1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Эр-хотиндан бирида айб бўлса...

05:00 / 14.02.2017 4720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Каъб ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Ғифорлик бир аёлга уйландилар. Унинг олдига кириб, кийимларини ечиб, тўшакка ўтирганларида, унинг биқинида оқлик кўриб қолдилар. Шунда дарҳол тўшакдан туриб, ёпинчиғингни ёпин, дедилар. Унга берган нарсадан ҳеч нарса олмадилар». 

Аҳмад, Байҳақий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ровий Каъб ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Каъб ибн Зайд ибн Қайс ал-Ансорий. Бу саҳоба Бадр ғазотида иштирок этдилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан никоҳ тўғрисидаги ҳадисни ривоят қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур аёлга уйланаётганларида унда пес касали борлигини билмаганлар. Шунинг учун бу касал борлигини кўрганларидан кейин дарҳол хотиннинг жавобини берганлар. Шундоқ ҳолларда хилвати саҳиҳа ёки жинсий яқинликдан кейин ажраш юзага келса, хотин киши тўлиқ маҳрни олади. Ундан олдин ажрашилса, ярим маҳрга ҳақдор бўлади.


 Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Қай бир эркак бир аёлга уйланса-ю, у (аёл)дан жиннилик, мараз, пес чиқса, унга қовушса, аёл тўлиқ маҳрга ҳақдордир. Уни эри беради, (аёлнинг) валийига жарима бўлур», деди». 

Молик ва Шофеъий ривоят қилишган.

Молик розияллоҳу анҳу: 

«Бу иш аёлнинг валийи отаси ёки ака-укаси, ёки бошқа ўша нарсани билиши мумкин бўлган киши билиб туриб, эрга берган бўлсагина бўлади. Аммо аёлнинг эрга берган валийи амакисининг ўғли, қабиланинг мавлоси каби ундан ўша нарсани билиши мумкин бўлмаган киши бўлса, у жарима тўламайди. Мазкур аёл ўзи олган маҳрини қайтариб беради. Унга хурсанд қиладиган миқдорда бир нарса берилади», деди».

Шарҳ: Бу ерда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу-дан ривоят қилинган матн ва Имом Моликнинг ўша матнга қилган изоҳи биргаликда келмоқда.

Демак, жиннилик, мараз ва пес каби касалликлар эр-хотиндан бирида бўлса, иккинчи томон никоҳни бузишга ҳақли бўлиб қолади. Чунки шерикдаги айб шу нарсани тақозо қиладиган даражадаги айбдир. 

Ана шундоқ айб аёлдан чиққанда, қовушишдан сўнг аёл тўлиқ маҳрга ҳақдор бўлар экан. Лекин унинг маҳри валийига жарима бўлиб тушар экан. Чунки у ўз муваллиясидаги айбни беркитиб эрга берган. Аёл қовушиш эвазига маҳрга ҳақдор бўлади. Эр алдангани учун маҳр беришдан озод бўлади. Валий алдагани учун жарима тўлайди. Агар бир томон иккинчи томондаги ажрашга лойиқ айб-ни билиб туриб никоҳга рози бўлса, никоҳдан кейин айб-ни ўртага қўйиб, ажрашга ҳақи қолмайди.

Имом Молик валийнинг мазкур ҳолда жарима тўлаши ҳақидаги ҳукмга кенгроқ қараган эканлар. У кишининг ижтиҳодларича, агар валий келиннинг отаси, ака-укаси ёки шунга ўхшаш аёлга яқин унинг айбдор эканлигини билмасдан иложи йўқ киши бўлса, маҳр унга жарима бўлиб тушади. Аммо яқин валий бўлмагани учун, узоқ валий аёлни эрга берган бўлса, одатда унинг узоқлиги мазкур айбларни билиш имконини бермайдиган бўлса, валий айбни қасддан яширмаган бўлади ва жарима тўламайди. Ундоқ пайтда ажралишганда аёл олган маҳрини қайтариб беради. Эркак хоҳласа, унинг кўнглини кўтариш учун маълум бир нарса бериши мумкин.

Мазкур ҳолатларда иш эркакнинг ихтиёрида бўлади. Хоҳласа, бирга яшайвериши ҳам мумкин. Лекин ажрашни ихтиёр қилса, маломат қилинмайди. Шунингдек, ажраганда маҳрни қайтариб олмаслиги ҳам унинг ихтиёрида. Лекин маҳрни қайтариб олса, маломат қилинмайди.


Саъид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Қайси бир эркак бир аёлга уйланса-ю, ўзида жиннилик ёки бошқа зарар бўлса, иш аёл ихтиёрига ташланади. Агар хоҳласа қолади, хоҳламаса ажрашади», деди».

Шарҳ: Бу ривоятда олдингининг тескариси баён қилинмоқда. Энди эр айбдор бўлиб қолган пайтдаги ҳукм тушунтирилмоқда. Никоҳдан кейин аёл эркакда жиннилик, мараз, пес каби айб борлигини аниқласа, шариат ҳукми бўйича унга ихтиёр берилади. Ўзи бирга яшаб кетишга рози бўлса, яшаб кетаверади. Агар ажрашишни хоҳласа, ажрашади. Агар ажрашиш қовушишдан олдин бўлса, ярим маҳрга ҳақли бўлади. Ажрашиш қовушишдан кейин содир бўлса, аёл тўлиқ маҳрга ҳақли бўлади. Бу ҳолда аёл эрида айб борлиги учун у билан яшаш истаги йўқлигини билдириб қозига арз қилади. Қози эса даъвони кўриб чиқиб ҳақ бўлса, ажраш ҳақида ҳукм чиқаради. Аёл киши бунинг учун маломат қилинмайди.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Ким бир аёлга уйланса-ю, унга қовушишга қодир бўла олмаса, унга бир йил муддат берилади. Қовуша олса олди, бўлмаса, оралари ажратилади», деди».

