1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нафс тарбияси

20:15 / 23.10.2018 10687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ бир оятда шундай огоҳлантиради:

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва ҳар бир жон эрта – Қиёмат куни учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр сураси, 18-оят).

Эй инсон, билиб қўйки, доим ёмонликни хоҳлаб турадиган Нафс сенга шайтондан ҳам душманроқдир. Шайтон нафсингнинг ҳою ҳаваси билан бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан чиқариши мумкин. Нафсинг эса сени беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўюр! Чунки Нафс табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишни истайди. У доимо беҳуда ва ботил (бузуқ) нарсаларга ўралашади. Беҳуда кибрга берилади. Агар нафсингдан мамнун бўлиб, унинг хоҳишларига юрсанг, манзилинг фалокатдир, ўлимдир. Янглиш ҳисоблар ва хомхаёлларингдан хабардор бўлмасанг, охири чўкишинг муқаррардир. Агар, Нафсга «тўхта!» дейишга ожизлик қилсанг, у сени ёнғинга олиб боради. У ҳолда асло яхшиликка қайтиш умиди йўқдир. Нафс балоларнинг боши, разолатларнинг манбаидир. Шайтон учун гуноҳ хазинаси бўлган Нафсни яхши кўрган одам Яратганни таний олмайди. Инсон Аллоҳ йўлида нималар килгани тўғрисида, умрининг ўтган қисми устида ана шундай мулоҳаза юритса, бу мулоҳаза бир нави ўз қалбини ювиш бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: Яхши мавзуда бир соат мулоҳаза қилмоқ, ўйламоқ бир йиллик ибодатдан яхшироқдир

Нафс тарбияси борасида буюкларимизнинг сўзлари. 

Сулаймон алайҳиссалом:

“Менимча, нафсини синдириб, тарбиялай олган кимса, ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кучлироқдир”.

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу): 

“Мен ва нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон сурувни бир томондан тўплайди, бир томондан сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини ўлдириб, унинг истакларини тўхтатиб қололса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбини ўлдириб, ундаги илоҳий ва инсоний туйғуларни ҳалок этса, лаънат кафанига тикилади ва азоб тупроғига дафн этилади”.

Яҳё ибн Маоз айтарканлар: 

“Аллоҳ ўртага қўйган ахлоқ асосларига мослашиш ва нафснинг завқу сафо орзусини синдириш учун нафсинг билан жиҳод қил! Оз ухла, оз сўйла. Бемаъни гапирмаслик, инсонларга ва бошқа жонзотларга азият бермаслик ва оз емак – буларнинг бари нафснинг ҳавойи истакларига ғов қўймоқ демакдир. Оз ухлаган одам тўғри тушуниш малакасига эга бўлади. Камгап одам бир қатор офатлардан омон қолади. Инсонларга ва бошқа жонзотларга азоб бермаган одам бир қатор мақсадларига етишади. Кам томоқ одам нафснинг шаҳвоний истакларини қийналмай бартараф қила олади. Тиқиб-босиб ейиш қалбни кўр қилади, унда инсоний феъл атворларнинг йўқ бўлишига сабаб бўлади. Оз емак қалбни нурлантиради. Мечкайлик ва давомли тўқлик эса кишини Аллоҳдан узоқлаштиради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: 

“Қалбларингизни очлик билан нурлантирингиз, нафсингиз билан жиҳод қилиб, уни тарбиялай олмоқ учун очликни ва ташналикни қурол сифатида ишлатинг. Жаннат эшигига бош уришларни очлик билан давом эттиринг! Нафсни тарбиялаш учун унинг билан жанг килган кишининг мукофоти жанггоҳда душман билан уришганнинг мукофоти сингаридир. Аллоҳнинг ёнида бўлмоқ учун нафсни очлик ва ташналик билан тарбиялашга интилишдан гўзалроқ амал йўқ. Кимки меъдасини узлуксиз тўлатиб юрса, маънавият оламига киролмайди. Маънавиятдан завқ ололмайди ва ибодатнинг тотини ҳам ҳис қилмайди.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу

“Мусулмон бўлганимдан бери Раббимга ибодат завқини олиш учун тўйгунча овқат емадим. Яна Раббимга етишиш иштиёқида қонгунча сув ичмадим. Чунки кўп еган одам кўп ибодат қилолмайди. Инсон бўғзига тиқилгунча овқат еса вужуди оғирлашади, кўзини уйқу босади! Аъзолари овора бўлиб қолади, кўп ибодат қилишни ният қилса ҳам бажаролмайди, қўлидан келадигани фақат уйқу бўлади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар:

