.

Имом Ҳасан Басрийдан одамлар «Ота-онага яхшилик қилган фарзанд қандай бўлади-ю, оқ бўлган фарзанд қандай бўлади?» деб сўрашибди.

Имом Ҳасан Басрий айтган эканларки:

«Ота-онанинг розилиги учун ўзингнинг мулкингда бўлган ҳар бир нарсани, қўлингдаги молу мулкинг нима бўлса, барчасини икковларига аямасдан сарфлайсан. Шу билан бирга, иккови сенга нима амр қилса, шунга итоат қиласан. Илло, Аллоҳга маъсият бўладиган амрлари бундан мустасно».

Ота-онанинг ҳаққи улуғ, ота-она нима амр қилса, фарзанд бажариши вожиб, лекин ота-онанинг амри Аллоҳ таолога маъсият бўладиган нарсада бўлмаслиги керак. Чунки ҳадиси шарифда келган қоида бўйича «Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат йўқ». Тўғри, ота-онанинг ҳаққи кўп, ҳаққи улуғ, нима деса, гапи ўтади. Лекин шу гапи, амри ва боласининг олдига қўяётган талаби Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган иш бўлмаслиги керак.

Бугунги кунда бунга мисол кўп. Ёшлар «Отам «Ароқ олиб келиб бер», дейди, нима қилай?» ёки «Чўчқа гўштидан тайёрланган махсулотларни олиб келиб, болаларимга едириб қўйяпти, нима қилай?» деб сўрашади. Шундай пайтларда бола итоат қилиши лозим эмас. Балки инкор қилиши, бунинг тўғри эмаслигини одоб билан тушунтириши лозим бўлади. 

Аммо ота-онага қарамасдан ташлаб қўйиш, уларни муҳтож бўлган нарсаларидан маҳрум қилиб, қаровсиз, боқувсиз ҳолда ташлаб қўйиш уларга оқ бўлишдир. Бу маънолар қуйидаги ҳадиси шарифда яна ҳам аниқроқ ифода этилган.

عَنْ عَمَّارَةَ الْمَعْوَلِيِّ، قَالَ: سَأَلْتُ الْحَسَنَ: مَا الْبِرُّ؟ قَالَ: الْحُبُّ وَالْبَذْلُ. فَقُلْتُ: مَا الْعُقُوقُ؟ قَالَ: أَنْ تَحْرِمَهُمَا وَتَهْجُرَهُمَا. ثُمَّ قَالَ: وَيْحَكَ، مَا شَعَرْتَ أَنَّ نَظَرَكَ فِي وَجْهِ وَالِدَيْكَ عِبَادَةٌ؟ فَكَيْفَ بِالْبِرِّ بِهِمَا؟

Аммора Маъвалийдан ривоят қилинади:

«Ҳасандан:

«Бирр нима?» деб сўрадим.

«Муҳаббат ва борини сарфлаш», деди.

«Оқ бўлиш нима?» дедим.

«Икковларини маҳрум ва ҳижрон қилишинг», деди.

Сўнгра: «Шўринг қургур, ҳатто ота-онангнинг юзига боқишинг ҳам ибодатлигини билмайсанми? Икковига яхшилик қилиш қандай бўлишини ўзинг билиб олавер», деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятдан ота-онага яхшилик қилиш ва уларга оқ бўлиш маънавий ҳамда моддий кўринишларга эга эканини билиб оламиз, чунки «Бирр нима?» деган саволга «Муҳаббат ва борини сарфлаш», деб жавоб берилди.

Ота-онага муҳаббат қилиш маънавий амал. Уларга бор молини сарфлаш эса моддий-молиявий амалдир.

Шунингдек, «Оқ бўлиш нима?» деган саволга «Икковларини маҳрум ва ҳижрон қилишинг», деб жавоб берилди. Ота-онани иқтисодий ёрдамдан маҳрум қилиш моддий-молиявий амал бўлса, уларни ҳижронга қўйиш маънавий фаолиятдир.

Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг «Шўринг қургур, ҳатто ота-онангнинг юзига боқишинг ҳам ибодатлигини билмайсанми? Икковига яхшилик қилиш қандай бўлишини ўзинг билиб олавер» деган гапларидан ҳам чуқур маънолар келиб чиқади.

Демак, ота-онанинг юзига назар солишнинг ўзи ибодат экан. Фарзанд учун ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг розилигини топиб, дуосини олиш ибодатларнинг афзали, яхши, хайрли ва баракали амал бўлар экан. Шунинг учун ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хурсандчилиги, розилиги учун ҳаракатда бўлиш ҳар бир фарзанднинг бурчи ҳисобланиб келган, бу маъно доимо қайта-қайта такрорланади.

Юқорида айтилганларни умумлаштириб хулоса қиладиган бўлсак, «бирр»нинг маъноси шуки, ота-онангни яхши кўрасан ва муҳаббат қўясан, керак бўлганда, уларнинг розилиги ва хурсандчилиги учун ўзингдаги бор нарсани сарфлайсан. Шунда уларга яхшилик қилган бўласан.

Ота-онага оқ бўлиш қандай бўлади? Оқ бўлиш ота-онангдан хабар олмай қўйишинг ва уларни маҳрум қилиб, ўзингдаги нарсани бермай қўйишингдир.

Демак, бола ота-онасидан хабар олмай қўйса, уларга етарли меҳр кўрсатмаса ва улар муҳтож бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни бермай қўйса, оқ бўлар экан. Бунинг учун унинг отаси одамларнинг олдида: «Гувоҳ бўлинглар, ўғлимни оқ қилдим, қизимни оқ қилдим» дейиши шарт эмас экан. Боланинг ўзи ота-онасига қарамасдан ташлаб қўйса, хабар олмай, уларнинг аҳволидан умуман бехабар бўлиб юрса, улар муҳтож бўлган нарсани бермаса, мана шунинг ўзи фарзанднинг оқ бўлишига етарли нарса экан.

Имом Ҳасан Басрий шу гапларни айта туриб, деди: «Онанинг юзига боқиш ҳам ибодатдир. Унга яхшилик қилиш нималигини билиб олаверинглар».

Ҳеч нарса қилмасдан, онанинг юзига қарашнинг ўзи ҳам ибодат. Энди хурсанд қилиш, унга бирор нарсани совға қилиш, хизматларини адо этиш, яна истакларини бажо келтириш ва бу ишларни Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилиш олий даражадаги ибодат бўлади.

Ота-онага яхшилик қилиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал, жумладан, қуйидагилар билан юзага келишини айтганлар:

1. Уларга барча яхшиликни қилиш.

2. Юмшоқ сўз айтиш.

3. Меҳр кўрсатиш.

4. Муҳаббатли бўлиш.

5. Қўпол сўздан четланиш.

6. Уларни энг ёқимли лафзлар билан чақириш.

7. Динлари ва дунёларида манфаат берадиган гапларни айтиш.

8. Динда билмайдиган нарсаларини ўргатиш.

9. Шариат жоиз деган нарсаларга амал қилиб яшаш.

10. Уларнинг барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш.

11. Улар тарк қилишга амр этган нарсалардан ўзига зарар келтирмайдиганларини тарк қилиш.

12. Юрганда улардан олдинга ўтиб кетмаслик ёки баробар бўлиб юрмаслик. Фақат зарурат юзасидан, қоронғида йўл кўрсатиш каби ҳолатлардагина олдинга ўтиш жоиз.

13. Ота-онанинг олдига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш.

14. Ота-она билан ўтирганда уларнинг рухсатисиз чиқиб кетмаслик.

15. Ота-онадан содир бўлган нарсани, агар беморлик ёки қарилик туфайли бавл қилиб қўйишга ўхшаш ишлар бўлса ҳам қабиҳ санамаслик.

