1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

«Лаа илаҳа иллаллоҳ»нинг фазли (1-тавсия)

16:59 / 08.04.2016 14771 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ
ВАСАЛЛАМНИНГ ВАСИЯТЛАРИ

 

«Лаа илаҳа иллаллоҳ»нинг фазли (1-тавсия)

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни қалбидан [ёки вужудидан] ихлос билан айтган кишидир», дедилар».

   Бухорий ривоят қилган.

   Шарҳ: Саҳобалар ичида энг кўп ҳадис ривоят қилган зот Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудир. Бунга асосий сабаблардан бири у кишини ҳадисга бўлган кучли иштиёқлари, имкон қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажралмасдан доим бирга бўлишларидир.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан ҳадисларни жон қулоғи билан тинглар ва ёдлаб олар эдилар. Кўпинча саволлар ҳам берар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ана шундай саволларидан бирида:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?» яъни, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг кўп насибадор бўладиган ким, деб сўраган эканлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман» дебдилар.

Бу эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун буюк шаҳодатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фалон саволни Абу Ҳурайрадан бошқа одам бермаса керак, деб юришларига сазовор бўлиш катта гап. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз гапларини давом этдириб:

«Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни қалбидан [ёки вужудидан] ихлос билан айтган кишидир», дедилар.

Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. Ихлос Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш.

Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтиш қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.

Аввало, чин қалбдан ихлос билан айтиш шартлигию ихлос билан айтиш амалсиз бўлмаслигини унутмаслигимиз лозим.

Иккинчидан, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейишдан мақсад, фақат шу иборани айтишдангина иборат эмас, Аҳли сунна ва жамоа қабул қилганидек, калимаи тавҳидни айтиб, унинг тақозоси бўйича иш тутишдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қиёмат, шафоат каби нарсалар ҳақида савол бериш мумкинлиги.

2. Қиёматда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари умматларининг ихлос ва қилган амалларига қараб бўлиши.

3. «Лаа илааҳа иллаллоҳ»нинг фазли улуғлиги.

4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг аҳли фазл эгаларидан эканликлари.

5. Бировнинг фазли ҳақида ўзига хабар бериш мумкинлиги.

6. Ҳадисга ҳарис бўлиш – ниҳоятда қизиқишнинг яхшилиги.

7. Ихлос билан иш тутиш зарурлиги.

 

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир. Ийсо Аллоҳнинг бандаси, расули ва Марямга илқо қилган «калима»си ҳамда Ўзидан бўлган руҳдир. Жаннат ҳақ, дўзах ҳам ҳақ», деб гувоҳлик берса, қилган амалининг нималигига қараб, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

   Валид айтади: «Ибн Жобир бизга Умайрдан ривоят қилиб, сўзлаб бердики, Жунода «Жаннатнинг саккиз эшигидан қайси бирини хоҳласа»ни қўшимча қилган экан».

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар.

    Шарҳ: Ушбу ҳадисларда қуйидаги нарсаларга иймон келтиришнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда:

1. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор илоҳий маъбуд йўқлигига;

2. Аллоҳнинг ёлғиз эканлигига;

3. Аллоҳнинг шериги йўқлигига;

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканлигига;

5. Ийсо алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканлигига;

6. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг Марям онамизга ташланган калимаси эканлигига, яъни «Бўл!» деганида отасиз дунёга келганлигига;

7. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан бўлган руҳ эканлигига;

8. Жаннат ҳақ эканлигига;

9. Дўзах ҳақ эканлигига иймон келтириш;

10. Аллоҳ ва Расулиган иймон келтирган одамга дўзах харом қилиниши.

   Ҳадисда ушбу нарсаларга шоҳидлик берган одамни, нима амал қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло жаннатга киритиши таъкидланмоқда.

   Маълумки, Ислом дийни янги келган пайтда дунё ширк ботқоғига ботиб қолган, одамлар Аллоҳ таолога ширк келтирар эдилар. Ҳатто туясини қумга соғиб, лой қилиб, ўзига «худо» ясаб оладиганлар ҳам бор эди.

