Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (1-дарс) Фиқҳ ва фақиҳлар

10:37 / 17.08.2018 14106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади.

Шариат истилоҳида эса: «Шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга фиқҳ дейилади».

Ушбу таърифдаги «шаръий далил»дан асосан Қуръони Карим ва Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунамиз.

«Фаръий ҳукмлар» эса аслийнинг тескарисидир, яъни шохобча, кичик аҳамиятли, десак ҳам бўлади. Шариатда эса ибодатлар ва муомалотни ўз ичига олувчи ҳукмлардир.

Фиқҳнинг маъносига Қуръони Каримнинг Тавба сурасидаги қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилади:

«Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динда фақиҳ бўлиб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар» (122-оят).

Бу оят диний илмларни чуқур эгаллаган уламоларни кераклигича тайёрлашга Ислом жамияти алоҳида эътибор бериши лозимлигини кўрсатади. Шу билан бирга, уламоларнинг жамиятдаги ўринлари ва масъулиятлари юксак эканини ҳам таъкидлайди.

Шунингдек, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида динда фақиҳ бўлишни юқори баҳолаганлар.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби, фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаган эди.

Дастлаб Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асосан ақийдага тааллуқли оятлар нозил бўлди. Кейинроқ, айниқса Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилингандан сўнг ҳукмга тегишли оятлар ҳам нозил бўла бошлади. Уларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали унча кўпаймаган мусулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар. У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳеч қийналмай англашар ва уларга амал қилишар эди. Мабодо баъзи тушунмовчиликлар бўлса, дарров Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраб олишар эди. Ўша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётларидаги асосий ишлари ҳам шундан иборат эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб Қуръони Карим оятлари нозил бўлиши ўз ниҳоясига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг кўплари ҳукмларга тегишли эди.

Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида нозил бўлиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларига татбиқ қилиш вазифаси турар эди.

Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаръий масалаларни сўрай бошлашди.

Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобаларга тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳони мисол қилиб келтирадилар.

Шунингдек, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.

Жумладан, Яманга Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у киши ўртасида қуйидаги ривоятда зикри келган суҳбат бўлиб ўтди.

عَنْ أُنَاسٍ مِنْ أَهْلِ حِمْصَ مِنْ أَصْحَابِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَمَّا أَرَادَ أَنْ يَبْعَثَ مُعَاذًا إِلَى الْيَمَنِ قَالَ: «كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ؟» قَالَ: أَقْضِي بِكِتَابِ اللهِ، قَالَ: «فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللهِ؟» قَالَ: فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَلَا فِي كِتَابِ اللهِ؟» قَالَ: أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلَا آلُو، فَضَرَبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ صَدْرَهُ وَقَالَ: «الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Муъоз ибн Жабалнинг Ҳимс аҳлидан бўлган соҳибларидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъозни Яманга юборишни ирода қилганларида: 

«Сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» дедилар.

«Аллоҳнинг Китоби ила», деди.

«Аллоҳнинг Китобидан топмасанг-чи?» дедилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ила», деди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам, Аллоҳнинг Китобидан ҳам топмасанг-чи?» дедилар.

«Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига урдилар ва: «Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳнинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари ҳамда бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.

Ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Бир тарафдан, тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак.

Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади. Кейинчалик, шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.

Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади.

Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, имом Молик илмда, айниқса фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар.

Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: «Яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манави иш (яъни халифалик) билан машғул бўлиб қолдим. Сен одамларга диний ишларни енгиллаштириб берсанг», деди.

Имом Молик рози бўлдилар ва «Муваттоъ» китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида «Муваттоъ» китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва имоми Моликка:

«Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман», деди.

Имом Молик:

«Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди», дедилар.

Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар.

Аста-секин Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.

Биринчиси: Қуръони Карим. Яъни фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.

Иккинчиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Агар фақиҳ бирор масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб, ҳукмини баён қилади.

Учинчиси: Ижмоъ – бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларининг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.

Тўртинчиси: Қиёс. Яъни аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш мазкур манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.

Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар.

Фақиҳларимиз суянадиган масдарлардан яна урф, масолиҳул мурсала, шаръу ман қаблана шаръун лана каби баъзи манбалар ҳам бор. Улар мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан, фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган.

Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар «фиқҳий мазҳаб соҳиблари» деб тан олинган.

Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан «расмий фиқҳий мазҳаблар» деб тан олинган.

Булар қуйидаги мазҳаблар:

1. Ҳанафий мазҳаби.

Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Ўрта Осиё ва бошқа юртларда кенг тарқалган.

2. Шофеъий мазҳаби.

Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва Африканинг баъзи давлатларида тарқалган.

3. Моликий мазҳаби.

Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва Африканинг бошқа давлатларида тарқалган.

4. Ҳанбалий мазҳаби.

Арабистон яриморолида тарқалган.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.Жобир давоми...

5178 05:00 / 19.01.2017
Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх бўлиши мумкин эмаслигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар.Имом Шофеъий, у кишининг асҳоблари, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва давоми...

3840 17:23 / 22.12.2017
. . . . . . Нифос болатуғилгандан кейин келадиган қондир. Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун. У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф давоми...

2799 13:00 / 18.02.2021
Уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоблариБисмиллаҳирроҳманирроҳимКиришБандаларининг ҳожатларини енгиллаштирган, уларга ўз ҳаёт тарзларини давоми...

4770 05:00 / 04.03.2017