16. Ота-онанинг муҳаббатини қозонган кишиларнинг ҳурматини қилиш.

Аслини олганда, мана шу ишларнинг зиддини қилган ва шунинг натижасида ота-онасининг ранжишларига сабаб бўлган, уларнинг кўнглига озор берган фарзанд оқ бўлган ҳисобланади. Аммо ота-онага оқ бўлиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал жумладан, қуйидагилар билан юзага келишини айтганлар:

1. Ота-она учун қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик салбий оқ бўлиш деб аталади. Улардан бирортасини қилмаган одам ота-онасига ана шу соҳада оқ бўлаверади.

2. Ота-она фарзанди ҳақида қасам ичса, бола унга амал қилмаслиги.

3. Ота-она фарзандидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўлиб туриб бермаслиги.

4. Ота-онанинг омонатига хиёнат қилиш.

5. Боланинг ота-онаси унинг ҳақида Аллоҳ таолога шикоят қиладиган иш қилиши.

6. Ота-онага оқ бўлиш амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота-онага гап-сўз билан озор етказганлар уларга каломий оқ бўладилар. Ота-онага бир қилмиши билан озор берганлар амалий оқ бўлади.

Буларга ота-онани малол олиш, уларга дўқ қилиш, ғазаб кўрсатиш, тик қараш каби нарсалар киради.

7. Ота-онага оқ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, агар бегонага нисбатан қилинса, кичик гуноҳ бўладиган нарсани ота-онага қилса, катта гуноҳга айланади.

Демак, одам Аллоҳга ширк келтиришдан қанчалик қўрқса, ота-онага оқ бўлишдан ҳам шунчалик қўрқиши керак экан ва ёлғон гап, тўқима бўҳтонлардан ҳам шунчалик даражада эҳтиёт бўлиши лозим экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда энг катта гуноҳлар ҳақида хабар бермоқдалар. Ана шу учта катта гуноҳнинг бири ота-онага оқ бўлиш экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Олим киши одамлар сўрамаса ҳам, керакли нарсалардан ўзи гап очиб, одамларга тушунтириб туриши лозимлиги.

2. Аллоҳ таолога ширк келтириш энг катта гуноҳ экани.

3. Ота-онага оқ бўлиш энг катта гуноҳлардан экани.

4. Ёлғон тўқиш энг катта гуноҳлардан экани.

5. Олим киши керакли гапни қайта-қайта айтиб, уларга сингдиришга ҳаракат қилиши дурустлиги.

عَنْ وَرَّادٍ كَاتِبِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ قَالَ: كَتَبَ مُعَاوِيَةُ إِلَى الْمُغِيرَةِ: اكْتُبْ إِلَيَّ بِمَا سَمِعْتَ مِنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ وَرَّادٌ: فَأَمْلَى عَلَيَّ، وَكَتَبْتُ بِيَدِي: إِنِّي سَمِعْتُهُ يَنْهَى عَنْ كَثْرَةِ السُّؤَالِ، وَإِضَاعَةِ الْمَالِ، وَعَنْ قِيلَ وَقَالَ.

16. Муғийра ибн Шуъбанинг котиби Варроддан ривоят қилинади:

«Муовия Муғийра ибн Шуъбага хат ёзиб, «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларингни ёзиб юбор», деди.

«Шунда у менга имло қилди. Мен қўлим билан ёздим:

«Мен у зотнинг кўп саволдан, молни зое қилишдан ва қийлу қолдан қайтарганларини эшитдим».

Шарҳ: Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифа бўлиб турган вақтларида машҳур саҳобий Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳуга хат ёзган эканлар. Хатларининг маъноси: «Сен менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларингни ёзиб юбор»дан иборат экан.

Шунда ровий Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу ўз котиблари Варродни чақириб, «Мен айтиб тураман, сен ёзгин», деган эканлар. Варрод «Мен ўз қўлим билан ёзганман», деб таъкидлаб қўймоқда.