   Ана шундай ҳолатда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тавҳид дийни ила юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн уч йил давомида қилган ишлари кишиларни «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»га чақириш бўлди. Ўша даврда нозил бўлган ояти карималарнинг маъноси ҳам шу эди. Айтилган ҳадиси шарифларнинг маъноси ҳам шу эди. Дарҳақиқат, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтганлар комил мўмин бўлганлар. Чунки дастлабки пайтларда Исломнинг арконлари, ибодатлари ҳали жорий қилинмаган эди. Табиийки, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берганлар вафот этсалар, албатта жаннатий бўлганлар. Чунки улар ўша даврда жорий бўлиб турган Аллоҳнинг амри­ни тўлиқ адо этиб туриб, вафот этганлар.

   Кейинчалик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг бирин-кетин бошқа рукнлар, дийн аҳкомлари жорий қилина бошлади. Энди мусулмонлар шаҳодат калимасини айтиш билан кифояланиб қолмасдан, ана шу рукнларни, аҳкомларни ҳам адо этишлари лозим бўлди. Энди «Шаҳодат калимасини айтган одам жаннатга тушади» деган гап билан кифояланилмайдиган бўлди. Бундан буён «Шаҳодат калимасини айтган, намоз ўқиб, рўза тутган, закот бериб, ҳажга борган одам жаннатга киради», дейиладиган бўлди. «Шаҳодат калимасини тасдиқ қилмаган киши дўзахга тушади», де­йиш билан бирга, «намоз ўқимаган, рўза тутмаган, имкони бўла туриб, закот бермаган, ҳажга бормаган киши ҳам дўзахга тушади», дейила бошланди.

   «Шаҳодат калимасини айтса бўлди, бошқа нарсаларнинг кераги йўқ», деганларнинг бу гапида заррача ҳам мантиқ йўқ. Агар шаҳодат калимасини айтиш етарли бўлса, Аллоҳ таоло нима учун бошқа рукн ва аҳкомларни фарз қилди? Ўша мантиқсиз шахслар ўзларининг мантиқсиз гаплари билан гуноҳи азимга журъат қилган бўладилар.

   Демак, «Аллоҳ таоло ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берган одамни, у нима амал қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади», дейиш Исломнинг дастлабки, иймондан бошқа рукн ва аҳкомлари жорий қилинмаган даврига хосдир. Кейинги даврда қайси рукн жорий қилинган бўлса, у ҳам қўшилиб кетаверган. Шунинг учун намоз фарз қилинган даврдаги ҳадисларга қарасак, уларда «Намозни вақтида адо қилган одам жаннатга тушади», дейилган. Рўза фарз қилинган вақтдаги ҳадисларда рўзани тутган одам, закот фарз бўлган давр­даги ҳадисларда закот берган одам, ҳаж фарз бўлган даврдаги ҳадисларда ҳаж қилган одам жаннатга тушади, дейилган. Ҳаммаси мукаммал бўлгандан кейин айтилган ҳадисларда эса мазкур рукн­ларнинг ҳаммаси қўшиб айтилгани ҳам бор.

Ислом дийни таълимотлари бир соат, бир кун ёки бир йилда жорий қилингани йўқ. Балки, йигирма уч йил давомида, аста-секин жорий қилинди. Иймон масаласи мураккаб масала бўлганидан, мазкур йигирма уч йилнинг катта қисми – ўн уч йили иймонни мустаҳкамлашга қаратилди. Қолган ўн йилда бошқа рукн ва аҳкомлар аста-секин, бирин-кетин жорий қилинди. Ушбу ҳақиқатни тўғри англаб етиш юқоридагиларга ўхшаш масалаларни тушунишга ёрдам беради. Бошқа вазиятда айтилган бир ҳадисни ушлаб олиб, Исломнинг бир рукни, яъни иймон рукнидан бошқа ҳамма рукн ва аҳкомларини бекорга чиқариб юборишга ҳеч ким ҳақли эмас.

 

Ҳадис ва Ҳаёт китоби асосида Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган давоми...

2679 19:00 / 01.09.2022
Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардандир. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ давоми...

4579 13:08 / 26.08.2020
. . Абу Кабша алАнморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу давоми...

3554 17:00 / 25.08.2021
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

6189 15:08 / 05.12.2018