1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фолбинлик ва мунажжимликнинг ҳукми

18:06 / 19.10.2018 6181 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аррофга бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмайди», дедилар».

Имом Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.

Аҳмаднинг лафзида:

«Ким аррофга ёки коҳинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди», дейилган.

Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозининг қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими-йўқми, бунинг фарқи йўқ. Аммо ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа ёки хотинига ҳайз чоғида яқинлик қилса ёки хотинининг орқасига яқинлик қилса, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилган нарсадан тонибди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, хотинига ҳайз чоғида ёки орқа томонидан яқинлик қилиш соғлиққа зарар бўлгани учун ҳаром қилинган. Энди шу икки нарсага фолбинга бориш ва уни тасдиқлаш қўшилишида бу ишнинг ҳам маънавий, ҳам соғлиққа зарари борлигига ишора бор.

Муовия ибн Ҳакам Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, жоҳилият вақтида баъзи ишларни қилар эдик. Коҳинларга борар эдик», дедим.

«Коҳинларга борманглар», дедилар у зот.

«(Баъзи нарсалардан) шумланар эдик», дедим.

«У бирингизнинг кўнглига келган нарса. Бас, сизни зинҳор тўсмасин», дедилар.

«Биздан чизиқ чизиб фол очадиган кишилар бор», дедим.

«Набийлардан бири чизиқ чизар эди. Ўшанга мувофиқ бўлса майли», дедилар».

Имом Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Илмли кишилардан ўзига керакли нарсаларни сўраб-билиб олиш кераклиги.

2. Фолбинларга боришнинг ҳаромлиги.

3. Бирор нарсадан шумланиш жоиз эмаслиги.

4. Кишининг шумланиши кўнглига тушган беҳуда нарсадан ўзга нарса эмаслиги.

5. Кўнгилга тушган шумланиш туфайли қилиниши лозим ишни қолдирмаслик кераклиги.

6. Ўтган набийлардан бири чизиқ чизиб, Аллоҳ билдирган баъзи нарсаларни билгани. Аммо бу набий ким экани, чизиқ чизиши қай суратда экани маълум эмас. Шунинг учун чизиқ чизиб фол очишнинг ҳар қандай кўриниши ман қилинган.

Қобийса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Иёфа, шумланиш ва тош ташлаб фол очиш ботилдандир», деганларини эшитдим».

Абу Довуд солиҳ санад ила ривоят қилган.

«Иёфа» – қушларнинг исмига ва сайрашига қараб фол очиш.

Демак, бу ишларнинг барчаси ботил бўлгани учун мусулмонлар уларга яқинлашмасликлари лозим. Афсуски, ҳозирги пайтда Исломдан узоқлашиш оқибатида аввалги жоҳилият пайтида бўлган, ушбу мавзуда зикр қилинган нарсалар у ёки бу кўринишда одамлар ичида мавжуд. Бу нарсаларнинг эътиқод масаласида етказадиган зарарлари ҳақида ўз ўрнида баҳс қилганмиз.

Аммо уларнинг соғлиқни сақлаш масаласида етказадиган зарарлари ҳақида қуйида сўз юритмоқчимиз. Ислом хасталикларни асосан тиб орқали, баъзи руҳий муолажага эҳтиёжлари борларни эса Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услублари билан муолажа қилишга амр этган. Икки ҳолатда ҳам устозларидан расмий равишда шаҳодатнома олган мутахассисларга қаратиш амр этилган. Бу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши англашимиз ва динимизнинг амрига бўйсунишимиз вожиб.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади».

Баззор ривоят қилган.

Маълумки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «биздан эмас», дейишлари жуда оғир ҳукмдир. У зотнинг «биздан эмас», деганлари – «мусулмонлардан эмас» деганларидир. Демак, ҳадиси шарифда зикр этилган тоифадаги кишилар мусулмонлар сафидан чиқишади. Фолбинга ишонган одам эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган Китобга – Қуръони каримга куфр келтирувчидир. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг ҳамда уларга ишонганларнинг гуноҳи жуда улкан бўлади.

Баъзи туппа-тузук кишилар ҳам «Ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса ҳам бир бориб қўяверайлик-чи», деб фолбинлар ҳузурига бораверишади. Бу иш ҳам мутлақо тўғри эмас. Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқда юриши лозим. Фолга ишонмай туриб, фолбиннинг ҳузурига чора излаб бориш ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди».

Тобароний ривоят қилган.

Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади», деганларини эшитдим».

Тобароний ривоят қилган.

Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик эмас, бир вақт намозининг қабул бўлмаслиги ҳам катта мусибатдир. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик тавбаси эмас, тавбасининг бир сония қабул бўлмай қолиши ҳам оғир мусибатдир. Киши ишонмаса ҳам фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир. Аввало, фолбинга ишонмаган одам унга бориб нима қилади? Ахир бу мантиқсиз тасарруф-ку?! Мўмин киши эса бундай тасарруфларга лойиқ эмас. Иккинчидан, ким бир чуқурнинг атрофида айланаверса, бориб-бориб унга тушади. Шунингдек, фолбиннинг олдига борган шахснинг ҳам унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга мутлақо мурожаат қилмаслик буюрилган. Мазкур маънавий жиноятларни қилувчилар нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам нуқсонга учрайдилар. Бу ҳукмни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан оламиз.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким коҳинлик қилса ёки қисмат хабарини талаб қилса, ёки сафаридан фол орқали қайтса, асло олий даражаларга эриша олмайди», дедилар». 

Тобароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадиснинг арабча матнидаги сўзларнинг маъносини тўлиқроқ чиқариш учун уларга бир оз изоҳ беришга тўғри келади. Биз «қисмат хабарини талаб қилса» деб таржима қилган «истақсама» сўзи фол очишнинг бир турини билдиради. Бундай турдаги фол очувчилар жоҳилият даврида бутларнинг олдида яшашар эди. Уларнинг ўзига хос ҳаёт тарзи бўлиб, фолни ҳам бут ҳузурида очишарди. Биров бориб, фол очтириш учун пул ёки унинг ўрнини босадиган бирор нарса берса, фолбин камон ўқи солинган идишни олиб чиқиб, фол очдирувчига ўқлардан бирини тортишни буюрган. Агар: «Роббим менга амр қилди» деган ёзувли ўқ чиқса, кўзланган ишни қилиш мумкин бўлган. «Роббим мени қайтарди» деган ёзувли ўқ чиқса, ўша ишни қилишмаган. Ёзувсиз ўқ чиқса, қайтадан фол очишган.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу айтганлар: «Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир».

Демак, ҳамма ҳолатда ҳам фол орқали иш кўрганларнинг иши кўзланган даражага ета олмаслиги таъкидланмоқда. Маълумки, шариатнинг бирорта ҳукми беҳикмат эмас. Мен ушбу ҳадис ажойиб ҳикматли ҳукмга шомил деб ўйлайман. Уни бирор мақсадга ношаръий йўллар билан эришмоқчи бўлган кишини ўша мақсадга ета олмайдиган қилиб жазолаш қоидаси, деб тушунаман. Ислом шариатида шундай қоида бор. Мисол учун, бир меросхўр меросга тезроқ етиш мақсадида мерос қолдирувчининг ўлимига сабаб бўлса, у меросдан маҳрум қилинади. Агар у сабр қилиб кутиб турганида, меросдан ўз улушини олар эди. Аммо бундай қилмади, тезроқ мол-мулкка эга бўлиш мақсадида ўзига мерос қолдирувчи шахснинг ўлимига сабаб бўлди. Шунинг учун унга қарши кўриладиган жазо чораларидан бири – уни айнан мана шу меросдан маҳрум қилишдир.

Фолбинга мурожаат қилувчилар ҳам бирор яхшироқ нарсага эришиш ёки ёмонликнинг олдини олиш, ундан қайтариш мақсадида бўлишади. Лекин бу ношаръий, ҳаром йўлдир. Шунинг учун ҳам бундай кишилар мақсадларига ета олмаслик, олий даражаларга эриша олмаслик билан жазоланади. Шариат бўйича бирор ишни қилмоқчи бўлган одам аввало яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг азм қилса, Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлаши керак. Агар бирор ишни қилиш-қилмасликдан бирини танлай олмай тараддудда бўлса, маслаҳатлардан сўнг ҳам азму қарорга кела олмаса, истихора қилади. «Истихора» уйқуга ётишдан олдин таҳорат олиб, ният қилиб ўқиладиган икки ракъат намоздир. Намоз охирида истихора дуоси ўқилади. Ухлаганидан кейин тушида бирон-бир ишора аён бўлади ва шунга қараб иш қилади. Шу тариқа фолбин билан битиришга ҳаракат қилинадиган ишларнинг ҳаммасини истихора ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Шариатга мувофиқ иш олиб борган одам олий даражаларга эришади. Шариатга хилоф иш қилганлар эса икки дунёда ҳам бундай даражага эриша олишмайди.

Мана, фолбинлик ва мунажжимликнинг ҳукми, уларга тегишли хулосалар билан танишиб чиқдик. Ислом дини бўйича бу ҳақда кўрсатилган таълимотларни ҳам ўргандик. Энди эса уларга амал қилиш керак. Авваллари билмасдан бу ишларга қўл урганлар бўлса, тавба қилишсин. Бу ҳукмларни эшитмаган, билмаганлар бўлса, эшиттиришсин, билдиришсин. Токи шу йўл билан ҳамма бундай маънавий жиноятлардан қутулиш чораларини кўрсин.

“Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва 

ноанънавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Ҳонеъ бир шеригидан ривоят қилинади.Бир киши Абу Ҳозимдан сўрадиndash Кўзнинг шукри нимаndash Яхшиликни кўрганда эълон қилиш, ёмонликни кўрганда эса давоми...

2842 07:40 / 13.04.2019
Муҳаббатни ҳар ким ҳар хил таърифлайди. Кимдир уни қилдек нозик ҳис деб тасвирласа, бошқа биров уни узилмас арқондек мустаҳкам туйғу, деб тушунтиради. Уни яна давоми...

6814 11:45 / 23.03.2019
Қаънабийнинг Басрадаги бир ўғли айтади .Отам ичкилик ичиб, ёмонларга шерик бўлиб юрарди. Бир куни шерикларини чақириб, эшик олдида уларни кутиб ўтирди. Шу пайт давоми...

4220 07:00 / 10.01.2019
Андижонлик Сулаймон Баззоз ўғли Абдулҳамид қорининг мусҳафи. Амакиси Абдурраҳмон ҳожи ҳаждан олиб келган экан. У ҳозирда Андижон музейида сақланмоқда. Кичкинтой давоми...

1894 09:56 / 05.10.2019
Аудиолар

133217 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53561 14:35 / 11.08.2021