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу ўз хатларида: «Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп савол беришдан, молни зое қилишдан, қийлу-қолдан, яъни беҳуда гап-сўздан қайтарганларини эшитганман» деган хабарни берган эканлар.

Мана шу ердаги беҳуда гап-сўз ота-онага оқ бўлишга сабаб бўлгани сабабли бу ҳадис шу бобда келтирилган. Яъни ота-онага гап қайтариш, ота-онанинг ҳузурида бўлмағур гапларни гапириш оқибатида бола назардан қолиши, оқ бўлиши эҳтимоли бор.

«Кўп савол бериш» деганда ҳақни билиш, таълим олиш ёки билмаган нарсасини билиш учун бериладиган савол эмас, балки фитна қўзғаш, ихтилоф чиқариш учун, нотўғри ғаразлар учун қитмирлик қилиб, бўлар-бўлмас бемаъни саволлар беравериш кўзда тутилган.

Шунингдек, аслида воқеликда йўқ нарсаларни хаёлдан тўқиб сўрашдан ҳам қайтарганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи йўқ нарса ҳақида сўралса, кейин воқе бўлиб қолишидан огоҳ қилганлар. Бу маънода Қуръони каримда оят ҳам бор.

Лекин билмаган нарсасини сўраб, ўрганиш зарурат, керак нарса.

Бу ҳадиси шарифда ман қилинаётган нарсалардан яна бири – молни зое қилиш. Кераксиз жойларга, беҳуда ишларга ва ҳаром-ҳаришга мол сарфлаш мумкин эмаслиги турган гап. Лекин ҳалол бўлса ҳам ҳою-ҳавасга, риёкорликка, хўжакўрсинга, одамлар орасида шуҳрат топишга мол сарфлаш ҳам  молни зое қилиш бўлади. Чунки ҳар қандай молни исрофдан сақлаш лозим.

Бир банданинг қўлидаги мол фақат ўзиники эмас, балки унинг оила аъзолари, ўша одам яшаб турган жамиятнинг ҳам ҳаққи бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифда ман қилинаётган нарсалардан бири – «қийлу қол», яъни одамлар орасида уларнинг гапларини «деди-деди» шаклида беҳуда гапириб юриш. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзи аниғини билмайдиган, бефойда, ғийбатдан иборат ва тўғри бўлмаган гапларни нақл қилиб юриш. Аммо гап аниқ, ишончли кишидан содир бўлган ва фойдали бўлса, уни гапириш жоиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Олимлардан мактуб орқали маълумот олиш мусулмонларда аввалдан йўлга қўйилгани.

2. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг Ислом оламида обрўлари юксак бўлгани. Давлат раҳбарининг у кишидан савол сўраши шуни кўрсатади.

3. Олим одамлар ўзига котиб олиб юришлари мусулмонларда аввалдан йўлга қўйилгани.

4. Саволни ҳаддан ташқари кўпайтириш яхши эмаслиги.

5. Молни зое қилиш ман қилинган нарса экани.

6. Бўлмағур гап-сўзлар, «деди-деди»лар ман қилинган нарса экани.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда ёшларнинг кексаларни эъзозлашини йўлга қўйиш билан чегараланиб қолинмаган. Кичик ёшдагилар ўзидан катталарнинг, улар кексами, кекса эмасми ndash барибир, давоми...

2866 18:30 / 09.04.2020
. ,. . Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон қул Аллоҳнинг ҳаққини ва хожасининг ҳаққини адо этса, давоми...

1555 11:00 / 09.01.2021
Кексаларни эъзозлашнинг боши отаонанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Ҳар бир инсон ота ва онадан туғилади ҳамда уларнинг бағрида вояга етади. Фарзанд давоми...

6189 12:05 / 28.11.2019
Отаонанинг фарзанд олдидаги бурчи, отасиз қолган етим болага қилиниши лозим бўлган муомалалар баён қилиб бўлинганидан кейин, фарзанди вафот этган кишининг ўзини давоми...

4933 12:30 / 09.03.2020