Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (4-дарс)

10:33 / 22.10.2018 6971 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлганларни сўкманглар, чунки улар қилган амаллари(нинг оқибати)га етиб бўлишган», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.        

* * *

12. Ато ибн Ясордан ривоят қилинади:

 «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо билан кўришиб қолдим. «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларидан хабар беринг», дедим. У: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, у зот Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлар: «Эй Набий, албатта Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийлар учун ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандамсан ва Расулимсан. Сени Мутаваккил деб номладим. У бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмас. У ёмонликни ёмонлик билан қайтармас, балки авф қилур ва кечирур. Аллоҳ унинг воситасида эгри (йўлдаги) миллатни «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейдиган қилиб тўғриламагунча уни асло қабз қилмас. У билан кўр кўзларни, гунг қулоқларни ва берк қалбларни очади», деди».

Бухорий ривоят қилган.

* * *

13. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чачвонидаги мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

14. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали эдилар, новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп – қулоқлари юмшоғига тушиб турадиган киши эдилар. У зотни қизил рангли кийимда кўрдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ ҳеч нарсани асло кўрмаганман», дейилган.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

15. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қизғиш рангли эдилар. Терлари луълуъдек эди. Тебраниб юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан кўра юмшоқроқ нарсани – дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ушлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ нарсани – анбарни ҳам, мушкни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ҳидлаган эмасман».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

16. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас, (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар. Аллоҳ у зотни қирқ ёшларида юборди. Маккада ўн йил, Мадинада ўн йил (турдилар). Аллоҳ у зотни вафот қилдирганида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли – новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, гўзал жисмли, сочлари жингалак ҳам, юмшоқ ҳам эмас, буғдойранг эдилар. Қачон юрсалар, тебраниб юрар эдилар», дейилган.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

* * *

17. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл-оёқлари йўғон, бошлари катта, аъзолари катта, кўкрак мўйлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан, худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

* * *

18. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч эди. Мойлаган пайтларида билинмай қолар эди. Бошлари тўзиб турганда билинар эди. У зотнинг соқоллари қалин эди». Бир киши: «Юзлари қилич мисоли эдими?» деди. «Йўқ, қуёш ва ой мисоли, думалоқ эди. Кураклари олдида кабутарнинг тухумидек муҳрни кўрдим. Жисмларига ўхшарди», деди у».

Муслим ривоят қилган.

* * *

19. Саъид Жаририй Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман», деди. Унга: «У зотни кўрганингда қандай эдилар?» дедим. «Хушрўй оқ, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», деди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
436. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг,, дедим. .Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир,, давоми...

807 19:00 / 14 июнь
Исро ва Меърождан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ўзларини очиқойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай фурсат ҳаж давоми...

3941 16:01 / 02.01.2018
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинлади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўн нарса фитратдан соф табиатдандир мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, давоми...

3060 14:09 / 06.10.2019
304. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байда ёки Зотул Жайшда давоми...

4363 13:45 / 13.12.2019