1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жинлар ғайбни билмас

08:02 / 13.10.2018 2985 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазкур жинларнинг ҳақ калимани қандай эшитишлари ҳақида келгуси ҳадиси шарифда батафсил баён қилинади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир ансорий хабар берди: улар бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эканлар, бир юлдуз отилиб, ёруғлик тарқатибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Жоҳилият вақтида шунга ўхшаш отилган нарсага нима дер эдингиз?» дебдилар. Улар:

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир. Биз: «Бир улуғ одам туғилди ва бир улуғ одам ўлди», дер эдик», дейишибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У бировнинг ўлими учун ҳам, ҳаёти учун ҳам отилмайди. Лекин Аллоҳ таборака ва таоло бир ишни қазо қилса, Аршни кўтариб турувчилар тасбеҳ айтадилар. Сўнгра уларга яқиндаги осмон аҳли тасбеҳ айтади. То тасбеҳ ушбу дунё аҳлига етгунича шундай бўлади. Кейин Аршни кўтариб турувчиларга яқин турганлар Аршни кўтариб турувчилардан: «Роббингиз нима деди?» деб сўрашади. Шунда уларга нима деганининг хабари берилади. (Шундай қилиб,) осмонларнинг баъзи аҳллари баъзиларидан то хабар ушбу дунё осмонига етиб келгунича хабар сўрашади. Бас, жинлар ўғриликча хабарни олиб қочадилар ва ўз оғайниларига илқо қиладилар. Ана шунда ҳалиги нарса билан отиладилар. Улар ўз ҳолича келтирган нарса ҳақдир. Лекин улар қўшиб-чатишади», дебдилар».

Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам коҳинлар ҳақидаги жоҳилиятдан қолган бўлмағур эътиқодларни бошқача услуб билан муолажа қилмоқдалар. Қулай фурсат келганда саҳобаи киромларга ўзлари савол бературиб, уларни муноқашага фаол қатнаштирган ҳолда муолажа қилмоқдалар.

Саҳобалар бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эканлар, «бир юлдуз отилиб, ёруғлик тарқатибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Жоҳилият вақтида шунга ўхшаш отилган нарсага нима дер эдингиз?» дебдилар. Улар:

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир. Биз: «Бир улуғ одам туғилди ва бир улуғ одам ўлди», дер эдик», дейишибди».

Яъни, «Бу нарса ҳақидаги ҳақиқий илмни Аллоҳ таоло ва Унинг Расули бўлган Сиз биласиз. Аммо сўраганингиз учун айтамиз, биз юлдузнинг ажраб чиқиб, ёруғлик тарқатишини улуғ бир одам туғилгани учун, кейин сўнишини улуғ бир одам ўлгани учун, деб ўйлар эдик», дейишди. Ҳозир ҳам исломий таълимотлардан бехабарлар шундай ўйлайдилар. Исломий таълимотнинг бу ҳодисани қандай тушунтириши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги баёнларида келади:

«У бировнинг ўлими учун ҳам, ҳаёти учун ҳам отилмайди».

Демак, юлдуздан учқун отилиб чиқиши ҳақидаги жоҳилият эътиқоди асоссиздир.

«Лекин Аллоҳ таборака ва таоло бир ишни қазо қилса, Аршни кўтариб турувчилар тасбеҳ айтадилар».

Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан ер юзида бўлиши лозим бирор ишнинг ҳукмини қилганида, бундан қойил қолган Аршни кўтариб туришга вазифадор фаришталар Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтадилар.

«Сўнгра уларга яқиндаги осмон аҳли тасбеҳ айтади».

Аршни кўтариб турувчи фаришталар Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтганларини эшитиб, Аршга энг яқин осмонда вазифадор бўлиб турган фаришталар ҳам Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтишади. Уларни эшитиб, бир табақа пастдаги осмонда вазифадор бўлиб турган фаришталар ҳам Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтадилар. Бу иш силсила тарзида давом этади.

«То тасбеҳ ушбу дунё аҳлига етгунича шундай бўлади».

Ҳамма осмонлардагилар гап нимада эканини билмай, бир-бирининг тасбеҳини эшитиб, ўзлари ҳам тасбеҳ айтиб бўлганларидан

«Кейин Аршни кўтариб турувчиларга яқин турганлар Аршни кўтариб турувчилардан: «Роббингиз нима деди?» деб сўрашади».

Чунки Аллоҳ таолонинг нима деганини фақат уларгина эшитган бўлишади.

«Шунда уларга нима деганининг хабарини берадилар».

Яъни Аршни кўтариб турувчилар ўзларига яқин турган фаришталарга Аллоҳ таоло нима деганини айтиб берадилар.

«(Шундай қилиб,) осмонларнинг баъзи аҳллари баъзиларидан то хабар ушбу дунё осмонига етиб келгунича хабар сўрашади».

