Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муҳтарам жамоат! Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, ота-она ҳақларини фарзандлар зиммасига юклаб, уларга доимо ҳурматда бўлишга буюради. Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилинади. Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзларию феълларини ҳеч малол олмасликка буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади:
وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا (سورة الإسراء 23).
яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт” (Исро сураси, 23‑оят).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амридан кейиноқ ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу ҳол ўз навбатида Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини билдиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олишга тарғиб қилганлар. Жумладан:
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ الأَعْمَالِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: "الصَّلاَةُ لِوَقْتِهَا"، قَالَ: قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: "بِرُّ الْوَالِدَيْنِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالْإِمَامُ مُسْلِمٌ).
яъни: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қайси бири афзал?”, – деб сўрадим. “Вақтида ўқилган намоз”, – дедилар. “Кейин нима?”, – дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ота-онага яхшилик қилган фарзанднинг умри зиёда ва ризқи мўл-кўл бўлиши ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُمَدَّ لَهُ فِى عُمْرِهِ وَيُزَادَ لَهُ فِى رِزْقِهِ فَلْيَبَرَّ وَالِدَيْهِ وَلْيَصِلْ رَحِمَهُ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ أحمدُ بْنُ حَنْبَلٍ فِي مُسْنَدِهِ).
яъни: “Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин”, – дедилар” (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).
Ота-онасига яхшилик қилган фарзандларга жаннат эшиклари очилиши ҳақида қуйидаги ҳадис келган:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ أَبَوَانِ، فَيُصْبِحُ وَهُوَ مُحْسِنٌ إِلَيْهِمَا إِلَّا فُتِحَ لَهُ بَابَانِ مِنَ الْجَنَّةِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالْإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ).
яъни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривоят қилганлар).
Аллоҳ таоло ўзининг розилиги ва ғазабини ота-онанинг розилиги ва ғазабига боғлаб қўйди:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: رَضَى الرَّبِّ فِي رِضَى الْوَالِدِ وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Раббнинг розилиги ота (она)нинг розилигида, Раббнинг ғазаби ота (она)нинг ғазабидадир” (Имом Термизий ривоят қилган).
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онадан етим қолган бўлсалар ҳам, эмизган оналарига нисбатан юксак ҳурмат намуналарини кўрсатганлар. Ибн Саъднинг “Табақот” китобида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизга уйланиб, Маккада яшаб турганларида ёнларига Ҳалимаи Саъдия келиб: “Қаҳатчилик туфайли ҳаёт кечириш жуда ҳам қийинлашиб кетди, қурғоқчиликдан ҳайвонлар қирилиб кетмоқда” – деб айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз билан маслаҳатлашиб унга қирқта қўй ва битта туя берадилар.
Ҳатто бир куни Ҳалимаи Саъдия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига келганида ўринларидан туриб:“Онажон!, онажон!”, – деб ҳурмат ва муҳаббат кўрсатганлари, ридоларини ерга солиб унга ўтқазганлари ҳам нақл қилинган. Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо Мадинадаги Бақиъ қабристонига дафн қилинган.
Муҳтарам ота-оналар фарзандлари камоли, уларнинг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сафарбар этишади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксиларини қалқон қилишади. Аммо айрим ёшларимиз ота-оналарига қўпол муомалада бўлиб, дилларини ранжитиб, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида ота-онасини шарманда қиладиган, кексайган чоғларида эъзозлаб парваришлаш ўрнига, қаровсиз ташлаб қўядиган ёки қариялар уйига жўнатадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туриши сир эмас. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "بِرُّوا آباَئَكُمْ تَبَرُّكُمْ اَبْنَائُكُمْ وَعِفُّوا تَعِفُّ نِسَاءُكَمْ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْحَاكِمُ)
яъни: “Ота (она)ларингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, шунда фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади. Иффатли бўлинглар, шунда аёлларингиз ҳам иффатли бўлишади” (Имом Ҳоким ривояти).
Доно халқимизда “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, “Ота рози – Худо рози” каби ажойиб ҳикматлар бор. Ҳар бир эркак ва аёл бу ҳикматлардан тўғри хулоса чиқариб, ўзини ўнглаши, хато қилган бўлса, дарров ота-оналаридан узр сўраб, уларнинг кўнглини топиш, дилларидан озорни кетказиш пайида бўлиши даркор!
قَالَ أَبُو مُوسَى الْأَشْعَرِيُّ رضي الله عنه شَهِدَ اِبْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا رَجُلاً يَماَنِيًّا يَطُوفُ بِالْبَيْتِ حَمَلَ أُمَّهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ يَقُولُ: إِنّي لَهَا بَعِيْرُهَا الْمُذَلَّلُ ... إِنْ أَذْعَرَتْ رِكَابُهَا لَمْ أُذْعِرْ ثُمَّ قَالَ: يَا ابْنَ عُمَرَ أَتَرَانِيْ جَزَيْتُهَا قَالَ: "لَا، وَلَا بِزَفْرَةٍ وَاحِدَةٍ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ).