“Тўйгунча еб-ичиб, қалбларингизни ўлдирманг! Қалб бир ниҳолга ўхшайди. Ниҳолга ошиқча сув берилганда қандай сарғайиб сўлса ва ўсишдан тўхтаса, худди шундай қалб ҳам ортиқча сувдан ўлади, бундай одамда тоза фикр ва инсоний феъл-атворлар қолмайди

Кўп еган одамнинг акли заиф бўлади, илм ўргана олмайди. Чунки, доимий тўқлик ва мечкайлик ақлни кўр қилади.  Ақли бўлган одам нафснинг шаҳвоний ҳавасларини очлик йўли билан маҳв этади. Аллоҳ ўртага қўйган ахлоқ асосларини оёқ ости қилган нафсни фақат очлик тарбиялай олади. Чунки ҳавойи орзулар, еб-ичишлар кишини тўғри йўлдан чиқариш учун шайтоннинг қўлидаги қуролдир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули буюрадилар: 

“Шайтон инсоннинг қон томирларида айланиб юради. Унинг йўлини очлик билан тўсиб ташланг. Қиёмат куни Аллоҳга инсонларнинг энг яқин бўлгани кўпроқ оч ва ташна юрганлардан иборат бўлади”.

Бу ҳадис шундай шарҳланади: калорияси кучли ва кўп овқат егувчи кимсалар тез йўлдан озадилар, чунки бу ҳолда қон серҳаракат бўлади. Нафс шундай ҳолга етадики, энди у ҳаром-ҳалол , машруъ-ғайримашруъ демай, ҳар нарсани ураверади. Ҳолбуки, эҳтиёж миқдорига риоя қилган ҳолда овқатланилса, нафс бузилмайди, одам йўлдан озмайди. Баъзи аҳли ҳикмат дейдики:

Аллоҳ жонлиларни уч тоифада яратган: 1. Малаклар (фаришталар): Аллоҳ малакларга фақат ақл берган, доимо ҳою ҳавасга амал киладиган нафс бермаган. Демак, малакларда гуноҳ қилишга мойиллик йўқ. 2. Ҳайвонлар: Аллоҳ ҳайвонларга биз тушунган маънода ақл бермаган, фақатгина нафс берган. 3. Инсонлар: Аллоҳ инсонларга ҳам ақл, ҳам нафс берган. Шундай бўлгач, инсон зоти учун энг катта хатар меъдадан ва ейиш-ичиш ҳирсидан келади. Одам ила Ҳаво – уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин – меъданинг ҳирси туфайли жаннатдан қувилиб, хорлик ва йўқлик майдонига отилгандилар. Чунки Аллоҳ уларга мева ейишни такиқлаганди. 1. Кимнингки нафси ақлидан ғолиб келса ва шу нафсининг ҳавойи истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ, яъни ҳайвонлар ундан яхшироқдирлар. 2. Кимники, ақли нафсидан ғолиб келса ва ҳаётини Аллоҳ ўртага қўйган ахлоқ асослари доирасида ўтказса, у малаклардан ҳам устундир. Нафснинг ҳавойи истакларига бўйсунган одам, агар у ҳукмдор бўлса, қул аҳволига тушади. Нафснинг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб, сабр қилган одам эса, қул бўлса ҳукмдор бўлади.

Абу Ҳомид Ғаззолий,

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан 

Мавзуга оид мақолалар
.Муроқаба, сўзи ва унинг турланишлари араб тилида .кузатиб туриш,, .пойлаш, маъноларини англатади. Уламолар муроқабани қуйидагича таърифлаганлар Муҳосибий давоми...

592 19:00 / 31 август
. ,. . Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Илмнинг фазли ибодатнинг фазлидан яхшидир. давоми...

1426 19:00 / 30.12.2023
Буюк хулқ соҳибиПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли хулқлари у зотни .энг севимли, энг суюкли, мақомларига чиқарди. Аллоҳ таъоло бизга бу давоми...

5695 13:30 / 07.03.2019
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди .Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни юбордик. У айтди .Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан давоми...

168 19:00 / 02 ноябрь
Аудиолар

133369 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53716 14:35 / 11.08.2021