1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо (V)

16:02 / 15.10.2018 3401 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

V

Тўйдан кейин саодат тўла оилавий турмуш бошланди. Ҳамма нарса бир-бирига муносиб эди. Яшаш жойида эру хотиндан бошқа кишилар ҳам бор эди.

Хадийжа бинти Хувайлиднинг аввалги эрларидан бўлган Ҳинд исмли ўғиллари бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламми ўзларининг яхши муомалалари билан Ҳиндни ўзларига ром этдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам янги яшаш жойларига ўз чўрилари Умму Айманни бирга олиб келган эдилар. Бу чўрининг асл исми Барака Ҳабашийя эди. У янги жойда аввалгидан ҳам яхши истиқомат қила бошлади.

Бундан ташқари, Хадийжа онамизнинг Зайд ибн Ҳориса исмли ғуломлари ҳам бор эди. Зайд онаси билан Той қабиласидаги тоғалариникига зиёратга борганида устиларига араб қабилаларидан бири бостириб келиб, асир бўлган ва Маккага келтирилган эди. Маккада уни Ҳакийм ибн Ҳизом сотиб олиб, аммаси Хадийжа бинти Хувайлид хонимга совға қилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни ҳам жуда яхши қабул қилдилар.

Хадийжа бинти Хувайлид турмуш йўлдошларини ниҳоятда севар ва ҳурмат қилар эдилар. Бу севги ва ҳурмат кун сайин ортиб, мустаҳкамланиб борар эди. У киши эрларининг хотиржамлиги, роҳат-истироҳати учун зарур бўлган барча нарсаларни муҳайё қилишга тинимсиз ҳаракат қилар эдилар.

Бу фаросатли ва заковатли аёл келажакда улуғ ишлар қилиши кутилаётган эри учун ҳар нарсага тайёр эди. У эрининг хурсандчилиги йўлида ўзининг роҳат-фароғатидан, имтиёзларидан, молу мулки ва бор бисотидан кечишга, уларни эри учун сарфлашга ҳар лаҳзада шай эди.

Кунларнинг бирида эр-хотин кўнгил суҳбати қуриб ўтирар эдилар. Бирдан Хадийжа бинти Хувайлиднинг чўриси келиб:

«Хоним, Ҳалима бинти Абдуллоҳ ибн Ҳорис ас-Саъдия келди. У ҳузурларингизга кирмоқчи», деди.

Ҳалимаи Саъдиянинг исмларини эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари қувончга тўлди. Ўзларини эмизиб, катта қилган сут оналарини кўриш бахтига эришаётганларидан мамнун бўлдилар.

Хадийжа бинти Хувайлид эриларининг бу меҳмон аёл ҳақида доимо эҳтиром ва эъзоз билан гапириб юришларини яхши билар эдилар. Эрларининг эмизган оналарини пешвоз чиқиб, кутиб олдилар. Икки аёл ичкарига кираётганларида у зот:

«Онажон! Онажон!» деб пешвоз чиқдилар. Ридоларини тўшаб, устига Ҳалимаи Саъдияни ўтказдилар. У зот жуда ҳам масрур эдилар. Юзлари, кўзлари, бутун вужудларида қувонч балқиб турарди.

Кўришиб бўлгач, у зот Ҳалимаи Саъдиядан кўнгил сўрай бошлаган эдилар, аёлнинг юзи жиддийлашди. Ўз қабиласи Бани Саъднинг ерларида қурғоқчилик ҳукм сураётгани, ҳаёт кечириш қийин бўлиб қолгани ҳақида шикоят қилди. Камбағаллик ва ночорликдан нолиди.

Бу гаплар Хадийжа бинти Хувайлидга маълум бўлгач, у киши узоқ ўйлаб ўтирмай, меҳмонни хурсанд қилишга киришдилар. Унга қирқта қўй, сувчи туя ва ўз ерларига етиб олгунча етадиган нарсаларни тортиқ қилдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сахий ва хотамтой аёлларининг бу совғаларини сут оналарига мамнуният ила топширдилар.

Вақт ўтиши билан оиланинг ўзаро иноқлиги, ундаги бахт-саодат ҳам мустаҳкамланиб борар эди.

Хадийжа бинти Хувайлид ҳомиладор бўлганида ҳаммалари чексиз қувондилар. У зотнинг биринчи ўғиллари Қосим кўп ўтмай, нобуд бўлди.

Кейин яна ҳомила бўлди. Яна ўғил туғилди. Яна қувондилар. Унга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Аммо бу фарзанд ҳам узоқ яшамади.