яъни: Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир Яманлик киши ўз онасини елкасига кўтарган ҳолда Каъбатуллоҳни тавоф эттириб юрганини кўрдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни айтар эди:
Онаи зорим учун бўйнини эгган туяман,
Туя минган онам ҳорисада, мен ҳоримасман.
Бу байтни ўқир экан ҳалиги киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога қараб: “Эй Абдуллоҳ, мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?”, – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Йўқ! Бу хизматинг онангнинг сен туфайли битта оҳ тортганига ҳам тенг келмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Тобеинлардан бири Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳи ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй, онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг”, – дер экан.
Ота-она вафотларидан кейин ҳам фарзандлар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишлари лозим.
عَنْ أَبِيْ أُسَيْدِ السَاعِدِي رضي الله عنه قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذْ جَاءَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ: هَلْ بَقِيَ عَلَيَّ مِنْ بِرِّ أَبَوَيَّ شَيْءٌ أَبَرُّهُمَا بِهِ بَعْدَ مَوْتِهِمَا؟ قَالَ: "نَعَمْ، الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عَهْدِهِمَا مِنْ بَعْدِهِمَا، وَصِلَةُ الرَّحْمِ الَّتِي لاَ تُوْصَلُ إِلَّا بِهِمَا، وَإِكْرَامُ صَدِيْقِهِمَا" (رَوَاهُ الْإمَامُ أَبُو دَاوُدَ).
яъни: Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик. Буну Салама қабиласидан бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен учун ота-онам дунёдан ўтганидан кейин ҳам қиладиган яхшилик қолдими?”, – деб сўради. “Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, истиғфор айтиш, аҳдларини бажариш, ота-она орқали қариндош бўлганларга силаи раҳм қилиш ва дўстларини ҳурмат қилиш”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онанинг дўстлик алоқаларини сақлаш тўғрисида шундай деганларини ривоят қилади:
اِحْفَظْ وُدَّ أَبِيكَ، لَا تَقْطَعْهُ، فَيُطْفِىءَ اللهُ نُورَكَ (أَخْرَجَهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ).
яъни: “Отангнинг дўстлари билан алоқани сақла, уни узиб қўйма, акс ҳолда Аллоҳ нурингни ўчириб қўяди” (Имом Бухорий ривояти).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: “Ота-онага яхшилик қилиш гуноҳи кабиралар учун каффоратдир”, – деганлар.
Ота-онаси вафот этганларидан кейин ҳам яхшилик қилишни истаган фарзандлар ота-оналари номидан хайру садақа ва эҳсонлар қилсинлар. Қилган садақалари савобини ота-оналарига бағишласалар, манфаати уларга етади. Ота-онадан сўнг уларнинг қариндошларига, дўст ва дугоналарига яхшилик қилган фарзанд худди ота-онасига яхшилик қилган билан баробар бўлиб, умрига ҳам барака берилади.
Фарзанд ота-онанинг розилигини олиш учун қуйидаги амалларни бажариши тавсия этилади.
Ҳурматли жамоат! Мавъиза давомида имон асосларига тааллуқли бўлган масалаларни зикр қилиб ўтамиз.
Имон ва унинг рукнларини билиш ҳар бир мўмин-мусулмонга фарзи айн ҳисобланади. Шу сабабли имон ва унинг рукнлари ҳақида қисқача тўхталамиз. Имон мўтабар ақоид китобларимизда қуйидагича таърифланади ва унинг рукни иккита: “Имон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлишдир” (Биз амал қиладиган Мотуридия ақидавий мазҳабида шариат аҳкомларига амал қилиш имон таърифига киритилмаган бўлса ҳам, имон тақозо қилган нарсаларга амал қилиш вожиб бўлади).
Имон келтириш керак бўлган нарсалар кўп. Уларнинг энг асосийлари қуйидагилар:
آمَنْتُ بِاللهِ وَمَلاَئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى وَالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ
яъни: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтирдим.
Иншааллоҳ, келгуси жумаларда булардан бошқа, жаннат, дўзах, ҳисоб-китоб, амаллар тортиладиган тарозу, сирот кўприги ва бошқа ақоид китобларда келтирилган нарсаларга имон келтириш ҳақида суҳбатлашамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни имон ва исломда собитқадам қилсин, бизни тарбия қилган марҳум ота-оналаримизни раҳматига олсин, ҳаёт бўлсалар умрларига барака берсин! Омин!