Шарҳ: Бу ҳолатда айб эрда бўлади. Жинсий ожизлиги учун хотинга жинсий яқинлик қила олмайди. Бундай ҳолатда унга шариат ҳукми бўйича бир йил муддат берилади. Чунки жинсий ожизлик нозик хасталикдир. Унга даво топиш ҳам осон эмас. Фақат вақт ўтиши билан хотиржамлик асосида бир натижага эришиш мумкин. Ҳар кимнинг мижози ҳар хил бўлади. Баъзи эркаклар жинсий маънода ёзда яхши қўзғолсалар, баъзилари қишда яхши қўзғоладилар. Бир йил муддат беришда эса, тўрт фаслнинг тамом ўтишигача им-кон берилган бўлади. Шундан сўнг ҳам жинсий ожизлик давом этаверса аёлга ажрим ҳаққи бери-лади. Жинсий қониқиш ҳаққи адо этилмаганидан кейин аёл мазкур ҳаққа эга бўлади.


Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан: 

«Муддат қачондан бошлаб берилади?» деб сўралди.
У киши:
«Султонга арз қилинган кундан бошлаб», деди.
Икковини Молик ривоят қилган ва:
«Аммо хотинига қовушиб, сўнгра ундан юз ўгирган одам учун муддат берилмайди ҳам, оралари ажратилмайди ҳам
», деган. 

Шарҳ: Жинсий ожиз киши учун бир йил муддат бериш, ҳукуматга бу масала арз қилинган кунидан бошлаб бўлар экан. Аммо эр бир марта бўлса ҳам жинсий алоқага яраган бўлса, ожиз ҳисобланмас экан. Шунга биноан, унга хотини билан ажрашиш ҳақида, маҳрни бериш ҳақида ва бошқа шунга ўхшаш ишларда мажбурловчи ҳукм қилинмайди. Хотин ажрашни хоҳласа, қозига арз қилиб хулуъ йўли билан ажрайди. Бу эса алоҳида ҳукмларга эга, алоҳида масала.

Айб туфайли эр-хотин орасини ажратиш масаласини атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса тариқасида қуйидагиларни айт-ганлар,

Айблар қовуша олиш ёки олмаслик жиҳатидан иккига бўлинади: 

1. Қовушишдан ман қиладиган айблар.

Бунга эркакдаги олати кесилганлик, жинсий ожизлик, бичилганлик, аёлдаги жинсий аъзосида без, ўсимта бўлиши каби омиллар киради.

2. Қовушишни ман қилмайдиган айблар. 

Бунга нафрат қиладиган ва юқадиган пес, мохов, сил ва жиннилик каби касаллар киради.

Умумий қилиб олганда эса, эр-хотинда ажрашишга сабаб бўладиган айблар учга бўлинади.

1. Эркакнинг жинсий ҳолатига хос айблар:

Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, ишламаслиги, бичилган бўлиши ёки қарилик ва бошқа беморликлар туфайли жинсий алоқага қодир бўлмаслик.

2. Аёлнинг жинсий ҳолатига оид айблар:

Фаржнинг йўли тўсиқ бўлиши, фаржда суяк ёки без бўлиб жинсий алоқага монелик қилиши, фаржда лаззатни ман қилувчи нарса бўлиши ёки ёмон ҳид чиқарадиган бўлиши ва бошқа шунга ўхшаш айблар.

3. Эркак ва аёллар учун муштарак бўлган айблар:

Жиннилик, пес, мохов, сийдик турмаслиги, хунасалик каби айблар шу жумлага киради.

Айбга биноан, ажратиш ҳақида фиқҳий мазҳаблар турли ҳолатларга қараб, турлича ҳукмлар чиқарганлар. Буни ҳар бир ҳолатга қараб алоҳида ўрганиб кейин охирги хулосага келинади.

Лекин айб туфайли ажратишга оид умумий шартлар бор:

1. Ажрашни талаб қилаётган томон никоҳ ақди тузилаётган пайтда айбдан бехабар бўлиши шарт. Агар ўша вақтда у айбни билса, ажраш ҳақидаги талаб ҳақига эга бўлмайди. Чунки айбни билиб туриб, никоҳга рози бўлиши айбга ҳам рози бўлиши аломатидир.

2. Ақди никоҳдан кейин ҳам айбга рози бўлмаган бўлиши шарт. Аввал айбни билмаган бўлса ҳам, ақди никоҳдан кейин айбни билиб туриб рози бўлса, ажрашни талаб қилиш ҳақидан маҳрум бўлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маҳмуд синглиси Фотима билан дўстларини зиёфат қилдираётган отасини кутишар эди. Меҳмонлар кетгач, ота уларнинг олдига кулиб кирган ҳолда Ассаламу алайкум ва давоми...

3398 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.Устоз қори давоми...

3670 05:00 / 06.03.2017
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган куни келиб тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб давоми...

3376 05:00 / 14.02.2017
ОТАОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ БАЪЗИ КЎРИНИШЛАРИ ЁҲУД МУШТИПАР ОНАНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИБу воқеани заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган эди. давоми...

4587 05:00 / 15.02.2017