Шундан кейин Хадийжа бинти Хувайлид қиз фарзанд кўрдилар. Эр-хотин кўзларининг қувончи бўлган бу жажжи меҳмонга Зайнаб деб исм қўйдилар.

Зайнаб бир ёшга тўлганида сингиллик бўлди. Бахтиёр ота-она иккинчи қизларига Руқайя исмини бердилар. Болалар оилага чексиз бахт, қувонч ва қут-барака олиб келдилар.

Кейинроқ учинчи қиз – Умму Кулсум туғилди.

Бу ажойиб оилага Аллоҳ таоло ниҳоят тўртинчи, кенжа қизни ато этди. Истарали бу қизчага ота-онаси Фотима деб исм қўйдилар.

Аллоҳ таолонинг фақат Ўзигагина маълум ҳикматларга кўра, уларнинг ўғил фарзандлари турмади. Аммо ўша пайтдаги жамиятда ўғил фарзанд алоҳида эътиборга сазовор эди. Шу боис бу заковатли хоним ўз эрининг кўнглини олиш учун барча чораларни кўриб, ўз жуфти ҳалоли Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг бу борадаги ўксинишларини ҳам бартараф қилмоқчи бўлди. Ўйлаб-ўйлаб, ўзининг энг афзал қули Зайддан яхшироқ совға бўлиши мумкин эмаслигига қаноат ҳосил қилди ва уни ўз турмуш ўртоғига ҳадя этди. Шу тариқа Зайд Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг қарамоғларига ўтди.

Зайднинг янги хожаси жуда яхши одам эди. Бошқа хўжайинларга мутлақо ўхшамас эди. Ҳатто Зайднинг отаси ва амакиси келиб, уни олиб кетмоқчи бўлганларида ҳам у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни ихтиёр этди.

Шунда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Зайдни қўлидан етаклаб, Байтуллоҳга олиб чиқдилар ва тўғри Каъбанинг олдига бориб, Исмоил ҳижрида турдилар-да:

«Гувоҳ бўлинглар! Зайд менинг ўғлимдир. Мен унга меросхўрман, у ҳам менга меросхўрдир», дедилар.

Зайднинг у зот ҳузурларида қанчалик эъзоз-икромга эга эканини кўрган отаси ва амакиси кўнгиллари таскин топиб, қайтиб кетдилар.

Шундан бошлаб, Зайд ибн Ҳориса Зайд ибн Муҳаммад, деб чақириладиган бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб Қурайшга мол-мулки билан эмас, ақл-заковати билан раҳбар бўлган эди. У Қурайшдек катта ва обрўли қабиланинг йўлбошчиси бўлса ҳам, ўзи камбағал яшар эди.

Абу Толибнинг камбағаллиги айниқса, Маккада қаҳатчилик бошланганида билиниб қолди. У машаққатга учраб, болаларини боқолмай ва оила тебратолмай қолди. Шунда унинг қариндошлари ёрдамга келдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа амакиларига Абу Толибнинг болаларидан баъзиларини бўлиб олишни таклиф қилдилар. Ақийлни Абу Толибнинг ўзига қолдириб, Жаъфарни Аббос, Алини у зотнинг ўзлари олдилар. Шундай қилиб, Али амакиваччаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг завжалари Хадийжа бинти Хувайлиднинг қарамоғларида ҳаёт кечира бошлади. Ўша вақтда Али эндигина олти ёшга етган эди.

Шу тариқа ўғилга муштоқ бу оила Зайд ва Али туфайли ўғилли бўлиб қолдилар.

“Ҳадис ва Ҳаёт” 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Қуръони Каримда исми зикр қилинган ягона аёлдир. Аллоҳ таоло дунё аёлларидан уни танлаб олди ва мартабасини улуғ қилди. Унинг исми ndash Марям бинт Имрон. Қуръони давоми...

3024 08:55 / 04.06.2021
.Ва батаҳқиқ, сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик, Аъроф сураси, 11оят дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога Ўзининг Холиқ сифатига мос ҳамду санолар бўлсин. давоми...

1987 16:24 / 21 январь
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтказган вақтларини диққат билан ўрганиб чиқсак, Онҳазрат алайҳиссаломнинг кўпроқ у давоми...

4262 12:50 / 26.12.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога ўша пайтда ўзларига хос шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар. Кўпинча у зот Оиша онамиз давоми...

3694 12:07 / 11.11.2018