Бу дунё осмонига келгунича у хабарни фақат фаришталаргина эшитадилар. Бу дунё осмонига етганда эса баъзи жинлар ўғриликча хабар эшитишга уринадилар.

«Бас, жинлар ўғриликча хабарни олиб қочадилар ва ўз оғайниларига илқо қиладилар».

Яъни фолбинларга ўзлари ўғринча эшитиб олган узуқ-юлуқ сўзларни ўзларидан ёлғон қўшиб айтадилар.

«Ана шунда ҳалиги нарса билан отиладилар». Жинлар осмон хабарини ўғриликча эшитишга уринганларида, уларни юлдузлардан отилиб чиққан учқунлар қувлайди. Шунинг учун жинлар осмон хабарини яхши эшита олмайдилар. Фақат баъзи бир сўзларнигина эшитиб қолишлари мумкин.

«Улар ўз ҳолича келтирган нарса ҳақдир».

Жинлар эшитган нарсаларини ўзгартирмай, ўз ҳолида келтирсалар, ҳақ гап бўлар эди.

«Лекин улар қўшиб-чатишади», дедилар. Шунинг учун уларнинг ҳам, уларнинг оғайнилари бўлмиш фолбинларнинг ҳам гап-сўзларига мутлақо ишониб бўлмайди.

Ушбу ҳадиси шарифда келган жинларнинг осмон хабарларини ўғриликча эшитишлари ҳақидаги таълимот аслида Қуръони карим келтирган ҳақиқатдир.

Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб, малоикаларнинг (фаришталарнинг) ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширинча эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, яна осмон хабарига қулоқ осгани чиқишса, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ўз қавмларининг ҳузурига қайтиб: «Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолибди-ку?» – дейишади. Шунда баъзилари: «Дунёда улкан, оламшумул ўзгариш рўй берган бўлса керак», дейишади. Машриқу мағрибни кезиб, биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин дея аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтишган. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига “Жин” сурасини нозил қилди.

Қуйидаги оятларда Қуръони карим жинларнинг ғайб ишларни билмаслигини, фолбин-мунажжим, сеҳргарларнинг жинлар ёрдамида ғойибни (ғайбни) биламиз, деган даъволари ёлғон ва бўҳтондан иборатлигини баён қилади ва шу билан мусулмонларни турли хурофот ва ваҳималардан четлатади:

«Ва албатта, биз осмон(га етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик» (Жин сураси, 8-оят).

Яъни жинлар осмонга аввалгидек ғайб хабарларини ўғриликча эшитиш, кишилар тақдирини билиш учун кўтарилганларида тамоман бошқа ҳолатга дуч келганларини айтмоқдалар. Чунки жинлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлгунларича осмонга чиқиб, ўз ҳожатларини раво қилиб қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлагач, осмонни кучли фаришталар қўриқлашга ўтдилар ва жинларни турли жойлардан учқунлар билан қувиб, ҳайдадилар. Оятда жинларнинг ана шу ҳолатларига ишора қилинмоқда. Бу оятнинг иккинчи бир жиҳати шундаки, у жинлар бизнинг ер куррамиздан ташқарида ҳам ҳаёт кечириш хусусиятига эга эканига далилдир.

«Ва албатта, биз унда (осмонда) тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўлади. Ва албатта, биз ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ёки Робблари уларга рушдни ирода қилдими, билмасмиз» (Жин сураси, 9-10-оятлар).

Бу оятларда жинлар ғайбни, кишилар тақдирини билмасликларини ўзлари эътироф қилишмоқда. Бас, шундай экан, уларнинг оғайнилари ва малайлари бўлмиш фолбинлар ғайбни, тақдирни ва одамлардаги хасталикни қаердан билишсин! Шунинг учун ҳам уларга мутлақо ишонмаслик керак.

 “Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва 

ноанънавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудиялик аёл Рамазон ойида ҳар куни ифторликдан аввал фарзандларини жамлаб биргаликда шундай деб дуо қилишар экан.Эй Роббим, бизларга мулк этиб, олдида анҳори давоми...

4348 16:32 / 17.04.2021
Аллоҳ таоло сизни Ўзига қайтариш учун касал қилади. Агар Унга қайтсангиз, касалликни аритади. Ахир, энди унга ҳожат йўқкуСизни тавозели бўлишингиз учун бемор давоми...

4146 08:35 / 09.06.2019
Солиҳ ибн Абу Ахзор айтади .Айюбга .Менга насиҳат қилинг,, десам, .Кам гапир, деди.Айюб Сухтиёнийнинг тақвосиСалом айтади .Айюб Сухтиёний туни билан бедор бўлар, давоми...

2314 08:00 / 15.02.2021
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир,, дедилар,.Ибн Можа, Абу давоми...

2213 12:25 / 21.10.2019