1446 йил 17 жумадис сони | 2024 йил 19 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Манманлик

15:30 / 07.10.2018 3691 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Манманлик ижтимоий разолатлардан бири бўлиб, инсонлар орасига айрилиқ ва адоват солади. Уларнинг орасидан ҳамкорлик ва муҳаббатни кетказибгина қолмай, балки ахлоқий ислоҳимизни ҳам қийинлаштиради. Чунки манман киши ўз айбларини тан олмай, ўзини юқори санаб, қулоғи ўзи ҳақидаги мақтовдан бўлак нарсани эшитмай қолади. Ким манман бўлса, бировнинг насиҳатини эшитишдан бош тортади. Бу эса уни олимларнинг илмидан, аҳли фазл кишиларнинг фазлидан фойдаланишдан маҳрум қилади. Натижада ундай одам жаҳолат ботқоғига ботиб кетади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло манман кишиларни ўз пайғамбарларига юборган ҳидоятларини тинглашдан маҳрум қилган. Чунки манманлар манманлиги учун Аллоҳнинг ғазабига дучор бўладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Энди ер юзида ноҳақ мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзлари учун йўл тутмаётганларни, агар эгрилик йўлини кўрсалар, уни ўзлари учун йўл тутаётганларни тезда Ўз оятларимдан бураман» (Аъроф сураси, 146-оят).

Қуръон хабар берадики, манманлар пайғамбарлар чақириғига жавоб беришдан бош тортганларнинг энг осийларидирлар. Аллоҳ таоло пайғамбарлардан Солиҳ алайҳиссалом қавми ҳақида ҳикоя қилиб, шундай дейди:

«Унинг қавмидан мутакаббирлик қилган зодагонлар хўрланган кишиларга – ўзларидан иймон келтирганларига: «Солиҳни Роббидан расул қилиб юборилган деб билмоқдамисиз?!» дедилар. Улар: «Албатта, биз у ила юборилган нарсага иймон келтирувчилармиз», дедилар. Мутакаббирлик қилганлар: «Албатта, биз сиз иймон келтирганга кофирмиз», дедилар» (Аъроф сураси, 75-76-оятлар).

Од алайҳиссаломнинг қавмлари манманлик қилиб, Аллоҳнинг ҳидоятини эшитишдан бош тортганлари учун бу дунёю у дунёда аламли азобларга дучор бўлдилар:

«Од бўлса ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилдилар ва: «Биздан қувватлироқ ким бор?!» дедилар. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билмасмидилар?! Оятларимизни инкор этар эдилар. Бас, уларга дунё ҳаётининг шармандалик азобини тоттириш учун Биз устиларига машъум кунларда сарсар шамолини юбордик. Албатта, охират азоби шарманда қилувчироқдир ва уларга нусрат берилмас» (Фуссилат сураси, 15–16-оятлар).

Аллоҳ таоло манманларнинг охиратда аламли азобларга дучор бўлиши ҳақида хабар бериб айтади:

«Ёки мутакаббирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!» (Зумар сураси, 60-оят).

Ўйлаб кўрайлик-чи, манман киши нимаси билан фахрланади? Гўзаллиги биланми ёки қуввати биланми? Гўзаллик вақт ўтиши билан йўқолиши турган гап. Салгина касал бўлган одам қувватдан кетади. Кун ўтиши билан ҳар қандай одам хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам ёшлиги ўтиб, қарилик, заифлик тарафга яқинлашиб бораверади. Агар у мол-дунёси билан фахрланадиган бўлса, билиб қўйсинки, ўлим бой билан камбағални ажратмайди. Ҳар қандай инсон ўз мулкини бошқа бировга қолдириб кетади. Шунинг учун ҳам Қуръони карим манманликдан қайтаради. Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади:

«Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор баландликда тоғларга ета олмайсан!» (Исро сураси, 37-оят).

Бошқа бир оятда шундай дейилади:

«Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни севмас» (Луқмон сураси, 18-оят).

 Манманлик ҳақидаги хулоса қуйидагича: Аллоҳ манманликни ёмон кўради, чунки бу нарса жамиятга зарар етказувчи ёмон сифатлардан бўлиб, одамлар орасида нафрат ва ўзаро адоват уйғотади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаАллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига эришишга сабаб бўладиган амаллар кўп. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ .Мадорижус соликийн, китобларида қуйидаги давоми...

3085 11:00 / 21.01.2021
Муҳаммад Карим Абдужалил ўғлининг хотиралари Муҳаммад Карим Абдужалил 1957 йили Андижон вилоятидаги Булоқбоши қишлоғида туғилган. Бошланғич диний таълимни давоми...

1480 11:19 / 26 июнь
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазотидан қайтяптилар. Отларининг тизгини Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг қўлида. Узоқдан бир аёл кўринди. Булар давоми...

1505 14:06 / 18.01.2023
Фазилатли шайх, муҳаддис, муҳаққиқ, аллома Муҳаммад Аввома ўгитлариданИлм йўлида сафарга чиқадиган киши худди асаларига ўхшайди. У ҳам асалари каби ҳар бир гулдан давоми...

2265 16:00 / 07.02.2021