1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намозда алангламаслик ҳақида (21-тавсия)

17:04 / 08.01.2017 5498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозда алангламаслик ҳақида (21-тавсия)

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болам, намозда у ёқ-бу ёққа аланглашдан сақлангин, чунки намозда аланглаш ҳалокатдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 

Изоҳ: «Намозда аланглаш ҳалокатдир», чунки унда шайтонга итоат қилиш бор. Бу эса банданинг ҳалокатига сабаб бўлади.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳақида сўрадим. «У – шайтон банданинг намозидан уриб қолишидир», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир одам – намозидан – турганда унга унинг (савобини) ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади».

Абу Довуд ривоят қилган.

 

Изоҳ: Намоздаги аланглаш икки хил бўлади: қалб билан аланглаш, тана билан аланглаш. Қалбнинг аланглаши намоздаги хушуъ-хузуъни кетказади, юқоридаги ҳадисда келганидек, намознинг ажрини камайтиради. Тана билан аланглаш ҳам икки хил бўлади. Биринчиси: намозхон бутун танаси билан қибладан бурилса, намози бузилади. Иккинчиси: бўйнини буриб, у ёқ-бу ёққа қараса, шайтоннинг унинг намозидан уриб қолишига сабаб бўлади. 

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Банда намозга турса – менимча, шундай деганлар – у Раҳмон таборака ва таолонинг ҳузурида туради. Агар у алангласа, Аллоҳ таборака ва таоло: «Кимга қараяпсан? Мендан ҳам яхшироқ зотгами? Эй одам боласи! Менга юзлан, Мен сен юзланадиган зотларнинг энг яхшисиман», дейди».

Баззор ривоят қилган.

 

Изоҳ: Бу ҳадисдаги аланглаш қалбнинг Аллоҳдан бошқа билан банд бўлишидир.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Намозда у ёқ-бу ёққа аланглашдан сақланиш керак.

2. Намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳалокатдир, чунки унда шайтонга итоат қилиш бор.

3. Банда намозда у ёқ-бу ёққа алангласа, шайтон унинг намозидан уриб қолади.

5. Банда намозда у ёқ-бу ёққа алангласа, унга бериладиган савобининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири, ҳатто ярми ёзилар экан.

4. Банда намозда экан, Аллоҳнинг ҳузурида туради. Шунинг учун бор вужуди билан Аллоҳга юзланиши керак.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишни қазо қилса, унинг учун ўша ерга бир давоми...

4595 13:08 / 28.10.2020
. . Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Намоз икки ракъат, икки ракъатдир. Ҳар икки давоми...

1284 19:00 / 12 июнь
Энди ушбу сатрлар ёзилаётган тилда сўзлашувчи халқлар юрти ndash Мовароуннаҳрдаги ҳадис илми тарихи, муҳаддислар ҳақида қисқача сўз юритиб ўтайлик. Бу борада аввал давоми...

6978 21:00 / 13.03.2019
. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммомларга киришдан қайтардилар. Сўнгра эркакларга изор билан давоми...

1919 19:00 / 09.08.2023