1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расулуллоҳнинг ﷺ файзли уйлари

07:03 / 03.09.2018 7275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари ила, саҳобалар билан бирга туя чўккан жойда масжидларини бино этиб, муборак уйларини қура бошладилар. Оналаримиз ер юзидаги энг улуғ зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билишарди. Уларнинг уйларида инсониятга қиёматгача икки дунё саодатини кўрсатиб берувчи илоҳий дастур-Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлиб турар эди. Улар яшаб турган уй оддий уй эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турадиган файзли уй эди. Аллоҳ таало айтади:

 “Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматини эсланг” (Аҳзоб сураси 34-оят.)

 Оналаримиз учун қурилган биринчи уй Оиша розияллоҳу анҳонинг уйлари эди. У кичик бўлишига қарамай Аллоҳ таалонинг қиёматгача мўъжизаси бўлиб қоладиган самовий китоби - Қуръони Каримнинг кўп оятлари тушадиган муқаддас маконга айланди. Шу кичик уйда Пайғамбар соллоллоҳу васалламнинг сон-саноқсиз ҳадиси шарифлари ворид бўлди. Шу кичик уй кўплаб саҳобаларни Ислом таълимотидан баҳраманд этди. Бу уй масжиднинг шарқий томонида бўлиб, эшиги “Равза” томонига қараб очилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф турганларида Оиша розияллоҳу анҳо турган уйга бошларини узатиб ювдирар эдилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлганларида ҳам шу уйни танладилар. Оиша розияллоҳу анҳо “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ва бағримда оламдан ўтганлар”, деб айтар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан ўтганларида саҳобалар ҳайратга тушиб қолдиар. Умар розияллоҳу анҳу эшик олдида туриб, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оламдан ўтди деса, уни жазолайман деб турганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйга кириб, ўз кийимларида ётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, юзларини очиб, пешоналаридан ўпиб, ота-онам сизга фидо бўлсин эй Аллоҳнинг расули ўлим сизга ҳам ёзилган экан деб чиқдилар ва эшик олдида туриб “ким Муҳаммадга ибодат қилиб келган бўлса, Муҳаммад оламдан ўтдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилиб келаётган бўлса, Аллоҳ тирик ўлмайди”, дедилар. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар. 

“ Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизни (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етқаза олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлайди”. ( Оли Имрон 144-оят. )

Умар розияллоҳу анҳу оятни эшитгач, буни эшитмаган эканман дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн этиш масаласи бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар бир пайғамбар ўз уйида дафн этилиши ҳадисни эшитганларини айтдилар ва уйларида дафн этишга келишдилар. Оиша розияллоҳу анҳо ўша уйда яшай бошладилар ва орада бирор тўсиқ йўқ эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу оламдан ўтганларида истакларига мувофиқ бошлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкалари баробарига қўйилди. Ораларида бирор тўсиқ қўйилмай Оиша розияллоҳу анҳо “Бу киши менинг эрим ва булари менинг отам” дер эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўлим ёқасида ётганларида икки соҳиблари олдида дафн этилишларини ўғиллари Абдуллоҳ орқали изн сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳонинг изнлари билан Умар розияллоҳу анҳу оламдан ўтганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг елкалари баробарида дафн этилдилар. Шундан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо қабр орасига тўсиқ қўйдилар. Уламоларни айтишларича ўша муборак уйда яна бир бўш жой бўлиб, унда Исо алайҳис салом дафн этилар эканлар. Имом Термизий сунанларида Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан: “Тавротда Исо алайҳиссалом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам билан дафн этилишлари ёзилган”, деб айтадилар.

У нақадар файзли ва шарафли уй эканки, ўз бағрида улуғ зот бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларни олган экан. Муъмин-мусулмонлар Мадинаи Мунавварадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу васалламнинг муборак масжидларини зиёрат этар эканлар, улар учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бериш бахт ва саодатдир. Ҳадиси шарифда у зот: “Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан”, деганлар.

 

 Жобир Элов  тайёрлади

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
183. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. давоми...

4343 15:40 / 17.05.2019
402. Абу Марсад Ғанавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қабрларнинг устига ўтирманглар. Уларга қараб намоз ўқиманглар,, давоми...

385 19:00 / 13 апрель
364. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда бўйрадан капа тутдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3080 13:00 / 22.05.2020
104. Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга .Тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда,, деб одам юборди. У зот давоми...

2569 11:00 / 05.01.2019